Бош саҳифа / Янгиликлар / Халқаро пресс-клуб: Салоҳиятни юзага чиқариш учун имконият
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Халқаро пресс-клуб: Салоҳиятни юзага чиқариш учун имконият

Набдатдаги сайёр сессия Андижонда бўлиб ўтди.


“Андижон: саноат ва қишлоқ хўжалигининг янги мегатрендлари” деб номланган очиқ мулоқотда давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, тадбиркорлар, журналистлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.


Республика умумий ер майдонининг бир фоизига, аҳоли сонининг 10 фоизига эга, деҳқончиликда йилига уч маротаба хосил етиштирувчи, демографик жиҳатдан ҳар 12 ойда битта туман аҳолиси қўшилиб борувчи вилоятнинг салоҳияти, бугунги куни ва истиқболли лойиҳалари юзасидан маълумотлар хавола этилди.



Жумладан, “Бахт имкон ривож чорваси” фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Исмоиловнинг Олтинкўл ва Улуғнор туманларида, Қўрғонтепа туманидаги «Капитал Белла» хусусий корхонаси раҳбари Муҳаббатхон Йўлдошеванинг олиб бораётган ишлари тилга олинди.



Андижон вилоятини қўшни Қирғизистон Республикасининг Ўш ва Жалолобод вилоятлари билан 415 километрли чегара боғлаб туради. Икки давлат раҳбарларининг саъйи-ҳаракатлари билан ҳамкорлик муносабатлари самараси ўлароқ. шу кунларда суткасига 150-160 тонна мева-сабзавот андижонлик деҳқонлар томонидан қўшниларимизга экспорт қилинмоқда. Асака туманидаги “Шарқ баходири” фермер хўжалиги эса Афғонистонга тухум экспортини йўлга қўйган. Яқинда Ўш шаҳри мэри Айшмамат Қадырбаев бошчилигидаги ишбилармонлар ва журналистлар делегациясининг Андижонга қилган ташрифи ҳам бир қатор соҳаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда амалий аҳамият касб этди.


Президентимиз Ш.Мирзиёев кўрсатмаси билан бошланган “Ҳар бир хонадон – тадбиркор” ҳаракати Олтинкўл туманида кенг қулоч ёзган. 56 та маҳаллада истиқомат қилувчи 31 минг хонадон соҳиблари иссиқхона, паррандачилик, чорвачилик йўналишида астойдил меҳнат қилмоқдалар. Пешона тери эвазига олинган ҳосил оила дастурхонига барака келтирмоқда.






Соғлиқни сақлаш соҳасида етакчи компаниялар вакиллари ва мутахассисларни Андижонга жалб қилиш юзасидан ҳам дастлабки лойиҳалар амалга ошириляпти. Жумладан, Жанубий Кореядан 10 нафар етакчи врач вилоятда иш бошлаш арафасида. Ҳиндистон компанияси онкологик хасталикларда қўлланиладиган воситалар ва инсулин ишлаб чиқаришни йўлга қўйяпти. Компания вакили билан суҳбат асосида мавзу Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосига Андижонда туризмни ривожлантириш масаласига кўчди.

Марҳаматдаги қадимий Мингтепа ёдгорлиги, Жалақудуқ туманидаги Қутайба ибн Муслим, Хўжаободдаги Имом ота зиёратгоҳлари бу борада каттагина имкониятлар яратади. Умуман олганда, вилоятда маданий мерос объектлари қаторидан жой олган 171 та қадамжо мавжуд. Мулоқот давомида Андижонда туристик бренди яратиш борасида иш бошлаб юборилганлиги маълум қилинди.

Шу билан бирга турли соҳалардаги камчиликлар рўй-рост тилга олинди. Ўринли эътирозларга барҳам бериш юзасидан қатъий назорат ўрнатилади. Айрим ҳолларда “Олма пиш, оғзимга туш”, “Берсанг ейман...” қабилида мурожаатбозлик қилиш андижонликларга ярашмаслиги эътироф этилди. Зеро, муаммонинг холис ечими салоҳиятни юзага чиқариш учун бир имконият, аслида.

Халқаро пресс-клубнинг сайёр сессияси катта акс-садо берди. Хусусан, тўғридан-тўғри эфирга узатиш давомида интернет орқали 180 дан зиёд, телефон орқали эса 150 дан ортиқ мурожаатлар қайд этилди.



Киритилган вақти: 12/08/2017 08:41 Кўрилганлиги: 4704
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 167
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг