Сўнги 3 йил давомида Президент қарор ва фармонлари асосида Андижон вилояти соғлиқни сақлаш тизимида ташкилий тузилма ўзгарди. 60 дан ортиқ йўналишлар бўйича ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди. 3 та Республика ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказлари вилоят филиаллари ташкил этилди, тиббиёт муассасаларида 200 млрд. сўмдан ортиқ инвестиция ва маҳаллий маблағлар ҳисобидан таъмирлаш ишлари ўтказилди, халқаро лойиҳалар доирасида 20 млрд. сўмлик замонавий юқори технологик аппаратлар билан жиҳозланди. Тез тиббий ёрдам автопарки 200 га яқин махсус автотранспортлар ҳисобига янгиланди, дори воситалари таъминоти тубдан яхшиланди.
Қишлоқ врачлик пунктлари оилавий шифокорлар фаолият юритадиган оила шифокори пунктига, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари оилавий поликлиникаларга айлантирилди.
Вилоятда бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, қўшимча қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларни ташкил этиш Андижон шаҳридаги оилавий поликлиникаларни тузилмасини қайта кўриб чиқиш, қишлоқ жойларига битирувчи ва малакали врачларни жалб қилиш тизимини яратиш, кадрлар билим савиясини муттасил ошириб бориш, аҳолининг электрон тиббий ҳужжатларини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Охирги йилларда вилоят аҳолиси ўртасида кардиологик, эндокренологик, неврологик, отолорингологик касалликлар билан касалланишнинг ортиши, магистраль йўллар ҳудудларида автошикастланишларнинг кўпайиши кузатилмоқда.
Юқоридагиларни ҳисобга олиб, Жалақудуқ, Асака, Избоскан, Балиқчи, Шаҳрихон, Пахтаобод туманларида кардиология бўлимлари, Асака, Балиқчи, Қўрғонтепа, Пахтаобод туманларида эндокринология бўлимлари, Асака, Марҳамат, Қўрғонтепа, Андижон, Шаҳрихон, Пахтаобод туманларида неврология бўлимлари, Избоскан, Балиқчи, Шаҳрихон туманларида травматология бўлимлари ташкил қилинди.
Муҳтарам Президентимиз томонидан 2021 йилни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб номлаши биз тиббиёт ходимларини янада юксак шижоат билан ишлашга, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича белгиланган вазифаларни изчиллик билан амалга оширишда катта масъулият юклайди. Юртбошимизнинг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилда аҳоли саломатлигини сақлаш юзасидан залворли ишларни амалга ошириш кўзда тутилгани ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлайди.
Салоҳиддин Юсупов,
Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.