Махсус имкониятлар
 
Бош саҳифа / Вилоят ҳокимлиги / Бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик / АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ ВА ВИЛОЯТ КАСАБА УЮШМАЛАРИ ТАШКИЛОТЛАРИ БИРЛАШМАСИ КЕНГАШИ РАЁСАТИНИНГ ҚАРОРИ
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ ВА ВИЛОЯТ КАСАБА УЮШМАЛАРИ ТАШКИЛОТЛАРИ БИРЛАШМАСИ КЕНГАШИ РАЁСАТИНИНГ ҚАРОРИ

Андижон вилояти ҳокими ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раёсатининг 2017-йил 16-майдаги "Вилоятда болаларнинг 2017 йил ёзги соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида"ги 

306-Қ- сонли ҚАРОРИ

 Вилоятда 2017 йил ёз мавсумида болаларни соғломлаштириш ва мазмунли дам олишини ташкил этиш, бунинг учун вилоятдаги мавжуд болалар оромгоҳларини мавсумга сифатли тайёрлаш, режадаги болаларни оромгоҳларга тўла жалб этиш, мавсум давомида барча турдаги болалар оромгоҳларини талаб даражасида фаолият кўрсатишини таъминлаш, уларни зарур маблағлар, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўриш, ёзги таътил даврида оромгоҳларга жалб этилмаган болалар учун умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва ҳудудлардаги мавжуд спорт майдонлари, болалар боғлари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда уларни мазмунли дам олишларини уюштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6-, 25-моддаларига асосан

 

ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1.Вилоятда 2017 йил ёз мавсумида меҳнаткашлар фарзандларини соғломлаштириш ва дам олдириш ишларини юқори савияда ташкил этиш ҳамда болалар оромгоҳларини белгиланган Низом талаблари асосида фаолият кўрсатишини таъминлаш барча шаҳарлар, туманлар ҳокимликлари, мутасадди идоралар ҳамда тасарруфида болалар оромгоҳлари мавжуд корхона, ташкилот ва муассасаларнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгилансин.   

2. Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳ таркиби 1-иловага, гуруҳ аъзоларининг вилоятдаги болалар оромгоҳларига бириктириш рўйхати 2-иловага, болалар оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш ва мавсум давомидаги фаолиятини ташкил этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар режаси 3-иловага, дам олдириладиган болалар сони режасининг оромгоҳ турлари ва давралар бўйича тақсимоти           4-иловага, дам олдириладиган болаларнинг шаҳар четидаги оромгоҳлар бўйича режалари 5-иловага ҳамда дам олдириладиган болаларнинг мактаблар қошидаги кундузги оромгоҳлар бўйича режалари 6-иловага асосан тасдиқлансин.

3. “Оромгоҳларда таълим-тарбиявий ишларни ташкил этиш, уларни малакали педагог ва етакчилар билан таъминлаш” буйича            1-ишчи гуруҳи (А.Назаров):

-бир ҳафта муддатда тегишли касаба уюшмалари ташкилотлари ва оромгоҳлар маъмуриятлари билан хамкорликда мавсум давомида оромгоҳларнинг педагог кадрларга бўлган эҳтиёжини аниқласин ҳамда
20 майга қадар 2017 йил ёз мавсумида оромгоҳларда фаолият олиб борадиган педагог ходимлар, тарбиячи, етакчи, тўгарак раҳбарлари ва кутубхоначиларнинг энг муносибларини танласин, рўйхатларини шакллантирсин ҳамда ёз мавсуми давомида белгиланган талаблар асосида фаолият кўрсатишларини таъминласин;

-25 майга қадар хўжалик ташкилотлари ва мутасадди идоралар томонидан болалар оромгоҳларида Маънавият ва маърифат хоналарини зарур жиҳозлар билан таъминлаш, оромгоҳларни миллий истиқлол руҳи акс эттирувчи маънавий-маърифий, таълим-тарбиявий йўналишдаги шиорлар, кўргазма воситалари билан безатиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг бажарилишини ҳамда ёз мавсуми давомида маданий-маърифий ишларни ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган методик тавсиялар бўйича ишларнинг ташкил этилишини қатъий назоратга олсин.

4. “Болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, оромгоҳларда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини санитария-гигиена талабларига риоя этилишини назорат қилиш” бўйича 2-ишчи гуруҳи (А.Садиков):

20 майга қадар жорий йил ёз мавсумида оромгоҳларда фаолият олиб борувчи, болалар билан ишлаш қобилияти юқори шифокорлар ва кичик тиббий ходимларни танлаш, рўйхатини шакллантириш ишларини якунласин ва тегишли йўналишларда ўқув-йиғин семинарларини ташкил этсин ҳамда ёз мавсуми давомида улар фаолиятини доимий назорат қилиб борсин;

25 майга қадар барча турдаги болалар оромгоҳларини белгиланган рўйхатлар асосида, ёз мавсуми даврида дам олдириладиган болалар учун етарли дори-дармонлар билан таъминласин ҳамда ҳар давра якуни бўйича дори-дармондан фойдаланиш натижасига кўра оромгоҳлар тиббиёт ходимларининг фаолиятларини мониторинг қилиб борсин;

маҳаллий ҳокимликлар ва хўжалик ташкилотлари билан биргаликда оромгоҳларни ўз вақтида, сифати кафолатланган озиқ-овқат маҳсулотлари, сабзавот ва мевалар билан тўлиқ ҳамда ҳудудларда ушбу маҳсулотларнинг марказлашган ҳолда етказиб берилишини таъминласин.

5. “Болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган маьнавий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақаларини ўтказиш, уларга маданий хизмат кўрсатишни ташкил этиш” бўйича 3-ишчи гуруҳи (М.Саттарова):

20 майга қадар вилоят халқ таълими бошқармаси, тегишли касаба уюшмалари ташкилотлари ва оромгоҳлар маъмуриятлари билан биргаликда оромгоҳларнинг спорт ва сузиш бўйича йўриқчиларга, спорт ва маданий тўгарак раҳбарларига бўлган эҳтиёжини ўрганиб, шу асосида зарур кадрлар рўйхатини шакллантирсин ҳамда мавсум давомида уларнинг фаолиятини доимий назорат этиб бориш ишларини ташкил этсин;

20 майга қадар вилоятдаги мутасадди бошқармалар ва идоралар билан ҳамкорликда 2017 йил ёз мавсумида болалар оромгоҳларида ҳамда ҳудудларда болаларнинг ёзги таътил даврида мазмунли дам олдиришга қаратилган оммавий-маданий, жисмоний табия ва спорт тадбирлари, учрашувлар, кечалар, танлов ва конкурслар ўтказиш юзасидан Манзилли Дастур ишлаб чиқсин ҳамда уларни белгиланган муддатларда амалга оширсин.

6. “Оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш, алоқа, транспорт хизмати ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулотда вазиятлар бўйича профилактик тадбирлар ўтказиш” бўйича 4-ишчи гуруҳи (Ш.Собиров):

бир ҳафта муддатда оромгоҳлар жойлашган худудларда ҳуқуқбузарлик ва жамоат тартиби бузилишининг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар ўтказиш режасини ишлаб чиқсин ва уларни белгиланган муддатларда амалга оширсин;

ўн кун муддатда барча оромгоҳлар худудларининг хавфсизлик, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича мавжуд ҳолатларини ўрганиб, 25 майга қадар аниқланган камчиликларни мутахассисларни жалб этган ҳолда маҳаллий ҳокимликлар ва оромгоҳлар хўжалик органлари томонидан тўла бартараф этилишига эришсин;

ўн кун муддатда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда оромгоҳлар жойлашган ҳудудларда юзага келиши мумкин бўлган табиий ва техноген характердаги фавқулодда ходисаларни ўргансин ҳамда юзага келиши мумкин бўлган табиий ва техноген характердаги фавқулодда ходисаларга йўл қўймаслик ва уларни олдини олиш чоралари қўрсин.

7. “Оромгоҳларда электр энергияси ва табиий газ таъминоти узлуксизлигини таъминлаш, уларга сифатли коммунал хизмат кўрсатиш” бўйича 5-ишчи гуруҳи (А.Шокиров):

бир ҳафта муддатда ёзмавсумидаврида оромгоҳларни электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ ва алоқа воситалари билан таъминловчи қурилма ва воситаларни тўла хатловдан ўтказсин ҳамда 25 майга қадар маҳаллий ҳокимликлар ва хўжалик ташкилотлари билан ҳамкорликда аниқланган камчиликларни бартараф этсин;

Мутасадди идораларда махсус штаблар ташкил этиш орқали ёз мавсуми давомида барча болалар оромгоҳларини узлуксиз электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ ва алоқа воситалари билан таъминланишини доимий назорат олсин.

8. Вилоят халқ таълими (А.Назаров) ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари (Ф.Бузруков), “Камолот” ЁИҲ вилоят бўлими (Э.Абдуқодиров) ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт ишлари бошқармаси (О.Саидов) билан ҳамкорликда 25 майга қадар оромгоҳларга жалб этилмаган болалар учун маҳаллалардаги ва таълим муассасалари қошидаги спорт объектларида турли мусобақалар, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этсин.

9. Вилоят халқ таълими бошқармаси (А.Назаров)га:

Шаҳрихон туманидаги “Башариқ” болалар оромгоҳида 4-даврада вилоятда ўтказилган “Билимлилар беллашуви” танловларида ғолибликни қўлга киритган 100 нафар болалар учун “Интеллектуал ривожланиш оромгоҳи”ни ташкил этиш чораларини кўриш;

-Андижон давлат университети (А.Юлдашев) билан ҳамкорликда ёз мавсуми давомида оромгоҳларда чет тиллари тўгараклари ташкил этиш вазифалари топширилсин.

10. Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси (Ф.Бузруков) йирик корхона ва ташкилотлар билан келишилган ҳолда ёз мавсумида ўртa махсус, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг ишлаб чиқариш амалиёти даври учун “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳларини ташкил этсин ҳамда беш кун муддатда ёз мавсумида “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳлари ташкил этиладиган корхона ва ташкилотлар номи, уларда амалиёт ўташи хамда дам олиши режалаштирилган ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари сони ҳамда оромгоҳлар ташкил этиладиган муддатлари тўғрисидаги маълумотларни вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳ штаби(вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси)га киритсин.

11. Вилоят алоқа ва ахборотлаштириш бошқармаси (Л.Усмонов) мавсум давомида ҳар бир оромгоҳни узлуксиз алоқа воситалари билан таъминласин.

12. “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши (Э.Абдуқодиров) ўн кун муддатда оромгоҳларда гуруҳларга бериладиган номлар, шиорлар, тадбирларни ўтказиш бўйича сценарийлар намуналари, болалap билан ўтказиладиган турли интерфаол ўйинлар, тадбирлар Низомлари ва тавсияларни ишлаб чиқсин ва вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳи штаби(вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси)га маълумотларни тақдим этсин.

Шунингдек, вилоят ички ишлар ва молия бошқармалари билан ҳамкорликда ички ишлар профилактик инспекторлар рўйхатида турувчи болалар учун “Тарбия-спорт-соғломлаштириш оромгоҳи”ни ташкил этсин.

13. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими (Қ.Ризаев) вилоятдаги маҳаллаларда яшовчи кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 50 нафар болалари учун бепул дам олдириш ишларини ташкил этсин.

 

14. Марказий банк вилоят бош бошқармаси (Б.Бердиев) ҳамда тижорат банклари болалар оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларини кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширишни режалаштирган корхона, ташкилот ва муассасаларнинг мурожаатига асосан имтиёзли кредит ажратиш тавсия этилсин ҳамда шаҳарлар, туманлар ҳокимликлари ва мутасадди идораларга 2017 йил ёз мавсумига тайёргарлик ҳамда мавсум давомидаги фаолияти учун зарур маблағлар захирасини барпо этишда амалий ёрдам кўрсатсинлар.

15. Шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари ҳамда тасарруфида болалар оромгоҳлари мавжуд корхона, ташкилот раҳбарларига:

болалар оромгоҳлари фаолияти учун зарур маблағларнинг тегишли қисми ва қўшимча давралар ташкил этиш учун зарур хўжалик ва ҳомийлар маблағлари захирасини яратиш чораларини кўрсин ва бу борадаги ишларни 2017 йилнинг 25 майига қадар тугатилишини назарда тутсин;

шаҳар четидаги оромгоҳлар базасидан самарали фойдаланган ҳолда уларни хўжалик ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан қўшимча даврада фаолиятини юритишини ташкил этсин ҳамда дам олдириладиган ва соғломлаштириладиган болалар сонини оширишга эришсин;

ҳудудидаги ва тасарруфидаги болалар оромгоҳларининг сотилиши ва бошқа ташкилотлар иҳтиёрига ўтказиш масалаларини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва касаба уюшмалари розилигисиз амалга оширилмаслигини назоратга олсин;

20 майга қадар ҳудудидаги ва тасарруфидаги шаҳар четидаги болалар оромгоҳларини ҳамда кундузги болалар оромгоҳлари ташкил этиладиган умумтаълим мактаблари, ихтисослашган ва махсус мактаб-интернатлар, касб-ҳунар коллежларини сифатли таъмирлаб, моддий-техника базасини белгиланган меъёрлар даражасига келтирган ҳолда режадаги болаларни мазмунли дам олишлари учун етарли шароитларни таъминласин ҳамда тайёр ҳолатга келтириш вазифалари юклатилсин.

16. Пахтаобод (Ф.Ходжиматов), Олтинкўл (Б.Каримов), Хўжаобод (А.Қирғизбоев), Андижон (У.Исамиддинов), Балиқчи (Ў.Бектемиров) туманлари ҳокимликлари болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳ мажлиси баёни билан тасдиқланган болалар соғломлаштириш оромгоҳларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва янгиларини қуриш бўйича 2017 йилга мўлжалланган манзилли Дастурга асосан, ҳудудидаги “Уч кўза”, “Навбахор”, “Боғбон”, “Боғишамол” ва “Шаббода шифо файз” болалар оромгоҳларида хўжалик ташкилотлари томонидан капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш ва янги қуриш ишларини амалга оширилиши, етарли, замонавий қаттиқ-юмшоқ инвентарлар ва бошқа буюм ва анжомлар билан таъминлаган ҳолда 25 майга қадар барча турдаги қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини якунланиши ҳамда оромгоҳларни болаларни қабул қилишга тайёр ҳолатга келтирилишини назоратга олсин.

 

17. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси (Қ.Парпиев):

вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмасида вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳ Штабини ташкил этсин ва Штаб фаолияти учун барча зурур шароитларни яратсин;

вилоятда мазкур йўналишдаги барча ишларни мувофиқлаштириб, мавжуд болалар оромгоҳларини ёз мавсумига тайёрлаш, уларни моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда мавсум давомида белгиланган талаблар асосида фаолият юритишларини доимий мониторингини олиб борсин;

болалар оромгоҳларида ҳамда шаҳарлар, туманлар ҳокимликлари ва мутасадди идоралар томонидан 2017 йил ёз мавсумига тайёргарлик, уларни мавсум давомида талаб даражасида фаолият кўрсатишлари борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳар ҳафта якунлари бўйича вилоят ҳокимига тахлилий маълумотларни киритиб борсин.

18. Юқорида номлари таъкидланган мутасадди раҳбарлар томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан мавсумга тайёргарлик даврида ҳар ҳафта якунлари бўйича жума куни кечга қадар, ёз мавсумида ҳар куни кечки соат 18.00.га қадар вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳ штаби (вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси)га таҳлилий маълумотлар тақдим этиб борсинлар. 

19. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси, вилоят халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, маданият, жисмоний тарбия ва спорт ишлари бошқармалари, шаҳар, туман ҳокимликлари ва бошқа дахлдор ташкилотлар мазкур қарорнинг бажарилиши ҳақида ҳар хафта якуни бўйича вилоят ҳокимлиги (С.Исмоилов)га ахборот бериб борсин.

20. Вилоят телерадиокомпанияси (М.Каримов), “Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталари таҳририяти (С.Шукуров) ҳамда вилоятдаги бошқа оммавий ахборот воситаларигаболалар оромгоҳларида амалга оширилаётган мавсумга тайёргарлик, янги қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларини оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб бориш ҳамда кенг оммага етказиб бориш тавсия этилсин.

21. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан вилоят ҳокимининг 2016 йил 24 апрелдаги 198-қ-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

22. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Эгамбердиев ҳамда ҳоким ўринбосарлари С.Исмоилов-(йиғин), И.Холматов зиммаларига юклатилсин.

 

 

Вилоят ҳокими                                                Ш.Абдураҳмонов


Киритилган вақти: 19/06/2017 11:22 Кўрилганлиги: 340
 
Жами мурожаатлар: 1239 (100%)
Кўриб чиқилган: 1013 (82%)
Кўриб чиқилмоқда: 226 (18%)

Сайтдаги интерактив хизматлар кай даражада?

Матнда хатолик топдингизми?
 
Ташриф:
Кўришлар:
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг