Бош саҳифа / Янгиликлар / Андижонда Наврўз сайили
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Андижонда Наврўз сайили

21 мартнинг эрта тонги. Андижон шаҳрининг марказий шоҳкўчасидан от араваларда йўлга чиққан Деҳқон бобо, Наврўзой ва жарчилар карнай – сурнай садолари остида ўлкамизга кўклам келганини овоза қилиб, барчани сайилга чорладилар.

Вилоятимиз марказидаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи анвойи гуллар, ранго-ранг чечаклар, турфа ранг байроқчалар, шарлар билан безатилган. Чор атрофда “Наврўзи олам муборак!”, “Яшариш ва янгиланиш айёми элимизга яхшилик келтирсин!”, “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” каби эзгу ният-истаклар ифодаси – тантанавор шиорлар акс этган.


Боғ саҳнидаги кенг йўлаклар бўйлаб халқимизнинг тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналарини акс эттирувчи миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилган. Вилоятимиз туманлари учун ажратилган майдончаларда баҳор манзаралари, Наврўз удумларини ифодаловчи суратлар, либослар, амалий санъат намуналари ҳамда кўклам таомлари намойиши эътиборни тортади.


Бир томонда вужудидан куч-ғайрат, ёшлик шижоати ёғилиб турган паҳлавон йигитлар гуруҳларга бўлиниб, ўзбекона кураш, арқон тортиш сингари қадимий миллий спорт ўйинлари билан томошабинларни жалб этади. Санъат йўналишидаги ўқув юртларида таҳсил олаётган йигит-қизларнинг баҳор ва Наврўзни, гўзаллик ва нафосатни тараннум этувчи куй-қўшиқларию катта дошқозондаги сумалакнинг ифори кўнгилга ажиб тароват бахш этади. Ҳудудлардан ташриф буюрган моҳир ошпазлар ўртасидаги Андижонча палов тайёрлаш беллашуви томошабинларни-да қизиқтиради.


Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими уюштирган Наврўз мушоирасида Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом, таниқли ижодкорлар Фарид Усмон, Абдунаби Бойқўзиев, Ҳумоюн, Ботиржон Эргашев, ёш шоира Муслимабону томонидан ўқилган байтлар адабиёт ихлосмандларини чексиз қувонтирди. Аскиячилар ва сўз усталарининг ўзбекона лутфга, Андижонча мутойибага йўғрилган чиқишларидан каттаю кичик баҳра олди.


- Халқимиз орзу қилган ҳақиқий сайл бўляпти, - дейди меҳнат фахрийси Адолатхон Каримова. – Энг муҳими, дастурлар жонли ва ранг-баранг тайёрланган. Ҳар бир тоифа – ёшлар ҳам, кексалар ҳам ўзлари ёқтирган томоша ва манзаралар билан танишиши мумкин. Неварам дорбозлар ўйинига қизиқади. Ёзги амфитеатрда намойиш қилинаётган дор ўйинларини кўриб катта завқ олдик. Мана шундай сайлларнинг бош ташкилотчиси ва ташаббускори бўлган Президентимизга минг раҳмат!


- 4-синфда ўқийман, - дейди тенгдошлари билан варрак учириш мусобақасида қатнашиб, бир зум тин олган Муҳаммадаюб Аҳмаджонов. – Синфдошларим билан сайлга чиқдик. Баҳорги миллий ўйинлардан фақат варрак учириш ва “Оқ теракми, кўк терак”ни билардим. Бу ерда ҳозир жуда кўп миллий ўйинларни томоша қилдим. Наврўз, барибир, яхши-да!


Вилоятимиздаги қирғиз миллий маданий маркази фаоллари томонидан ўрнатилган ўтов, қардош миллатга хос удумлар намойиши ҳамда куй-қўшиқлар барчада катта қизиқиш уйғотди. Кўргазмага келган томошабинлар биргалашиб куйлаб, қирғизча ўйинларга рақсга тушаётганлигини кўришингиз мумкин.




- Бу йилги байрам дастурлари хилма-хиллиги билан эсда қоларли бўлди, - дейди марказ фаоли, Булоқбоши туманининг Ширмонбулоқ қишлоғида яшовчи Мирзаакбар Қосимов. – Юртимизда турли миллат ва элатлар бирдамликда, иноқ ва тотув ҳаёт кечиришмоқда. Ўзаро ҳурмат, меҳмондўстлик, бағрикенглик каби фазилатлар ифодасини яққол кўриш мумкин. Тинчлик-фаровонлигимизга кўз тегмасин.


Эътиборлиси, байрам сайли меҳмонлари учун якка тартибдаги тадбиркор Ҳасанбой Ҳусанов ҳамда “Шарқ зиёкори”, “Китоб савдоси” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан турли адабиётлар савдоси ҳам ташкил этилди.

- Мингга яқин номдаги китобларни сотувга олиб чиқдик, - дейди “Шарқ зиёкори” масъулияти чекланган жамияти Андижон филиали директори Улуғбек Исақов. – Айниқса, болаларга мўлжалланган ҳамда миллий урф-одатлар билан боғлиқ адабиётларга талаб катта бўляпти.


Сайл дастурларини қизиқарли ташкил этишга халқ таълими муассасалари ҳам алоҳида ҳисса қўшдилар. Масалан, Қўрғонтепа тиббиёт коллежи қошидаги “Соғлом авлод” тўгараги аъзоларининг байрам билан боғлиқ қўл меҳнати намуналари томошабинга ўзгача эстетик завқ бағишлайди. Шаҳрихон туманидаги 7-, 15-мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари томонидан мева данаклари, дуккакли экинлар, гил тупроқ ҳамда бошқа бир қатор ашёлар ёрдамида тайёрланган саватдаги нон ҳамда борлиқнинг уйғониши, деҳқончилик юмушлари, экин экиш билан боғлиқ сувенирларни томоша қилган жажжи ўғил-қизлар юрагида меҳнатга, санъатга иштиёқ куртак ёзиши табиий. Асака автомобиль саноати коллежи 3-курс ўқувчиси Дилшодбек Комиловнинг буюк аждодларимиз сиймолари акс этган ёғоч ҳайкалчалари ҳар қандай кишида ҳайрат ва ҳавас уйғотади.




Эрта тонгдан оқшомга қадар давом этган тантаналар якунида боғнинг ёзги саҳнасида санъат усталари ҳамда ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш қилинди. Ҳунармандчилик, миллий ва амалий санъат, тикувчилик, ошпазлик, спорт ўйинлари билан боғлиқ турли номинациялар бўйича ғолиблар вилоят ҳокимлиги томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.



Маданият ва истироҳат боғидаги умумхалқ сайли баҳорнинг, борлиқнинг уйғониши, юртимиздаги осойишталик, тўкинлик ва фаровонлик, миллатлараро дўстлик рамзи сифатида ҳар бир қалбнинг эртанги кунга мустаҳкам ишончи, шукроналик туйғуларига эш бўлди.


Киритилган вақти: 22/03/2017 09:56 Кўрилганлиги: 4991
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 139
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг