Бош саҳифа / Янгиликлар / Мақсади аниқ ёшлар
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Мақсади аниқ ёшлар

“Ҳоким ва ёшлар” учрашуви доирасида вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, меҳнат ва бандлик бошқармалари ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси”, шунингдек ҳунарманд ва тадбиркорлар, агрофирмаларнинг кўргазмалари ҳам ташкил этилди.


Кўргазмага ташриф буюрган ёшлар ўзлари истаган йўналишлар бўйича тавсия ва маслаҳатлар олишмоқда.

Андижон саноат ва транспорт коллежини тамомлаган Гавҳарой Омонова банкдан 17 миллион сўм кредит олиб хонадонида чорвачиликни йўлга қўйишни режалаштирган. Бунинг учун бизнес-режа ҳам, Олтинкўл туманидаги “КаштанЭлит” агрофирмаси билан шартнома ҳам тайёр. Бироқ унинг бизнес режасини “Асакабанк” Андижон филиали ходимлари турли сабабларга кўра бир эмас икки маротаба рад этди. Мазкур муассасани тугаллаган Нигора Усмонова ҳам бугунги учрашувга шу каби муаммога ечим топиш учун келди.

Пахтаобод тумани Чорсу маҳалласида истиқомат қилувчи Умидахон Жўраева жорий йилда Пахтаобод педагогика касб-ҳунар коллежини компьютер технологиялари инженер-техниги мутахассислиги бўйича тамомлади. Бироқ унга муносиб иш топилмагач аввалига коллеж маъмурияти, ўтган куни эса маҳалла фаоллари тижорат банкларидан микрокредит олишни тавсия қилишди. Катта-ю кичикнинг маслаҳати билан ўз бизнесини бошлашга аҳд қилди. Тумандаги тижорат банкларига Бир неча бор учради. Афсуски, иш у ўйлагандек бўлмади. Кредит олиш учун гаров ёки кафолат хати лозимлиги айтилди. Аммо унда на мулки бор, на кафолат хати. Шу сабабдан ҳам бугун “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида Умидахон ўзини қийнаётган муаммога ечим топиш мақсадида ташриф буюрди.

- Коллежда таҳсил олиш билан бирга уйда келинойимдан тикувчиликни ўрганган эдим, - дейди Умидахон Жўраева. – Ўзимда 2 та тикув машинаси бор. Ота-онам билан келишиб, банкдан кредит олиб яна 3 та сотиб олишга қарор қилдик. Агарда тижорат банклари менинг 20 миллион сўмлик бизнес-режамни қаноатлантирса ўзим, каби 5 нафар тенгдошимнинг бандлигини таъминлашга муваффақ бўламан.

Марҳамат туманидан келган Аъзамхон Мадаминов ўзишини автомобилларга деталлар етказиб беришдан бошлаган. Бугунги учрашувда у автомобилларга бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш қувватига эга лойиҳани тақдим этди. Лойиҳани амалга ошириш учун 200 миллион сўм миқдорида молиявий ёрдам зарур.

Вилоят ҳокими тақдим этилган бизнес-режа билан танишгач уни маъқуллади. “Агробанк” очиқ акциядорлик тижорат банки энг кам ойлик иш ҳақининг минг баробар миқдорида кредит ажратадиган бўлди. Агарда Аъзамхоннинг ниятлари амалга ошса бир ой ичида иш бошланади ва 6 кишининг бандлиги таъминланади.

Тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган ёшлар ҳафтанинг ҳар шанба куни шаҳар ва туманларда ўтказиладиган шу каби очиқ мулоқотларга таклиф этилади.





Киритилган вақти: 07/07/2018 19:59 Кўрилганлиги: 300
 
Жами мурожаатлар: 1321 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (83%)
Кўриб чиқилмоқда: 229 (17%)

Сайтга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 68
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг