Махсус имкониятлар
 
Бош саҳифа / Янгиликлар / Ҳар кўнгилда байрам шукуҳи
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Ҳар кўнгилда байрам шукуҳи

“Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” шиори остида ташкил этилаётган байрам тадбирлари вилоятимизнинг ҳар бир шаҳру туманларида, маҳаллалар ва гузарларда ўзига хос тантана сифатида нишонланмоқда. Бу, жойларда ўтказилаётган байрам тадбирларида яққол акс этмоқда.


Избоскан тумани маданият ва истироҳат боғи бугун ҳар кунгидан гавжум бўлди. Тумандаги ҳар бир жамоа, ташкилот ва муассаса умумхалқ байрамига катта тараддуд кўрди. Мактаблар, мактабгача таълим, ўрта махсус, касб ҳунар таълими муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, фольклор жамоалари, ҳунармандлар намойиш этган баҳорий таомлар кўргазмалари, қўл меҳнати намуналари, ёш спортчи ва санъаткорларнинг чиқишларида ўз ифодасини топди.












- Бу йилги Наврўз байрами шукуҳи ҳар сафаргидан ўзгача, - дейди меҳнат фахрийси Боқижон Сотводиев. – Ишонасизми, бугунги тадбирга ҳар бир жамоа қаттиқ тайёргарлик кўрди. Байрам арафасида фойдаланишга топширилган аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази биноси, хусусий тадбиркор Сардор Боқижонов томонидан ишга туширилган 20 иш ўрнига эга “Мароқанд-2” кафеси ва бошқа объектлар бунга мисол бўла олади.

Пахтаобод туманидаги байрам тадбирлари “Отуш” гуруҳиниг уйғурча яллалари билан бошланди. Умумтаълим мактаблари тайёрлаган саҳна кўринишлари, жажжи кичкинтойларнинг кўкламга аталган шеърларига уланиб кетди. “Келин саломлар”, “Қизларжонлар” клублари аъзоларининг чиқишлари, тумандаги барча корхона, ташкилот ва муассалар жамоаларининг баҳорий таомлар кўргазмалари меҳмонларда ажиб таассуротлар уйғотди.






-Йил бошидан буён туманимизда ўзгача кўтаринкилик, - гап бошлайди Юқори маҳалла фуқаролар йиғини раиси Одинахон Солиева. – Ҳукуматимиз эътибори туфайли пахтаободликлар турмушида янги саҳифа очилди, десам муболаға бўлмайди. “Обод қишлоқ” дастури боис ҳамма ҳаракатга келди. Ўзгаришлар кўчаларимиз, маҳаллаларимиз, хонадонларимизгача кириб борди.

Байрам тантаналарида республика Маънавият ва маърифат маркази тарғибот гуруҳи иштирок этди. Катта дошқозонларда қайнаётган сумалакни ковлаш асносида меҳмонлар ҳам эзгу ишларни ният қилдилар. Давра қуриб ўтирган ташкилот, муассаса, корхона, маҳалла вакилларининг шўх куй ва қўшиқлар остидаги гурунги ҳеч қандай ғуборга ўрин қолдирмади.

Андижон туманидаги Наврўз шодиёнасида китоб савдоси ташкил этилганлиги билан эътиборни тортди. “Шарқ зиёкори” масъулияти чекланган жамиятининг вилоят филиали уюштирган мазкур ярмарка кўпчиликни ўзига жалб қилди. Кун давомида 100 дан ортиқ адабиётларнинг сотилганлиги юртдошларимиз ўртасида китобхонликка алоҳида аҳамият берилаётгани инъикосидир. Маҳаллалараро ўтказилган “Ош танлови”да Найман МФЙ н тумавакили Баходиржон Муҳаммаджонов биринчи ўринни олди.

Турли мусобақаларда зафар қучган умидли спортчиларга туман ҳокимининг совғалари топширилди.

Ҳар бир ҳудудда “Палов сайли”, баҳорий таомлар кўргазмалари, спортчи ёшларнинг чиқишлари меҳмонлар ва юртдошларимиз томонидан олқишлар билан қарши олинди. Байрам тадбирлари туманлар баддий ҳаваскорлик жамоаларининг катта концерти билан янада файзиёб бўлди.

Халқона руҳга йўғрилган бу йилги Наврўз табиат билан уйғунлик касб этиб, қадриятларимиз намойишига айланди.




Киритилган вақти: 17/03/2018 16:48 Кўрилганлиги: 151
 
Жами мурожаатлар: 1257 (100%)
Кўриб чиқилган: 1013 (81%)
Кўриб чиқилмоқда: 244 (19%)

Сайтга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
Ташриф:
Кўришлар:
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг