Бош саҳифа / Вилоят ҳокимлиги / Вилоят ҳокимининг маърузалари / Андижон вилояти ҳокими Ш.Қ.Абдураҳмоновнинг Алишер Навоий ҳазратлари таваллудининг 576 йиллиги муносабати билан ўтказилилаётган тадбирдаги табрик С Ў З И
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Андижон вилояти ҳокими Ш.Қ.Абдураҳмоновнинг Алишер Навоий ҳазратлари таваллудининг 576 йиллиги муносабати билан ўтказилилаётган тадбирдаги табрик С Ў З И

Ассалому алайкум азиз ҳамюртлар!

Қадрли адабиёт ва шеърият шайдолари!

Ҳар қайси халқнинг она тили ва адабиёти унинг миллий руҳи ва ўзлигининг, ҳамда миллий ғоясининг асоси ҳисобланади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур” деган ҳикматли сўзлари ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Ўзбек тилининг ҳар томонлама тараққий топиши ва адабий тил сифатида майдонга чиқишида қадимий туркий тил катта ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Ўзбек адабий тили айниқса XIV-XV асрларда – Амир Темур ва темурийлар даврида ривожланишнинг янги, юксак босқичига кўтарилгани хеч кимга сир эмас албатта.

 

 

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Низомиддин Мир Алишер Навоий умумбашарият маданий хазинасидан муносиб ўрин олган ўлмас асарларини айнан она тилимизда яратиб, унинг шуҳратини бутун дунёга тараннум этган буюк мутаффаккирдир.

Ушбу тилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Огаҳий, Машраб, Муқимий, Фурқат, Чўлпон каби ўнлаб мумтоз адиб ва алломаларимизнинг ижодида она тилимизнинг луғат бойлиги, бадиий имкониятлари, унинг гўзаллиги ва нафосати янада ёрқин намоён бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Уларнинг она тилимизда мана шундай гўзал, жозибадор умрибоқий ижод намуналарини яратишида шубҳасиз, ўзбек адабий тилининг асосчиси Хазрат Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёс.

Буюк сўз санъаткорлари тарихнинг туб бурилиш нуқталарида, миллатни бирлаштирувчи, руҳан юксалтирувчи бадиий сўзга кучли эхтиёж туғилган пайтда дунёга келади. Алишер Навоий ҳудди ана шу даврда дунёга келди.

 

 

Истиқлолимиз шарофати, давлатимиз ва фидойи халқимиз саъй-ҳаракати туфайли маънавий меросимиз, жумладан, улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий ижодини ўрганишга эътибор кучайди, бамисоли қайта туғилди десам асло муболаға бўлмайди.

Азиз юртдошлар, қадрли ёшлар!

Айни фурсатда аждодларимиз хотирасини тиклашдек эзгу ишлар бошида турган Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев куни кеча Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғининг “Шоирлар хиёбонида” бир гуруҳ адиблар билан учрашувида, “Шеъриятга ошно бўлган инсон асло кам бўлмайди” деб таъкидлаб ўтдилар.

Шуни қувонч билан айтиш жоизки, Алишер Навоийнинг боғи ва серқирра ижоди нафақат ўзбек адабиётида балки жаҳон адабиётида ҳам салмоқли ўринга эга. Улуғ шоиримизнинг асарлари ҳаётлик давридаёқ Хитойдан тортиб то-Кичик Осиёгача етиб борди ва ҳозирда бутун дунё халқлари унинг шеър ва ғазалларини севиб ўқимоқда.

 

 

Бугун Алишер Навоий даҳоси ҳақли равишда жахон маданиятининг мумтоз вакиллари сафидан ўрин олди. Унинг асарлари жаҳондаги юзлаб тилларга таржима қилинди. Дунё аҳли унинг маънавий мероси билан қизиқмоқда, асарларида олийжаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадалардан завқ олмоқда.

Азизлар!

Шоир ҳайкаллари Япониянинг Сока университети ҳовлисида, Москва ва Боку шаҳарларида қад кўтаргани барча фикрларимиз яққол тасдиқлайди.

Навоий ижоди ўзининг ҳақиқий қадр-қимматини мустақил Ўзбекистонда топди дея баралла айта оламиз.

Буни истиқлолимизнинг биринчи кунларидан, яъни 1991 йилни – “Алишер Навоий йили” деб аталганини ўзи ҳам исботлайди. Мамлакатимиз бу улуғ зот номи билан мустақиллик даврига қадам қўйди. Бунда ўзига ҳос рамзий маъно бор. Зеро, Навоий ўзининг ҳаёти ва фаолиятини халқнинг тинчлиги ва эркинлигига ҳамда ўзбек тилининг шон-шуҳрати учун баҳшида этган зотдир.

 

Сўзимни муҳтасар қилиб шуни айтмоқчиманки, ўзбек халқининг  учта бахти бор деб баралла айта оламиз. Халқимизнинг 1-бахти бу – мустақиллигимиз, 2-бахти – Яратганни назари тушган муқаддас тинч заминимиз, 3-бахти – Навоийдир.

Мана шу бахтимизга кўз тегмасин. Ўз тилимизда Навоийни ўқиш ва ўрганиш бахтини берган истиқлолимиз янада гуллаб яшнасин.

 

Эътиборингиз учун раҳмат.


Охирги ўзгариш: 13/03/2017 00:08 Кўрилганлиги: 2875
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 163
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг