Бош саҳифа / Янгиликлар / Ўзбекистон – Қозоғистон: азалий дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган ҳамкорликнинг янги босқичи
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Ўзбекистон – Қозоғистон: азалий дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган ҳамкорликнинг янги босқичи

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 22-23 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. 

Олий даражадаги мазкур учрашув дўстлик, аҳиллик ва меҳр-оқибат айёми Наврўз кунларига тўғри келганида рамзий маъно бор. Зеро, бу жиҳатлар Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатларига ҳам хосдир. 

Ташрифнинг асосий тадбирлари 23 март куни Остона шаҳрида бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон пойтахтидаги “Ватан ҳимоячилари” монументига гул қўйди. 

Ушбу монумент Президент Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан 2001 йили Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган қозоғистонлик Ватан ҳимоячилари хотирасига бағишлаб бунёд этилган. 

Давлатимиз раҳбари тинчлик, озодлик йўлида жон фидо қилган ватанпарвар инсонлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Ёдгорлик мажмуаси билан танишди. 

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон пойтахтидаги Давлат раҳбарлари хиёбонига кўчат ўтқазди. Бу ерда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов эккан дарахт баравж ўсмоқда. 

Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мадҳиялари янгради. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар. 

Президентларнинг тор доирадаги учрашувида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди. 

Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. 

– Ўзбекистон ва Қозоғистон яқин қардош, асрлар давомида синалган шериклардир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов вафотидан кейинги оғир дамларда бу яқинлик яна бир бор намоён бўлди. Халқимиз Қозоғистон халқи ҳамдардлигини, қўллаб-қувватлаганини чуқур ҳис этди ва буни ҳеч қачон унутмайди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланмоқда. Турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамлакатларимизнинг кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдор эканининг тасдиғидир, – деди Президентимиз. 

Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевни Қозоғистонга давлат ташрифи билан қутлаб, бу икки давлат ўртасидаги мулоқотларнинг изчил давоми, томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини таъкидлади. 

– Сизнинг ташрифингиз Наврўз байрами кунларига тўғри келгани қадамингиз қутлуғ эканидан далолатдир. Қозоғистон билан Ўзбекистон муносабатлари ҳар доим дўстона ва самарали бўлган. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, менинг қадрдон дўстим Ислом Каримов улкан ҳисса қўшган бундай яқин ҳамкорликни Сиз билан изчил давом эттирмоқдамиз. Кейинги ойларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 30 фоиз ўсгани, ўзаро янги маҳсулотлар етказила бошлагани бунинг тасдиғидир. Ташрифингиз доирасида ўтган бизнес-форумда қарийб 1 миллиард долларлик келишувларга эришилган. Сизнинг ушбу тарихий ташрифингиз мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги босқичга кўтаради, – деди Қозоғистон Президенти. 

Мамлакатларимиз ҳамкорлиги 1998 йилда Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда пойтахтимизда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида тараққий этмоқда. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон халқаро сиёсий масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Мамлакатларимиз икки томонлама ва БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича томонларнинг позициялари ўхшаш ёки яқиндир. 

Ўзбекистон Қозоғистоннинг 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашига муваққат аъзоликка сайланишини қўллаб-қувватлади. Бу бутун минтақамиз давлатлари манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш имконини беради. Қозоғистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаган, мамлакатимизнинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланган ташқи сиёсатини юқори баҳолайди. 

Учрашувда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, трансмиллий жиноятчилик ва хатарларга қарши курашиш масалаларига эътибор қаратилди. Марказий Осиёнинг етакчи давлатлари бўлган мамлакатларимиз ҳамкорлиги бутун минтақа барқарорлиги ва тараққиётида муҳим ўрин тутиши таъкидланди. 

Шу йил 10 март куни Тошкентда мамлакатларимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва давлат муассасалари раҳбарлари иштирокида ўтган музокаралар замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга, диний экстремизм, терроризм, наркотрафик ва бошқа хавфларга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Президентлар Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашар экан, ушбу мамлакатда барқарорлик таъминланиши ва иқтисодиёт тикланишидан икки давлат ҳам бирдай манфаатдор эканини таъкидладилар. Афғонистон муаммоси фақат тинч йўл билан ҳал этилиши, бунинг учун БМТ шафелигида сиёсий музокаралар жараёнини тезроқ бошлаш зарурлиги қайд этилди. 

Мамлакатларимиз минтақадаги трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида бир хил позицияга эга экани яна бир бор тасдиқланди. 

Президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон мустақил тараққиёт йўлини бир даврда бошлаган. Иқтисодиётни қайта тиклаш ва ривожлантириш йўлида бир-бирига елкадош бўлиб келмоқда. 

Бугун икки мамлакат ҳам ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўймоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди. Президент Нурсултон Назарбоевнинг Қозоғистон халқига жорий йилги мурожаатида Қозоғистонни модернизация қилишнинг учинчи босқичи белгилаб берилди. 

Қозоғистон мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий соҳадаги муҳим шерикларидан биридир. Ўзбекистон Қозоғистонга табиий газ, автомобиллар, транспорт воситалари, минерал ўғитлар, тўқимачилик, электротехника ва қурилиш материаллари, мева-сабзавот ва бошқа кўплаб товарлар, турли хизматлар экспорт қилади. Қозоғистондан юртимизга нефть, металл, ун, ёғ-мой маҳсулотлари келтирилади. 

Мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокида тузилган қарийб 230, Қозоғистонда Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 130 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. 

2016 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард долларни ташкил қилган. Бу мавжуд салоҳиятга мос келмаслиги, савдо айланмасини камида икки баробар ошириш имконияти борлиги алоҳида таъкидланди. Мамлакатларимиз иқтисодиёти рақобат қилмайди, аксинча, бир-бирини тўлдиради. Бунинг учун ҳукуматлараро комиссия ва қўшма савдо уйлари фаолиятини кенгайтириш, янги таъминот бозорлари ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. 

Жорий йил 23 февралда пойтахтимизда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Транспорт коммуникациялари соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши ҳисобланади. Мамлакатларимизнинг автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Бу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. 

Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтган Тошкент ва Самарқандни боғловчи автомобиль йўлининг очилиши, Тошкент – Олмаота тезюрар поезди ва икки мамлакат шаҳарлари ўртасида автобус қатновининг йўлга қўйилгани транспорт коммуникациясини янада кенгайтиради, ҳудудлараро алоқалар, савдо ва туризм ривожига хизмат қилади. 

Музокарада транспорт соҳасида икки томонлама, узоқ муддатли тариф имтиёзлари берилиши мамлакатларимиз транспорт коридорлари рақобатдошлигини, самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Савдо-иқтисодий алоқалар динамикасини сақлаб қолган ҳолда уни диверсификация қилиш, экспорт-импорт ҳажми ва номенклатурасини кенгайтириш, саноат ва тадбиркорлик субъектлари кооперациясини ривожлантиришга келишиб олинди. 

Ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан ёнма-ён яшаган, қавму қариндош бўлган. Президентимиз ташаббуси билан икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларга кенг йўл очилгани ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамламоқда. Ўзбекистондан Қозоғистонга, Қозоғистондан Ўзбекистонга турли даражадаги делегациялар ташриф буюрди. Жорий йил Тошкент вилояти делегацияси Қозоғистонда, Қизилўрда, Шарқий Қозоғистон ва Жанубий Қозоғистон вилоятлари делегациялари Ўзбекистонда бўлди. 

Музокарада бундай алоқаларни янада кенгайтириш, маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

Музокаралар якунида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 13 ҳужжат имзоланди. 

Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар. 

Парламентаризм, солиқ, транспорт, мудофаа, савдо-саноат ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид ҳужжатлар ҳам имзоланди. 

Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битим улар орасида алоҳида аҳамиятга эга. 

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев музокаралар Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларига хос ўзаро ҳурмат ва самимият руҳида ўтгани, барча стратегик масалалар бўйича томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаганини алоҳида таъкидладилар. Ушбу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожида тарихий аҳамият касб этиши, имзоланган ҳужжатлар халқларимиз манфаатларига хизмат қилиши қайд этилди. 

Ташриф доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Бизнес-форумда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг 500 дан ортиқ ишбилармонлари иштирок этди. Уларнинг якунлари бўйича умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган савдо шартномалари ва инвестициявий битимлар имзоланди. 

Куннинг иккинчи ярмида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев “Остона-Опера” Давлат опера ва балет театрига ташриф буюрдилар. 

Қозоғистон Президенти ташаббуси билан қурилган ушбу театр 2013 йилда фойдаланишга топширилган, томоша зали 1250 ўринга мўлжалланган. 

Президентлар бу ерда “Қиз Жибек” операсини томоша қилдилар. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари “Назарбоев университети” ва “MEGA Silk Way” савдо марказини бориб кўрди. 

Университетга илк талабалар 2010 йилда қабул қилинган. Унинг таркибида 8 мактаб, бир марказ ва кутубхона бор. Таълим халқаро андозалар асосида олиб борилади. Ҳар йили университетни 440 дан ортиқ бакалавр ва 170 дан зиёд магистр битиради. 

Давлатимиз раҳбари университетнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди. 

“MEGA Silk Way” савдо марказида савдо дўконлари, спорт ва кўнгилочар шохобчалар, турли офислар жойлашган. Ушбу марказ шу йил 10 июндан 10 августгача Остона шаҳрида ўтказиладиган «ЭКСПО – 2017» халқаро кўргазмасига мезбонлик қиладиган меъморий ансамблнинг муҳим қисми ҳисобланади. 

Бу ерда ўзбек ва қозоқ халқларининг ашула ва рақслари, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари намойиш этилди. 

Президентлар «ЭКСПО – 2017» халқаро кўргазма майдонининг “Нур олам” павильонига ташриф буюрдилар. 

Шавкат Мирзиёев “ЭКСПО – 2017” ихтисослаштирилган халқаро кўргазмаси ишбилармон доиралар, корхоналар ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболли келишувларга эришиш йўлида муҳим тадбир бўлишини таъкидлади. 

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига давлат ташрифи ниҳоясига етди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев кузатиб қўйди. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи якунлари мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди, унинг янги уфқларини белгилаб берди, икки қардош халққа улкан хурсандчилик бағишлади. 

Тошкент – Остона – Тошкент.

манбаа:uza.uz

Киритилган вақти: 24/03/2017 11:07 Кўрилганлиги: 4193
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 159
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг