Бош саҳифа / Янгиликлар / РАСМИЙ БАЁНОТ
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

РАСМИЙ БАЁНОТ

Андижон вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган Наманганлик хусусий тадбиркор Ш.Юсуповнинг Президентга йўллаган видеомурожаати юзасидан расман хабар қилади:

Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот ва ахборот хизмати мазкур мавзуда нимага жим деган саволларингизга бугун батафсил жавоб бера оламиз!

Жорий йилнинг август ва сентябрь ойларида Андижон вилояти Олтинкўл туманининг “Узун” кўча маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги собиқ "Арғумон Олтинкўл" чорвачилик ва фермер хўжалигига тегишли ер ва объектлар аукционда Шавкатбек Юсупов томонидан сотиб олинганлиги, бироқ мазкур жойда тадбиркорлик йўлга қўйилиб, янги иш ўринлари яратиш ўрнига бор нарсалар тадбиркор томонидан бузилиб олиб чиқиб сотиб юборилаётганлиги, тадбиркор ва маҳалла аҳли ўртасидаги муносабат яхши эмаслиги сабабли вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида мавжуд муаммони ҳудуд аҳолиси ҳамда мутасаддилар билан ҳал этиш мақсадида мазкур фермер хўжалигида бўлиб, кенг муҳокамалар олиб борилганлиги ҳамда кўтарилган ушбу масалага оид ишлар ҳозирда ҳуқуқ идоралари ходимлари томонидан суд жараёнлари кетаётганлиги ва қонуний ечим топиш кераклиги ҳақидаги маълумотлар ОАВ ва интернет сайтлари орқали эълон қилинган эди.

Ўтган давр мобайнида бу масала ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамага сабаб бўлмоқда. Кимдир Шавкат Юсуповни ҳақ деса, яна кимдир бу ерни бузиб чиқиб кетиш адолатдан эмас, тадбиркор аксинча бу ерни янада гуллаб яшнашига ўз ҳиссасини қўшиши керак эди деган фикрларини илгари сурмоқда. Айни вақтда Шавкат Юсупов эса суд тергов ҳаракатлари натижаларини кутишга қаноат қилмасдан ижтимоий тармоқлар орқали бир неча бор ўз ҳуқуқларини паймол бўлаётганлигини важ карсон қилиб видеомурожаатлар йўллаб келмоқда. Хўш, ушбу тадбиркор ҳақ экан, нега унда суднинг қонуний чорасини кутишга сабри чидамаяпти? Тадбиркор нимадан безовта бўлаяпти, яна нималар аниқ бўлиб қолиши мумкин деган саволлар албатта ҳаммани қизиқтираётган бўлиши табиий. Биз ушбу масаланинг тақдири айни вақтда қандай ҳолатда эканлигини билиш мақсадида Андижон вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Камолиддин Йўлбарсовни суҳбатга тортдик.

- Юсуповнинг раҳбарлигидаги “Юксак брок инвест” МЧЖ Олтинкўл туманида жойлашган ферма бино иншоотларини аукцион савдосида 326 млн сўмга сотиб олган. Сотиб олинган бино иншоотлар фуқаро Юсуповга тилхат асосида топширилиб, аукционга қўйилмаган бинолар ва мол-мулклар ва чорва моллари тегишли тартибда олиб чиқиб кетилиши унга тушунтирилган. Бироқ, Юсупов аукцион савдосига қўйилмаган ва ғолиблик баённомасига киритилмаган фуқаро Эргашев томонидан ижара асосида қурилган ҳамда фойдаланиб келинаётган қиймати 300 млн. сўмлик тайёр ҳолдаги иссиқхона биносини бузиб кетиб, ундан чиққан труба ҳамда арматура маҳсулотларини ўзбошимчалик билан Наманган шаҳрида темир савдоси билан шуғулланувчи фуқаро Турғунбоевга 170 млн. сўмга сотиб юборган. Бу билан Юсуповнинг ҳаракатида сотиб олинган бино ва иншоотларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш эмас, балки мавжуд биноларни бузиб кетиш ва талон- тарож қилиш ҳолатлари кузатилган. Шунингдек, Юсупов ўзига тегишли бўлмаган бино ва иншоотлар белгиланган тартибда топширилмаганлиги, унга ҳар хил  тўсиқлар ва тазйиқлар ўтказилаётганлиги, қўли уриб синдирилганлиги, Наманган шаҳридаги хонадонига ўт қўйилганлиги, унинг қоровули Тошбоевни урушганлиги, натижада у вафот этганлигидаги важлари билан ижтимоий тармоқларда асоссиз чиқишлар қилиб келмоқда.  Унинг важлари асоссиз ва туҳматдан иборат эканлиги дастлабки тергов давомида тўлиқ ўз тасдиғини топди. Бундан ташқари Юсуповга 2019 йил 9-12-16 октябрь кунлари тергов органларига келиши тўғрисидаги чақирув хатлари берилган бўлсада, тергов органларига келишдан асоссиз бош тортган. Юсуповни 15 октябрдаги мажбурий келтириш хақидаги қарор бўйича ҳам терговга олиб келиш имкони бўлмаган, шундан сўнг, Юсуповни қаерда эканлигини аниқлаш бўйича олиб борилган тезкор суруштирув ҳаракатлари давомида уни Тошкент шаҳри Мираобод туманида юрганлиги ҳақида тезкор маълумот олиниб, 21 октабрь куни Мираобод тумани ички ишлар бўлимига Юсуповни Aндижон вилоят прокуратурасига мажбурий келтириш ҳақида қарор юборилган ва қарор ижроси таъминланиб, 22 октябрь куни Aндижон вилоят прокуратураси тергов органига олиб келтирилган.

Жорий йилнинг 22 октябрь куни Юсупов Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 167 моддаси 3 қисми A банди, 168 моддаси 4 қисми A банди, 169 моддаси 2 қисми A банди, 232 моддаси 2 қисми, 233 моддаси 1 қисми, 237 моддаси 238 моддаси 2 қисми, 139 моддаси 3 қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги гумонланиш тариқасида ишига жалб қилиниб, Ўзбекистон Республикаси жиноят процессуал кодексининг 221 моддаси тартибида ушланган. Бундан ташқари "Aрғумон Олтинкўл" фермер хўжалиги раҳбари Хамрақуловга 2019 йил 10 октябр куни жиноят кодексининг 192 моддаси прим 11 моддаси 1 қисми, 233 моддаси 1 қисми билан мажбурий ижро бюроси Олтинкўл тумани бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган Бектемировга шу куни жиноят кодексининг 205 моддаси 2 қисми A банди билан айб эълон қилиниб, уларга нисбатан гаров эҳтиёт чоралари қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тамомланиб, судга юбориш чоралари кўрилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, айбланувчи Юсупов муқаддам 2014 йил жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг ҳукмига асосан айнан шу каби яъни мусодарадаги мулк ва транспорт воситаларининг аукцион савдоси билан боғлиқ содир этган жиноятлари учун, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 167 моддаси 3 қисми A банди, 210 моддаси 3 қисми Б банди, 189 моддаси 3 қисми, 209 моддаси 2 қисми A банди, 168 моддаси 1 қисми,  227 моддаси 2 қисми A бандлари билан айбли деб топилиб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Бундан ташқари Aсака туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 26 сентябрдаги ҳал қилув қарорига кўра Олтинкўл туманидаги ферма бино иншоотини Юсупов томонидан бузиб кетилганлиги учун 2019 йил 3 июнда ўтказилган электрон онлайн аукцион савдоси қонунга хилоф тарзда ўказилган деб топилиб, аукцион баённомаси хақиқий эмас деб топилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари якунланиш арафасида бўлиб, "Aрғумон Олтинкўл" фермер хўжалиги раҳбари Хамрақулов, мажбурий ижро бюроси Олтинкўл тумани бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган Бектемиров ҳамда “Юксак блог инвест” МЧЖ раҳбари Юсуповларни айблаш хақидаги жиноят иши суд муҳокамасига юборилган.

Гувоҳи бўлаётганингиздек, ушбу масала ўз қонуний ечимини топади, Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати эса, ушбу мавзуга албатта қайтади.

P.S: Бизни кузатишда давом этинг, мавзу юзасидан тайёрланган видео лавҳа яқин дақиқаларда қуйидаги ижтимоий тармоқларимиз орқали эълон қилинади.


Андижон вилоят ҳокимлиги
Матбуот хизмати.


Киритилган вақти: 24/10/2019 23:45 Кўрилганлиги: 2607
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтдаги интерактив хизматларга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 1
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг