Бош саҳифа / Янгиликлар / Мақом – 2018: БЕНЕШЕД ВАЛИД: АНДИЖОН НАМУНА БЎЛИШГА АРЗИЙДИ
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Мақом – 2018: БЕНЕШЕД ВАЛИД: АНДИЖОН НАМУНА БЎЛИШГА АРЗИЙДИ

Шаҳрисабзда давом этаётган биринчи Халқаро мақом санъат анжумани очилганидан сўнг кейинги кунлар таасссуротларга бой бўлди. Андижон павильонида вилоятимиз вакиллари ўз санъат ва маҳоратларини намойиш этишга, ташриф буюрувчиларнинг кўнгилларига ҳушнудлик олиб кириш билан бирга уларнинг вилоятимиз маданий-маърифий фаолияти билан боғлиқ маълумотлар олишлари, туризм салоҳияти бўйича тасаввурга эга бўлишлари учун ҳаракат қилдилар.

Андижон паловининг устаси, кўплаб танловларнинг ғолиби Хурсандбек Тожиаҳмедов шогирдлари билан ошга ҳаракатни бошлади. Очилиш маросимида 15 килограмм гуручда ош дамлаган ошпаз, кейинги кунларда 50 килограммга масаллиқ тайёрлади. Ҳар сафар янгилик яратиш ва ошнинг мазасига ўзгача таъм киритишга ўрганган Хурсандбек ака таваккал қилишдан чўчимади.



-Тайёрланаётган таомга меҳр берилса, унга тажрибадан келиб чиқиб, янгилик киритилса унинг таъми ҳам кутилгандек бўлади,-дейди “чемпион” номини олган ошпаз.-Кўплаб халқаро анжуманларда иштирок этдим ва унинг меҳмонлари, мезбонларини андижон палови билан сийладим. Шу вақтга қадар барча тадбирларда тайёрлаган таомларим фақат ижобий баҳо олди. Мақом санъати анжумани миллий қадриятларимизга уйғунлиги билан кўпларнинг қалбидан жой олмоқда. Биз тайёрлаётган ош ҳам қадриятларимизнинг бир кўриниши сифатида эътироф этилмоқда.

Шогирдлари Нурилло Сотволдиев ва Нурилло Комиловлар билан дошқозонга ёғ қуйиб, жизза қўғиргунларича андижон половидан хабар топган турли вилоятлардан келган ош шинавандалари уни қачон пишишидан хабардор бўлиб кетишди. Хорижлик меҳмонлар сабзини қўғиришда иштирок этиш учун капгир айлантиришди. Бу юмушнинг мушкуллигини иссиқ капгирни қўлига ушлаб, бир оз кавлаштирган Жанель ҳис этди ва ошпазларнинг сабрига тасанно айтди.

Ошни солишга дуо олган бош ошпаз тоғорани кўтарди. Дона-дона пишган гуруч устида “Андажон” ёзуви моҳирона терилган. Ҳорижлик меҳмонлар ошпазнинг маҳоратига қойил қолиб, идишларига қайта-қайта солдириб ейишди.

Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи аркининг кичик нусҳаси олдида “Андижон полкаси” янграши билан туманот одам тўпланди. Карнай - сурнай садолари жўрлигида барча рақсга тушди. Раққос ва раққосалар, дорбозлар, қўғирчоқ театри актёрлари ҳамроҳлигида Андижон павильонининг марказий саҳнасига санъат ихлосмандлари кириб келдилар. Андижонча чапани қўшиқ ва куйлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.

Сўриларда бошланган аскиячиларнинг пайровлари томошабинларнинг эътиборидан четда қолмади. Таниқли сўз усталари Мамасиддиқ Алихонов, Муҳиддин Султонов, Жумавой Хуралиев, Абдураҳмон Қулматовларнинг сўзга чечанлиги, ҳар бир сўздан топаётган қочиримлари томошага тўпланганларнинг юзига табассум улашди.

Санъат барйрамини томоша қилишга келган ҳорижлик сайёҳлар ва танловда иштирок этаётган меҳмонлар ҳам андижонликларнинг тайёрлаб келган қўл меҳнатлари, ижод маҳсулотлари ва мақом, куй-қўшиқлари, лапарларига қизиқиш билдирдилар. Жумладан Франциялик сайёҳ Рожер Менн биз билан таассуротларини ўртоқлашди.

-Юртингизга саёҳатимиз давомида Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро мақом фестивалига гувоҳ бўлдик,-дейди у.-Ҳалқингизнинг бой маданий мероси, ҳунармандчилик маҳсулотларининг кўргазмаси, куй-қўшиқлар ва рақслар бизда жуда каттта таассурот қолдирмоқда. Буни бир сўз билан таърифлаш қийин. Шу кунгача мақом санъати ҳақида билмас эдим. Бугун ўзимга керакли маълумотларга эга бўлдим. Бу санъат тури ўзбек миллатининг узоқ ўтмиши, урф-одатлари, ўтмиш ва бугунги куни ўртасида кўприк вазифасини бажараётган санъат эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Францияга қайтганимдан сўнг таассуротларим ҳақида ҳамюртларим, яқинларим билан бўлишаман.

Жазоир Республикасидан танловда иштирок этиш учун ўз гуруҳи билан келган Бенашед Валид ҳам Андижон павильонида кўрилган тайёргарлик билан танишиб, анжуман ва юртимиздаги санъатга бўлган эътибор ҳақида ўзининг фикрларини билдирди.

- Биз гуруҳимиз билан Халқаро мақом фестивалида қатнашиш учун Жазоир Республикасидан етиб келдик-деди у.- Юртингизда тарихий мусиқа ва ашула санъатини жаҳон миқёсида эътироф этиш мақсадида ушбу фестивалнинг ташкил қилингани диққатга сазовардир. Мақом нафақат санъат тури балки, турли миллатларнинг яқинлаштирувчи, дўстлаштирувчи восита бўлиб хизмат қилмоқда. Фестивал доирасида юртингиз вилоятлари вакиллари томонидан ташкил этилган кўргазмалар ушбу фестивални янада табиий, қизғин бўлишига хизмат қилган. Айниқса, Андижон вилоятининг санъаткорлари, ҳунармандлари, ошпазлари томонидан намойиш қилинаётган кўргазмаларни кўрдим ва шундай ҳулосага келдимки, Андижон ўзининг бой маданий меросини авлоддан авлодга етказишда намуна бўлишга арзир экан.

Эслатиб ўтамиз, беш кун давом этадиган анжуманнинг очилиш маросимида мамлакатимиз Президенти иштирок этиб, унинг қатнашчиларига омад тилади ва 10 сентябрь куни унинг ёпилиш маросими тантанали ўтиши кутилмоқда. Вилоятимиздан қарийб 150 дан зиёд иштирокчилар ушбу анжуманнинг юқори савияда ўтиши учун бор санъати ва маҳоратини ишга солмоқда.


Охирги ўзгариш: 10/09/2018 10:27 Кўрилганлиги: 3022
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 163
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг