Бош саҳифа / Янгиликлар / Ислоҳотлар бугун ҳаммамиздан фидойилик, ҳушёрлик ва масъулиятни талаб қиляпти
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Ислоҳотлар бугун ҳаммамиздан фидойилик, ҳушёрлик ва масъулиятни талаб қиляпти

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2-3 июнь кунлари вилоятимизда бўлиб, жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, иқтисодиётда инвестиция лойиҳалари ижроси билан яқиндан танишар экан, олдимизда турган долзарб вазифаларни аниқ-тиниқ кўрсатиб ўтди.


Муҳтарам Юртбошимизнинг ташрифи доирасида вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш масаласи ҳам жиддий равишда кун тартибига қўйилди. Унда бешта масала – жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш; кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш; ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда нуронийлар ва имом-хатибларнинг ролини ошириш; ҳаёт тарзини янада яхшилаш, таълим сифатини ошириш, маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш; томорқадан самарали фойдаланиш маданиятини шакллантириш хусусида атрофлича иш олиб боришимиз зарурлигини белгилаб берди.

Кеча Пахтаобод туманида вилоят ва туман ташкилотлари раҳбарлари, фаоллар, аҳоли вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда ана шу масалалар ижроси хусусида атрофлича сўз юритилди. Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган йиғилишда ПрезидентнингДавлат маслаҳатчиси Рустам Комилов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Ортиқбек Юсупов, вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этдилар.

Жамиятимизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка олдини олиш, қарши курашиш борасида тизимли иш ташкил этилмоғи лозим. Шу пайтгача бу вазифага ички ишлар идораларининг юмуши деб қаралди. Эндиликда жамоатчиликнингкучига таяниб, нафақат жиноят оқибатлари билан шуғулланиш, балки унинг олдини олиш чорасини кўрган афзалдир. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутасаддилари туман миқёсида амалга оширилган ишлар хусусида ахборот бердилар. Алоҳида аҳамият бериши зарур бўлган жиҳатлар тилга олинди. Чунки ҳар бир ҳудуднинг ўзига яраша шарти-шароитлари, ички муҳитига эътибор бериш керак. Ҳозир туманда фаолият кўрсатаётган 30 нафар профилактика нозирларига хизмат уйлари, имтиёзли кредитлар асосида автомашиналар бериляпти.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Аҳмадали Мамадалиев вилоятда, Пахтаободда амалга оширилаётган ишларни мисоллар асосида келтирди. Буни муассасаларини оптимизациялаштириш соҳасида яққол кўришимиз мумкин.

Тиббий хизмат сифатини янада ошириш, ихтисослашув йўлига ўтиш, санитария маданиятини юксалтириш борасида ҳам ҳал қилиниши зарур муаммолар тўпланди. Айниқса, мақсадли, малакали, узлуксиз тиббий хизмат такомиллаштирилиши даркор.

Илгари барчамиз муаммо туғилиши билан вилоят шифохоналарига шошардик ва бу турли зиддиятларни келтириб чиқарар эди. Энди ҳоҳ марказда, хоҳ қишлоқда бўлсин, тиббиёт муассасаларини замонавий лойиҳалар ва жиҳозлар билан таъминлаш орқали муаммоларга ечим топиляпти. Туманнинг ўзида ҳозир 23 турдаги дори-дармон тайёрланмоқда. Бироқ умумий амалиёт ва тор мутахассисликлар бўйича 28 нафар шифокор етишмайди. Андижон давлат тиббиёт институти битирувчиларини Пахтаободга келиб иш бошлашлари учун нима тўсқинлик қиляпти?

Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда ҳамиша нуронийларимизга таянамиз. Вилоят бош имом хатиби Нуриддин Ҳолиқназаров ёшлар тарбиясидаги муаммолар хусусида сўз юритди. Имом хатибларимиз аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида диний экстремизм, терроризм ҳамда диний мутаассибликнинг олдини олиш юзасидан тизимли иш тутумига эгами? Бугун мана шу масалага жиддий ёндашмоқ зарур.

Ёшларни турли таҳдидлардан асраш ҳамда бу билан оилалардаги маънавий муҳитни соғломлаштиришда таълим тизими, очиғини айтганда, анчагина муаммолар гирдобида қолди. Инсон соғлом, бунёдкор ғоялардан бехабар қолар экан, унинг онгида бўшлиқ пайдо бўлади. Носоғлом тушунчалар пайдо бўлишига олиб келади. Мафкуравий бўшлиқни пойлаётган ёт ғояларни тарқатувчилар мана шундан фойдаланадилар.

Таълим муассасаларининг бугунги моддий-техник базаси кундан-кунга янгиланиб бораётган, эътибор ва шарт-шароит яратилган экан, оддийгина ҳолат - фарзандининг ўқишга бориш-бормаслигини назорат қила олмаётган ота-она , унинг маслакдоши ўқитувчи қаёққа қараяпти?

Оила тинч бўлса, маҳалла тинч бўлади. Бу оддий ҳақиқатни ҳамма бирдай тушуняптими? Хонадондаги маънавий муҳитни соғломлаштириш силлиққина ўрмалаётган таҳдидларнинг олдини олиш деганидир.

Хотин-қизлар ва ёшларни (айниқса, бекор юрганларини) ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш мураккаб жараён сифатида шаклланиб қолмаслиги керак. Ҳукуматимиз томонидан томорқадан фойдаланиш масаласи кун тартибига қўйилганида, иккита жиҳатга эътибор қаратилди. Биринчидан, озиқ-овқат мўл-кўллигига, иккинчидан бандликни таъминлашга эришилади, бунга қўшимча қилиб, ёшларда меҳнат тарбиясини шакллантиришни айтиш мумкин.

Вилоят ҳокими амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича “Йўл харитаси” хусусида тўхталди. Ҳар бир киши виждонан ҳаракат қилиши зарур. Очиқ мулоқот чоғида Тўққизбоғ маҳалласида яшовчи Жасурбек Абдумуталибов оилавий шароити, онасининг ногиронлиги ҳақида гапириб, кўмакка муҳтожлигини айтди. Вилоят ҳокими унинг уйига борди. Хонадонга сигир бериладиган бўлди, моддий таъминот ҳам яхшиланади.

Шу куни Учкўза қишлоқ врачлик пунктига янги “Тез тиббий ёрдам” машинаси топширилди.

Куннинг иккинчи ярмида вилоятимиз марказидаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида ҳам ана шундай очиқ мулоқот ўтказилди.

Шаҳар фаоллари, аҳоли вакиллари иштирокидаги учрашувда вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Шерзодбек Тўхтабоев, Андижон шаҳри прокурори Олимжон Солиев, шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳратбек Парпиевларнинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини яхшилаш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида замонавий технологияларни қўллаш тажрибалари юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Кун тартибидаги бешта масала юзасидан очиқ ва танқидий фикрлар билдирилди.


Киритилган вақти: 20/06/2017 09:48 Кўрилганлиги: 3757
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 170
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг