Бош саҳифа / Вилоят ҳокимлиги / Вилоят ҳокимининг маърузалари / Андижон вилояти ҳокими Ш.Қ.Абдурахмоновнинг 8 март - Хотин-қизлар байрами муносабати билан ўтказиладиган тантанали маросимдаги табрик СЎЗИ
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Андижон вилояти ҳокими Ш.Қ.Абдурахмоновнинг 8 март - Хотин-қизлар байрами муносабати билан ўтказиладиган тантанали маросимдаги табрик СЎЗИ

Ассалому алайкум, қадрли онахонлар!

Мунис ва меҳрибон опа-сингиллар!

Анжуманимизнинг ҳурматли меҳмонлари!


Энг гўзал ойнинг энг нафис байрами - хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш анъанаси йил сайин умумдавлат аҳамиятига эга бўлиб, юқори мақом даражасига кўтарилмоқда. Жамиятнинг маданият даражаси, маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади.

Донолар айтганидек, дунёда аёл меҳрининг баҳосини ўлчайдиган меъзон, тенглаштирадиган бойлик йўқ. Бу аёл деган улуғ хилқатда нозик таъб, буюк қалб, назокатли кўнгил, бетакрор фидоийлик, она жасорати мужассамлиги натижасидир.

Мана шундай фазилатлар эгаси бўлган ҳар бирингизга байрам муборак бўлсин!

 

Азиз опа-сингиллар!

Аёллар шарафига Тожмаҳаллар қурилган, бир дона ҳолига гўзал шаҳарлар фидо қилинган, шоирларга энг шоҳ сатрлар илҳомини берган, хукмдорларга улкан шаҳарларни обод этиш ғайратини бахш этган аёл зотини улуғлайдиган кунларимиз бор бўлсин!

Ҳалқимизда “Отаси яхши-биттаси яхши, онаси-яхши ҳаммаси яхши” деган нақл бор. Жами фазлу яхшилик аёлдан бошланади. Дарҳақиқат, аёлга нима керак? Аёлга бахт, меҳр ва муҳаббат керак! Ҳар бир аёл ўз оиласи, қўрғони, кўнгли тинч, юрти ва фарзанди омон, бошида турган бошпаноҳи-турмуш ўртоғи соғ бўлса, ҳамиша ўзида яшашга, турмушда катта ўзгаришлар ясашга куч топа олади.

Боболаримиз эътироф этганларидек, ҳаётимизга мазмун бағишлайдиган, бизни ҳамиша одамийлик, мардлик, олийжаноблик сари чорлайдиган, сабр-тоқат, садоқат соҳибаси бўлмиш аёлнинг меҳр-муҳаббати ва заҳматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Бу кўҳна тарих Тўмарис, Нодирабегим, Гулбаданбегим, Увайсий, Зулфия, Саида Зуннуновадек буюк аждодларимизнинг миллатимиз шаъни, ор-номусини сақлаш йўлидаги жасоратларига гувоҳдир. Улуғ момоларимизга хос бўлган ноёб фазилатлар замонамиз аёллари сиймосида ҳам давом этаётганидан беҳад фахрланамиз.

Мустақил Ўзбекистонимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Сиз аёлларни оила қўрғонининг чароғбони деб кўкларга кўтарган.

2016 йил 28 декабрда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович томонидан “Нуроний” жамғармасини қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган Фармонда узоқ йиллар меҳнат қилган ва ҳатто ишламаса ҳам фарзандларини оқил ва юртга садоқатли қилиб тарбиялаб, ҳурмат қозонган оналар учун “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилгани фикримизнинг далилидир.

Фарзандлар бахтидан, нуроний отахон ва онахонларнинг ҳурмат иззат топишидан, оиланинг бекам-кўстлигидан, юрт тинчлиги, Ватан равнақи, турмуш фаровонлигидан биринчи навбатда оналар манфаатдордир.

Демак, мамлакатимизда олиб борилаётган барча бунёдкорлик ва эзгу ишлар, яратилаётган гўзалликлар Сиз оналар, опа-сингилларнинг кўнглингизни олиш учун бунёд этилаётганлигидан бахтиёрмиз.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Жаннатмонанд юртимиз-қадимий ва навқирон Андижонимиз шон-шарафини тобора юксалтиришда жонкуярлик қилаётган, ҳалол ва самарали меҳнатлари билан эътирофга сазовор бўлаётган хотин-қизлар сафи йил сайин кенгайиб бораётгани барчамизни қувонтирмоқда.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида бир гуруҳ фидойи кишилар қатори, фаол аёлларимиздан 10 нафари Ҳукуматимизнинг нуфузли мукофотлари билан тақдирландилар. Улар орасида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони билан тақдирланган Умарова Дилфуза, “Меҳнат шуҳрати”  ордени соҳибаси Мамажонова Одинахон, Дўстлик ордени соҳибалари Ибрагимова Гулбаҳор, Қорабоева Момохон, ногирон бўлса-да ҳунармандчиликни ҳақиқий санъат даражасига олиб чиқиб, “Жасорат” медали билан тақдирланган Дилфуза Тўхтаева каби опа-сингилларимизнинг номларини алоҳида ҳурмат билан таъкидлаб ўтаман.

Хотин-қизларимиздан 1 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида, 128  нафари вилоят, шаҳар туман кенгашларида депутат сифатида пешқадамлар сафида бораётгани барчамизга маълум.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Тожибархон Юлдашеванинг фаолиятида ҳам андижонча аёлларга ҳос бўлган мардлик ва шижоатни кўриб турибмиз.

Бугунги кунда вилоятимиз ижтимоий ҳаётининг энг муҳим соҳаларидан бўлган халқ таълими тизимида 71,7 фоизни, соғлиқни сақлаш тизимида 77,9 фоизни, маданият ва санъат соҳасида 54,4 фоизни, фан ва илмий хизмат кўрсатиш соҳасида 46,4 фоизни, шу билан биргаликда молия, кредит, суғурта, пенсия таъминоти тизимларида 39 фоиздан ортиғини ташкил этаётганлиги сафимизда нечоғли салоҳият эгалари борлигини кўрсатиб турибди.

Вилоятимизда тадбиркорлик ҳаракатини олиб бораётган, халқимиз турмуш фаровонлиги йўлидаги ҳиммати билан ном таратаётган ўн минглаб тадбиркор аёлларимизни вилоятимиз иқтисодиётининг равнақига салмоқли ҳисса қўшаётганини ва уларнинг сони йил сайин ортиб бораётганини алоҳида эътироф этиш жоиз албатта.  Давлатимиз раҳбарининг паррандачилик ва лимонария ташкил этиш йўли билан оилалар фаровонлигини юксалтириш, аёлларнинг фарзанд тарбияси билан уйғун равишда ижтимоий фаол ҳаётга жалб этиш борасидаги ислоҳотларни амалга оширишга “лаббай” дея жавоб бериб, ўз тадбиркорлик ишини бошлаб юборган опа-сингилларимизнинг ташаббускорлигини доимо қўллаб-қувватлаймиз.

Сизлар келажакда ҳам давлат ва маҳаллий дастурларда белгиланган имтиёзлардан оқилона фойдаланиб, давлат ва жамият бошқарувида дадиллик, шиддат ва нафосатни, ор-номус ва ҳаёни ўзингизга байроқ қилиб фаоллик кўрсатишлариингизга ишонаман.

Мамлакатимизда билимли, оқила, ҳар томонлама тенгдошларига ўрнак кўрсатаётган зукко қизларимиз сафи йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Уларнинг фан-таълим, адабиёт, санъат, маданият соҳаларида эришаётган муваффақиятлари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Куни кеча эса яна бир қизимиз – вилоятимизнинг чекка ва чегара ҳудудларидан бўлган
Жалақудуқ туманида ўсиб вояга етган, ёрқин истеъдод эгаси Тоштемирова Илтижо Валишер қизи Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Биз бу иқтидорли қизимизни ана шу юксак мукофот билан чин дилдан қутлаймиз.

Хотин-қизларимизни спорт соҳасида эришаётган ютуқлари ҳам нафақат Ўзбекистонни, балки бутун дунёни лол қолдимоқда десам асло муболаға бўлмайди. 2016 йилда Бразилияда ўтказилган 15-Паралимпия ўйинларида андижонлик  Муслима Одилова сузиш бўйича ўз маҳоратини  намойиш қилиб, кумуш медалини қўлга киритди. Жаҳон тан берган Руслан Нуритдинов, Хасанбой Дўсматовни тарбиялаб, вояга етказган оналарга эса дунё таъзим қилмоқда.

Қадрли дўстлар!

Барчамизни оқ ювиб, оқ тараган, шу юртнинг оғир-енгилини умр бўйи елкасида кўтариб келган, хонадонларимизнинг файзи ва кўрки бўлган азиз ва мўътабар онахонларни рози қилиш, дуосини олиш – дунёдаги энг улуғ мақсадимиздир. 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да ана шундай мақсад билан яшасак барча ишларимиз бароридан келади.

Вилоятимизда барча оналар бугунги кунда фарзандлари, невара, чеваралари қувончи билан, эл-юрт ардоғида яшамоқдалар. Кўплаб нуроний онахонларимиз фарзандларига ҳаётий тажриба ва билимларини ўргатиб, ҳаётнинг оғир енгилига тайёрлаб бораётганлари алоҳида эътиборга лойиқ.

Юртимизнинг шундай онахонлари борки, уларнинг номи бутун бир тарих саҳифаларини безашга, келажак авлодга ибрат қилиб кўрсатишга арзийди, эзгу ишлари эса юрти учун фахр-ифтихор намунаси бўла олади.

Бугунги шодиёна минбаридан туриб, ўз оиласини, фарзандлари тарбиясини гул-гул яшнатиб қўйиш баробарида вилоятимиз ишлаб чиқариши ва ижтимоий ҳаёти, борингки, халқ хўжалигининг барча соҳаларида фидокорона меҳнат қилган ва қилаётган барча мунис аёлларимиз олдида таъзим қиламан.

Оналик шаънини, ўзбек аёли ор-номуси, қадр-қимматини юксакларга кўтарган бу инсонлар биз учун доимо азиз ва мукаррамдир. Сизнинг табаррук сиймонгиз, ҳар бир сўзингиз бизга ҳамиша ҳамроҳ ва йўл кўрсатувчи маёқдир.

Сизнинг суҳбатингизни олсак, ҳаёт ташвишларидан безовта юрагимиз таскин топади. Сиз фотиҳага кўл очганингизда, бутун вужудимиз қулоққа айланди. Ҳар сафар дуо қилганингизда юртимиз тинчлигини сўрайсиз, одамлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилмаслигини ва бизларга узоқ умр тилашни унутмайсиз.

Юртимизнинг кун сайин обод бўлаётгани, бозорларимиздаги тўкинлик, қизларимизнинг ҳаёли, иболи, йигитларимизнинг жасур ва мард бўлиб улғайишлари ҳам шу дуолар шарофатидандир. Ҳаётимизнинг кўрки ва маъноси бўлган аёлларга изҳор этилажак эзгу тилаклар бугун оламга сиғмайди.

Хонадонларимизнинг чироғи, фарзандларимизнинг меҳрибони, юракларимиз қўри, кўзларимизнинг нури ва ғуруримиз бўлган Сиз аёлларга ҳар қанча таъзим айласак кам! Сизнинг олтин қўлларингиз ҳам бешикни, ҳам дунёни тебратади.

Ҳурматли онахонлар, қадрли опа-сингиллар!

Бугунги байрам ҳаммамизга, ҳар биримизга янги куч, янги ғайрат бағишлайди. Ишончим комилки, Андижонимиз аёллари ўзларининг ватанпарварлик ҳаракатлари, янгидан-янги ташаббуслари билан жаннатмонанд юртимиз равнақига янада баракали ҳиссаларини қўшадилар.

Сўзимнинг якунида бугунги тадбиримиз иштирокчиларига ҳамда вилоятимизда истиқомат қилаётган барча меҳрибон опа-сингилларимизга Яратгандан сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилайман.

 

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

 

 

Яна бир бор айёмингиз муборак бўлсин!

 

Эътиборингиз учун раҳмат.

 


Киритилган вақти: 13/03/2017 00:19 Кўрилганлиги: 3386
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 182
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг