Махсус имкониятлар
 
Бош саҳифа / Янгиликлар / Андижон ёшлари ўз етакчиларини сайлашди
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Андижон ёшлари ўз етакчиларини сайлашди

Бугун вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумки, жорий йилнинг 30 июнида Тошкент шаҳрида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV Қурултойи ўтказилган эди. Унда мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев иштирок этиб, “Камолот” ЁИҲ фаолиятига атрофлича тўхталди ва Ҳаракатни тубдан ўзгартириш, уни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида мамлакатимиз ёшларининг янги ташкилоти – Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этиш бўйича ўзининг таклифларини билдирди.


Кенгаш йиғилишида вилоят ҳокими Шухратбек Абдураҳмонов Қурултойда белгилаб берилган вазифалар ижросини ташкил этиш бўйича иттифоқ ҳудудий кенгаши ва ёшлар масалалари бўйича ҳудудий идоралараро кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш хусусида тўхталди.


Бу борада давлатимиз раҳбарининг 5 июлда “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг ёшлар сиёсати масалалари хизмати ташкил этилди. Хизмат раҳбари этиб Президентнинг ёшлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси тайинланиши ҳам янгиланган тузилманинг нуфузи ва аҳамиятидан далолат беради. Ўз навбатида вилоятларда ҳам кенгаш раиси вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига тенглаштирилди.


Фармонда Ёш олимлар уюшмаси, Ногирон ёшлар билан ишлаш маркази ва ёшлар фаолиятини қўллаб-қувватловчи бошқа бир қатор марказлар ташкил этилиши, шаҳар ва туманларда, энг чекка қишлоқлардаги ёшларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида 4 йиллик дастурлар ишлаб чиқилиши, “Мард ўғлонлар” давлат мукофоти, “Келажак бунёдкори” медалининг таъсис этилиши ва бошқа имтиёзлар кўзда тутилган.

Ш.Абдураҳмонов вилоят ёшлари олдида турган долзарб вазифалар хусусида ҳам айтиб ўтди.

Йиғилишда Кенгаш аъзолари томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг раиси этиб Нодирбек Юсупов, унинг ўринбосари этиб Элёрбек Абдуқодиров сайланди.

Йиғилишда фаол ёшлар, “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Қодиржон Ризаев, фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ўктам Охунов ва бошқалар сўз олиб, ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши фаолиятига омадлар тиладилар.

Кенгаш йиғилишида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари Дилнозахон Каттахонова иштирок этди.



Киритилган вақти: 12/07/2017 09:26 Кўрилганлиги: 1455
 
Жами мурожаатлар: 1239 (100%)
Кўриб чиқилган: 1013 (82%)
Кўриб чиқилмоқда: 226 (18%)

Сайтга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
Ташриф:
Кўришлар:
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг