Наврўз байрами арафасида Андижон шаҳридаги аҳоли гавжум ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркалари иш бошлади.
Ярмарка расталарида “Андижон вилояти бозорлари ва савдо мажмуалари” уюшмаси, “Андижонгўштсутсавдо” акциядорлик жамияти, “Андижонбалиқ” масъулияти чекланган жамияти, агрофирмалар, паррандачилик корхоналари ва кўплаб савдо ташкилотлари ҳамда фермер хўжаликларининг 50 дан ортиқ турдаги маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган.
– Байрам арафасида ташкил этилган ярмарка хақиқий Наврўз сайлига айланиб кетди – дейди 4 сон МФЙ худудида яшовчи фуқаро Муқаддасхон Абдуллаева. – Расталардан истаган маҳсулотингизни харид қилишингиз мумкин, нархлар ҳамёнбоп. Пластик карта орқали савдо йўлга қўйилганидан барча мамнун.
Ота-боболаримизнинг нақлига кўра, Наврўз айёмининг дастурхони қанчалар тўкин ва файзли бўлса, йил ҳам шундай келар экан. Вилоятимизнинг боғбону соҳибкорлари, деҳқонларию чорвадорлари, фермерлик ҳаракатининг пешқадамлари, савдо аҳли вакиллари энг сара, харидоргир, энг муҳими арзон ва сифатли маҳсулотларни шаҳарликлар ва азиз меҳмонларга ҳавола қилмоқдалар.
Ярмаркаларнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, аҳоли вакилларини байрам билан қизғин қутлади.