Бош саҳифа / Савол-жавоблар
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Савол-жавоблар

Ушбу саҳифада баъзи саволлар ва уларга берилган жавоблар эълон қилинади

Савол: Болали оилаларга ва бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам даромади қанча миқдорда бўлган оилаларга тайинланади? 

Жавоб: Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромади жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.




Савол: Фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд, деб топилган оилалар бир вақтнинг ўзида нафақа ва моддий ёрдам олиши мумкинми? 

Жавоб: Фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд деб топилган оила нафақа ёки моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эга.




Савол: Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тўловлари миқдори ва муддатлари қандай? 

Жавоб: Болали оилаларга нафақа 6 ой муддатга тайинланади. Бунда бир нафар фарзанди бўлган оилага энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, икки нафар фарзанди бўлган оилага энг кам ойлик иш ҳақининг 80 фоизи, уч ва ундан ортиқ фарзанди бўлган оилага эса энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида маблағ тўланади.

Бола парвариши бўйича нафақа 12 ой муддатга тайинланади ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида тўланади (бола 2 ёшга тўлгунга қадар давом этиши мумкин).

Моддий ёрдам 6 ой муддатга энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравари миқдорида тўланади.




Савол: Агар оиланинг жами даромади миқдори ҳақидаги маълумотлар бўлмаса, уларнинг ўртача ойлик даромади қандай аниқланади? 

Жавоб: Агар оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромадлари тўғрисида тақдим этилган маълумотларда даромад суммаси кўрсатилмаган бўлса ёки энг кам ойлик иш ҳақининг 2,5 бараваридан кам сумма кўрсатилган бўлса, у ҳолда оиланинг ўртача ойлик жами даромадини ҳисоблаш учун даромадни нормативдан паст кўрсатган ёки даромади мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаган оила аъзоларининг ҳар бирига нафақа ёки моддий ёрдамга мурожаат қилинган ойда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 2,5 бараварига тенг бўлган норматив даромад миқдори қабул қилинади.




Савол: Маблағим ва танлаган жойим бор, аммо тадбиркорлик бўйича билимларим ҳали етарли эмас, деб ҳисоблайман. Бу борада қайси йўналишни танлаш, асбоб-ускуна олиш, талаб қилинаётган маҳсулотлар ва бизнес ҳақида кимдан маслаҳат олишни билмай турибман...

Жавоб: Ҳар бир туман ва шаҳарларда тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, давлат хизматларини кўрсатаётган органлар ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда мурожаат этувчиларга информацион ёрдам кўрсатувчи "Ягона дарча" марказлари фаолият олиб бормоқда.

Қолаверса, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароит яратиш ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришга кўмаклашиш мақсадида Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва туман (шаҳар)ларда Ахборот-маслаҳат марказлари фаолият юритмоқда.

Бу ерда Сиз товар ишлаб чиқариш турлари, хизматлар кўрсатиш, ускуналар олиб келиш, хориждан ҳамкорлар топиш, тижорат, молия маслаҳатлари олиш ҳамда корхона ташкил этиш шакллари борасида барча маълумотга эга бўлиб, бизнес-маслаҳатлар олишингиз мумкин.






Cавол: Агарда мол-мулк солиғини ўз вақтида тўламасам қонунда қандай жавобгарлик чоралари белгиланган?

Жавоб: Мол-мулк солиғи ўз вақтида тўланмаса, тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ундирилади. Бироқ, пеня ундирилиши солиқ тўловчини солиқ тўлаш мажбуриятидан озод этмайди. Шунингдек, муддатида тўланмаган солиқлар, солиқ органларининг даъво аризалари асосида суд тартибида мажбурий тарзда ундирилади. (Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 62 ва 120-моддалари)




Савол: Мен тадбиркорлик билан шуғулланмоқчиман, қандай имтиёзлар бор?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида 2012-2016 йилларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги ПҚ-1754-сонли қарорига асосан 
2012 йилнинг 2-чорагидан бошлаб, қишлоқ жойлардаги маҳаллалар ҳудудида маиший хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар (сартарошлик, тикувчилик, пойафзал маиший техника таъмирлаш бўйича усталар ва бошқалар) қатъий белгиланган солиқ тўлашдан 3 йил муддатга; қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилиши асосида барпо этилаётган массивларда ташкил қилинаётган корхоналар хизматларини кўрсатадиган якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқ тўловини тўлашдан 5 йил муддатга озод этилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 28 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчиликлари ва амалий санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3588-сонли Фармони билан ҳунармандчиликнинг асосий 25 та фаолият турлари рўйхати тасдиқланган. Мазкур фаолият тури билан шуғулланувчи ҳунарманд якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод этилган бўлиб, ушбу солиқ имтиёзининг амал қилиш муддати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги
ПФ-4399-сонли фармонига асосан 2014 йилнинг 1 январгача узайтирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сон “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони билан:

-2015 йилнинг 1 июлидан микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилиши;

-молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги;

-тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги текширувдан кейинги даврни қамраб олиши;

-қўзғатилган жиноий ишлар муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъект жалб этган адвокатлар иштирокида (хўжалик юритувчи субъект томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиш ҳолатлари бундан мустасно) амалга оширилиши;

 -Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) биринчи марта содир этган, жиноят аниқлангандан кейин 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа турдаги молиявий санкцияларни тўлаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилмаслиги ва у жавобгарликдан озод қилиниши.

- Солиқ кодексининг 390-моддасига асосан Гастроль-концерт фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун давлат божи тўловчи жисмоний шахслар мазкур фаолият тури бўйича қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод этилиши;

- Солиқ кодексининг 311-моддасига асосан ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари учун суғурта бадалининг миқдори унинг белгиланган миқдорининг камида 50 фоизини ташкил этиши белгиланган.




Cавол: Сайловларда овоз беришда неча ёшдан иштирок этиш мумкин?

Жавоб: Ўзбекистон республикаси Конституциясининг 117-моддасига асосан сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга.




Cавол: Ким депутатликка номзод бўлиши мумкин?

Жавоб: Қонунчилик палатасига сайланиш ҳуқуқига сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар эгадир. Сайлов куни йигирма бир ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайланиши ҳуқуқига эга.




Cавол: Сайловчилар рўйхатига киритиш учун нима асос бўлиб хизмат қилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 32-моддасига асосан сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида 18 ёшга тўладиган, тегишли сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.




Савол: Ўзбекистон республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги ваколатлари нималардан иборат?

Жавоб: Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини рўйобга чиқариш ҳамда фуқароларга тегишли кафолатларни таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва унинг маҳаллий органлари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги:

-меҳнат бозорини таҳлил этади ва истиқболини белгилайди ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш даражасини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади.

-аҳолини иш билан таъминлаш масалалари юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий меҳнат органларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;

-иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағларидан ишсиз шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, янги иш жойларини яратиш, иш билан банд бўлмаган аҳолини касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш учун фойдаланишнинг йўналишларини белгилайди;

-аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлайди;

-қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.









Савол: Имтиёзли шартлар (фоиз ставкаси, муддати) асосида кредит ажратиш масаласи қандай тартибда амалга оширилади?

Жавоб:Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 28-моддасига асосан банк операциялари бўйича фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдори банклар томонидан мустақил белгиланади.




Савол: Тўлов терминаллар қаерларда ўрнатилган бўлиши лозим?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010-йил 19-апрелдаги 
ПҚ-1325-сонли қарорига асосан аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширувчи қуйидаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тўлов терминали мажбурий ўрнатилиши лозим*:

• авиация ва темир йўллар патталарини сотиш кассалари;

• автовокзал ва автостанциялар кассалари;

• автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари;

•меҳмонхоналар;

• кредит ташкилотлари (микрокредит ташкилотлари, ломбардлар), суғурта ташкилотлари ва молия бозорининг бошқа субъектлари;

• турғун савдо шохобчалари, шу жумладан, дорихоналар (эгаллаб турган майдони ўлчамидан қатъи назар);

• умумий овқатланиш объектлари;

• уй-жой-коммунал, шунингдек телефон алоқа хизматлари, шу жумладан, уяли алоқа телефонлари хизматлари учун аҳолидан тўловларни қабул қилиш шохобчалари;

• автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари;

• алоқа бўлимлари;

• маиший хизмат кўрсатиш ҳамда маданий-оммавий ва томоша тадбирлари ўтказиладиган объектлар;

• аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширувчи бошқа хўжалик

юритувчи субъектлар.

*Назорат-касса машиналарини қўлламаган тарзда, қонунчиликка мувофиқ аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган объектларни истисно қилган ҳолда.




Савол: Менинг фирмамда, мен ҳам директор ҳам таъсисчи ҳисобланаман. Мен яна бир фирмани ўз номимга очиб унда ҳам директор бўла оламанми?

Жавоб: Амалдаги қонунчиликка кўра, жисмоний шахс бир вақтнинг ўзида бир неча фирмаларнинг таъсисчиси ва директори бўлиш ҳуқуқига эга.







Савол: Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш учун шартнома тузилишини эшитганман. Бундай шартнома ким томонидан тўлдирилиши керак?



Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 15 январдаги 1-сонли йиғилиш баёни ижросини таъминлаш мақсадида бир ой муддатда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ва келгусида ишга жойлашиши бўйича тўрт томонлама (коллеж-битирувчи-корхона-туман (шаҳар) ҳокими) шартномалар тузиш ишларини якунлаш режалаштирилган.

Коллежларда битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича штаб ташкил этилиб, коллеж ўқитувчи-педагогларининг ҳар бирига беш нафардан битирувчилар бириктирилди. Яъни, ўша вакил ўзига биркитилган битирувчиларнинг келгусида иш билан таъминланишини тасдиқловчи шартномани тайёрлаб, муассасанинг ўзида йиғиб боради. Коллеж битирувчисига корхона-ташкилотларга шартнома кўтариб боришига йўл қўйилмайди. 


Охирги ўзгариш: 22/12/2016 12:35 Кўрилганлиги: 2556
 
Жами мурожаатлар: 1220 (100%)
Кўриб чиқилган: 1013 (83%)
Кўриб чиқилмоқда: 207 (17%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни онлайн қилиш канчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
Укоротить ссылку
Ташриф:
Кўришлар:
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг