Ассалому алайкум ҳурматли меҳмонлар!
Қадрли аскарлар, сержант ва офицерлар ҳамда Қуролли Кучларимиз фаҳрийлари!
Авваламбор, вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Қўшақбоевич Абдураҳмоновнинг Ўзбекистонимиз ҳаётидаги қутлуғ сана – Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 25 йиллиги байрами билан самимий табригини етказиб қўйишга рухсат бергайсизлар!
Бу йил байрам тадбирлари Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг таъкидлагандек, ташкилий ва сифат жиҳатдан энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Давлат мустақиллиги байрами даражасида ҳар бир ҳудудда, ҳар бир ҳарбий қисмларда алоҳида нишонланмоқда.
Дунёда шарафли касблар кўп, улар орасида энг шарафлиси ўз она Ватани ва халқининг тинчлиги учун хизмат қилишликдур.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг“Армиямиз Ватанимизнинг муқаддас сарҳадлари, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёти, мусаффо осмонимизнинг ишончли ҳимоясини таъминлашга қодир”- деган сўзлари халигача халқимизнинг осойишта ҳаёт кечиришига янада қатъий ишонч бағишламоқда.
Азиз ҳамюртлар!
Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ, тарихан қисқа давр мобайнида замонавий, пухта тайёрланган, ҳар томонлама мукаммал қуролланган миллий армиямизни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Натижада юртимиз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир миллий армиямиз қарор топди.
Муддатли ҳарбий хизматни бир йил этиб белгиланганлиги, сафарбарлик чақируви резерви хизматининг жорий этилганлиги, чақирувнинг бир йилда бир марта ташкил қилинганлиги армиямизнинг жанговар тайёргарлигини кескин ошишига олиб келди.
Офицерлар ва сержант кадрларни тайёрлаш ҳамда малакасини оширишнинг замонавий талабларга жавоб берадиган самарали тизими яратилди.
Хусусан, ҳарбий хизматни ўзининг касби, Ватан ва халқ олдидаги муқаддас бурчи деб билган ўғлонларимизни шарафлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Ҳурматли тантана иштирокчилари!
Ватан ҳимоячилари байрами куни олдидан муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан вилоятимиздан жами
8 нафар ҳарбийларимиз шундан, 4 нафар “Содиқ хизматлари учун” ва 4 нафари эса “Жасорат” медаллари билан тақдирланиши барчамизни беҳад қувонтирди.
Шунингдек, вилоятимизда хизмат қилаётган 97 нафар ҳарбийлар “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил" эсдалик нишони билан тақдирланиши, биз андижонликларни бехад хурсанд қилди.
Фурсатдан фойдаланиб, вилоятимиз ҳокими номидан барча мукофотланган ҳарбий хизматчиларни қизғин табриклайман.
Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан Андижон шаҳрида 4 млрд. сўмбюджет маблағлари ҳисобидан 32 нафар офицер ва сержантлар учун кўп қаватли уй – жойлар қурилиб берилганлиги ҳарбий хизматчиларимизга берилаётган улкан шароит десак адашмаймиз.
Ватан ҳимоячилари кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш мақсадида вилоятимизнинг таниқли олимлари, санъаткор, ижодкорларидан иборат тарғибот гуруҳлари тузилиб, жойларда, ҳарбий қисмларда унутилмас учрашув ва маънавий-маърифий кечалар ўтказиб келинмоқда.
Шубҳасиз, бу тадбирлар нафақат ҳарбий хизматчиларни, балки ўсиб келаётган ёш авлодни она-юртга садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Қадрли Ватанимиз ҳимоячилари !
Мана шу қутлуғ кунда Сизларни бугунги байрам билан чин дилдан самимий муборакбод этаман.
Халқимизга муносиб ва хақли равишда фахрлана оладиган қуролли кучлар яратиш йўлида олиб борилаётган ишларингиз бардавом бўлсин.
Шу муносабат билан барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик, хизматларингизда муваффақиятлар тилайман. Чегараларимиз дахлсиз, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Яна бир бор байрамингиз билан, азиз Ватан ҳимоячилари!