Махсус имкониятлар
 
Бош саҳифа / Президент қарорлари / ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНЛАРИ / Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Қайд этилсинки, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат дастурларини амалга ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида аҳолига давлат томонидан кафолатли бепул тиббий ёрдам беришни таъминлайдиган шошилинч кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими ташкил этилди. 

Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази, унинг ҳудудий филиаллари, шунингдек, марказий туман ва шаҳар касалхоналари ҳузурида шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари, шу жумладан, тез тиббий ёрдам ва санитария авиацияси хизмати ташкил этилди ва фаолият кўрсатмоқда. Шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасаларини юқори технологик тиббиёт ускуналари ва ихтисослаштирилган автотранспорт билан жиҳозлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Амалга оширилган чора-тадбирлар ҳар йили 600 минг нафардан ортиқ беморни шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасаларида стационарда даволашни, 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулаторияда тиббий ёрдам беришни таъминлаш, тез тиббий ёрдам хизмати томонидан бир йилда 7 миллиондан ортиқ чақириқни бажариш учун зарур шарт-шароитлар яратди. 


Шу билан бирга, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг самарадорлиги ҳали замонавий талабларга жавоб бермайди, тез тиббий ёрдам хизматларининг малакали кадрлар, дори воситалари, тиббиёт ускунаси, ихтисослаштирилган автотранспорт ва алоқа воситалари билан таъминланганлиги даражаси етарли эмаслигича қолмоқда. Кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни бошқариш, мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг замонавий механизмларини, шунингдек, шошилинч тиббиёт соҳасида маҳаллий илмий-амалий ишланмаларни жорий этишга етарлича эътибор берилмаяпти. 

Шошилинч тиббий ёрдамнинг тезкорлигини, технологиклиги ва самарадорлигини тубдан кучайтиришга, аҳолига ўз вақтида малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича даволаш, илмий-методик ва таълим ишларининг бутун комплексини энг юқори даражада ташкил этишга йўналтирилган аҳолига шошилинч тиббий ёрдам бериш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида: 

1. Қуйидагилар шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари этиб белгилансин: 

мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва малакали кадрлар билан бутланган шошилинч тиббий ёрдам беришнинг замонавий, юқори технологик ва самарали тизимини шакллантириш; 

шошилинч тиббиёт соҳасида илмий, методологик ва таълим салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш, ушбу мақсадларда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда тез тиббий ёрдамнинг республика хизматлари фаолиятига илғор технологияларни ва иш услубларини жорий этиш; 

шошилинч тиббий ёрдам тизимида аҳоли орасида ўлим ва ногиронликни пасайтиришга йўналтирилган замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарини, диагностика воситалари ва усулларини, бирламчи тиббий-санитария ёрдамни ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларни даволашни кенг қўллаш; 



шошилинч тиббиёт соҳасида профилактика, диагностика ва даволаш усуллари ва технологияларини кучайтириш ва самарадорлигини ошириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, тавсияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; 

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш асосида шошилинч тиббий ёрдам хизматларининг бошқа вазирликлар ва идораларнинг шошилинч хизматлари билан ўзаро тезкор ҳамкорлигининг самарали механизмларини жорий этиш; 

шошилинч тиббий ёрдам соҳасида тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш. 

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг: 

шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимининг тезкорликнинг замонавий жаҳон талабларига, юқори технологиклиги ва самарадорлигига мувофиқ кечиктириб бўлмайдиган ва тез тиббий ёрдам хизматини ўз ичига оладиган ягона ташкилий тузилмасини ташкил этиш; 

тез тиббий ёрдамнинг кўчма бригадалари фаолиятини тезкорлик билан мувофиқлаштиришни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг шошилинч хизматлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлайдиган маълумотлар узатишнинг ягона базасини ва тармоғини ташкил этган ҳолда шошилинч тиббий ёрдамни бошқаришнинг ахборот тизимини жорий этиш; 

Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг маълумотларни узатишнинг ягона тармоғига бирлаштирилган ҳамда республиканинг барча ҳудуди бўйича тез тиббий ёрдам чақириқларини қабул қилиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматларини ташкил этиш; 

2017-2020 йилларда 240 та объектни мукаммал таъмирлаш ва 369 та объектни жорий таъмирлаш йўли билан тез тиббий ёрдам хизмати бинолари ва хоналарининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш; 

тез тиббий ёрдам кўчма бригадаларини тасдиқланган нормативларга мувофиқ дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва сарфлаш материаллари билан босқичма-босқич таъминлаш, шу жумладан, ушбу мақсадлар учун 2017 йилда молиялаштириш ҳажмини камида 2 баравар кўпайтириш; 

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг тез тиббий ёрдам кўчма бригадаларини Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг ҳудудий филиаллари орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан марказлаштирилган тартибда таъминлаш; 

2017 йилда 1200 та ихтисослаштирилган автотранспорт воситалари сотиб олиш йўли билан тез тиббий ёрдам хизмати, шу жумладан, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг автопаркини янгилаш; 

2017 йил 1 апрелдан бошлаб тез тиббий ёрдам хизматининг ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларига техник ва сервис хизмати кўрсатишни уларни тегишли ҳудудий ихтисослаштирилган автобазага бериш йўли билан ҳудудий даражада марказлаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) деб қайта номлансин. 

4. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин: 

аҳолига бепул асосда юқори малакали ихтисослаштирилган, юқори технологик шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдамни ташкил этиш ва кўрсатиш; 

тезкорликнинг замонавий жаҳон талабларига, юқори технологик ва самарадорликка мувофиқ бўлган шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати тизими фаолиятига ташкилий-методик ва амалий раҳбарлик қилиш; 

шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини, унинг бирламчи тиббий ёрдам тизими билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, аҳолининг ногиронлиги ва ўлимини пасайтириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; 

янги, самарали технологияларни яратиш, кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар диагностикаси ва даволашнинг устувор йўналишларида илмий тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, уларни соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этиш; 

шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимининг шифокорларини ва ўрта тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш; 

етакчи хорижий ихтисослашган ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш, тажриба алмашиш, шошилинч тиббиёт соҳасида қўшма тадқиқотлар олиб бориш. 

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Хонобод шаҳарчасидаги 5-уй манзилида жойлашган Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказини Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалига айлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирларни белгиланган тартибда таъминласин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси: 

ушбу Фармон билан белгиланган вазифалардан келиб чиқиб тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази тўғрисидаги низомни бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин; 

2017 йил 1 июлгача бўлган муддатда Марказнинг ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқласин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги: 

Марказнинг ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари 2019 йил 1 январдан бошлаб фаолият кўрсатишини, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг шошилинч хизматлари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмлари жорий этилишини таъминласин; 

2017 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг тез тиббий ёрдам станциясини унинг туманлардаги кичик станциялари билан биргаликда юридик шахс мақомини сақлаб қолган ҳолда таркибий бўлинма сифатида Марказга берсин. 


8. Белгилаб қўйилсинки: 

"Соғлиқни сақлаш" тармоғи бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Тез тиббий ёрдам станцияси ва унинг туманлардаги кичик станциялари фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади; 


Марказнинг Тез тиббий ёрдам станциясига автотранспорт хизмати кўрсатиш "Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг ихтисослаштирилган автотранспорт корхонаси" давлат корхонаси томонидан таъминланади. 

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари эҳтиёжлари учун олиб келинадиган технологик ва телекоммуникация ускунаси, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва дастурий таъминлаш 2020 йил 31 декабргача бўлган даврда божхона тўловларидан озод қилинсин (божхона йиғимлари бундан мустасно). 

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг иловага мувофиқ айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин. 

11. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммаларига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш.Мирзиёев 


Тошкент шаҳри, 2017 йил 16 март 




* * *



Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шошилинч 
тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари 
тўғрисида”ги Фармонига

ШАРҲ

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом ва етук авлодни вояга етказишни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда юртимиз тиббиёт муассасаларида энг илғор ва замонавий шарт-шароитлар яратиш ҳамда тиббий хизмат сифатини янада оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир маърузаси ва нутқида, турли учрашувларда халқимизни рози қилиш учун, энг аввало, унинг сифатли тиббий хизматга бўлган талабини қондириш ниҳоятда зарурлигини доимо таъкидлаб келмоқдалар. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказган учрашувлари ҳам тизимдаги мавжуд ҳолатни чуқур танқидий таҳлил қилиб, йиғилиб қолган масалаларни самарали ҳал этиш йўлида муҳим қадам бўлди. Бу борада, айниқса, мамлакатимизда қабул қилинган ва босқичма-босқич амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга оид ҳуқуқий ҳужжатлар алоҳида ўрин тутмоқда. 

Ҳозирги вақтда бу тизим Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази ва унинг вилоятлардаги филиаллари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари қошидаги бўлимлари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги тез тиббий ёрдам хизмати станциялари ва санитар авиация хизматини ўз ичига олади. Энг асосийси, соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида шошилинч тиббий ёрдам тизимида йилига 600 минг нафардан зиёд беморга юқори малакали стационар ва 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулатор ёрдам ҳамда 7 миллиондан зиёд чақириқлар бўйича хизмат кўрсатилмоқда. 

Шу билан бирга, ҳозирги вақтда соҳада зудлик билан ҳал этишни талаб қиладиган бир қатор муаммо ва масалалар ҳам борки, у аниқ чора-тадбирлар кўришни тақозо этмоқда. 

Авваламбор, шошилинч тиббиёт соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, илмий ишланмаларни ривожлантириш, малакали кадрлар, дори воситалари, тиббий ускуналар, ихтисослаштирилган автотранспорт ва алоқа воситалари билан таъминланиш даражасини яхшилаш долзарб масала бўлиб қолмоқда. Бу эса тез тиббий ёрдам фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштиришнинг амалдаги тизимини қайта кўриб чиқиш, шошилинч тиббий ёрдам сифатини тубдан яхшилашга доир тезкор чоралар кўриш заруратини юзага келтирмоқда. 

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида мазкур тизимни такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларини белгилаш, тез тиббий ёрдам хизматининг сифат ва самарадорлигини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам соҳасидаги илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилди. 

Фармонда, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам тизимида замонавий илмий-техник ютуқлар ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимининг бошқа вазирликлар ва идораларнинг шошилинч хизматлари билан тезкор ҳамкорлигини таъминлаш бўйича замонавий механизмларни татбиқ қилиш, кадрларни тайёрлаш борасида илғор усулларни жорий этиш кўзда тутилган. 

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, деб қайта номланди ва Марказнинг асосий вазифалари белгиланди. 

Хусусан, аҳолига бепул асосда малакали ихтисослаштирилган, юқори технологияли шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий хизмат кўрсатиш, самарадорлиги бўйича жаҳон талабларига мос келадиган шошилинч тиббий ёрдам тизимининг фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш, кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларнинг профилактикаси, диагностикаси ва уларни даволаш бўйича янги, самарали технологияларни яратиш, хорижий турдош ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш каби йўналишлар Марказнинг асосий вазифалари сифатида қайд этилди. Бундан ташқари, Марказ шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишининг устувор йўналишларини шакллантириш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ва илғор технологияларни яратиш юзасидан илмий тадқиқотлар олиб боришни, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизими учун илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашни ҳам мувофиқлаштириб боради. 

Фармонда таъкидланганидек, 2017 йилнинг 1 июлигача ягона маълумотлар базаси ва маълумотларни узатиш тармоғини яратган ҳолда, тез тиббий ёрдам бригадаларининг фаолиятини тезкор бошқариш ва мувофиқлаштирилишини таъминловчи Марказ ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуаси ишлаб чиқилади. Чунки, тез тиббий ёрдам фаолиятида диспетчерлик хизматларини яхшилаш, унинг кечаю кундуз самарали ишлашини таъминлаш бугунги кун талабидир. Шу муносабат билан 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси билан ўзаро ҳамкорликда фаолият юритувчи мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари жорий қилинади. 

Ушбу хизмат фаолиятида кузатилаётган камчиликларга тизимда автотранспорт воситалари билан боғлиқ масалалар ҳам сабаб бўлаётгани кўпчиликка маълум. Эндиликда Марказнинг Тез тиббий ёрдам станцияларига автотранспорт хизматини кўрсатиш “Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг ихтисослаштирилган автотранспорт корхонаси” давлат корхонаси томонидан амалга оширилади. Бу эса автотранспорт воситаларининг ҳар доим соз ҳолатда бўлишини ва керакли манзилга ўз вақтида етиб боришини таъминлашга хизмат қилади. 

Айни вақтда кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида шошилинч тиббий ёрдам хизмати муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тизимнинг транспорт паркини бойитиш учун давлат бюджети ва бошқа маблағлар ҳисобидан 1200 та тез тиббий ёрдам автомобили харид қилинадиган бўлди. 

Тажрибадан маълумки, замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш тиббий хизмат сифатини бир неча баробар яхшилаш имконини яратади. Фармонда ушбу йўналишда имтиёзлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда 2020 йилнинг 31 декабригача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатлар бўйича Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари эҳтиёжларини таъминлаш учун олиб кирилаётган юқори технологияли ва телекоммуникация жиҳозлари, бутловчи қисмлар, эҳтиёт қисмлар ва дастурий таъминотни божхона тўловларидан озод этиш белгиланди. 

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Фармонга кўра, Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази базасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиали ташкил этилади. Агар шу вақтгача ушбу ҳудудда бундай тиббий муассаса мавжуд бўлмаганини назарда тутадиган бўлсак, бу янгилик вилоят аҳолиси саломатлигини сақлаш борасида қандай катта аҳамият касб этишини тасаввур қилиш қийин эмас, албатта. 

Яна бир янгилик – шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тез тиббий ёрдам станцияси унинг туманлардаги кичик станциялари билан бирга, юридик шахс мақомини сақлаган ҳолда, таркибий бўлинма сифатида Марказга берилиши кўзда тутилган. 

Президентимизнинг мазкур Фармонида кўзда тутилган эътибор ва берилаётган имтиёзлар, соҳа учун ажратилаётган замонавий тиббий асбоб-ускуналар ҳамда уларнинг ноёб технологик имкониятлари тизим мутахассислари олиб бораётган илмий изланишларнинг савиясини юксак даражада ошириш, шошилинч ҳолатларда диагностика ва даволашнинг янги истиқболли усулларини ишлаб чиқиш, ривожлантириш ва амалиётга татбиқ қилиш имкониятларини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, даволаш жараёнининг самарасини оширибгина қолмай, стационар даволаш муддатларини ва бунинг натижасида сарф-харажатларни ҳам кескин камайтириши шубҳасиз. Бундан ташқари, ушбу Фармон Марказнинг барча филиалларини энг юксак мезонларга жавоб берадиган тиббий аппаратлар, хусусан, юрак ва қон-томирларнинг ультратовуш доплерографияси, замонавий ангиографик тузилмаси, мультиспирал компьютер томография ва магнит-резонанс томограф аппаратлари билан тўлиқ таъминлаши учун имконият яратади. 

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон ҳамда у билан тасдиқланган ҳуқуқий ҳужжатлар шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янги босқичга кўтариш, соҳада илмий-тадқиқот фаолияти кўламини кенгайтириш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни амалиётга жорий этишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади. 

Мамлакатимизда аҳоли саломатлиги, инсон манфаатлари, халқимиз фаровонлиги ҳақида сўз борар экан, бу масалалар доимо давлатимизнинг эътибор марказида бўлиб қолади. Ана шу эзгу мақсадларнинг мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида рўёбга чиқарилиши эса янада аҳамиятлидир.


Киритилган вақти: 17/03/2017 10:15 Кўрилганлиги: 327
 
Жами мурожаатлар: 1233 (100%)
Кўриб чиқилган: 1013 (82%)
Кўриб чиқилмоқда: 220 (18%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни онлайн қилиш канчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
Ташриф:
Кўришлар:
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг