Бош саҳифа / Вилоят ҳокимлиги / Ҳамкорлик / Ўзбек адабиёти хорижлик олимлар эътирофида
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Ўзбек адабиёти хорижлик олимлар эътирофида

ЎзА мухбирлари “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун юртимизга келган айрим хорижлик адиблар ва олимлардан интервью олди.

Игорь ШПАК, “АДЕФ” нашриёт уйи раҳбари (Украина): 

– Мазкур нуфузли конференцияда «Алишер Навоий қаламига мансуб “Фарҳод ва Ширин” асарининг украин тилига таржимаси ва ушбу асарнинг халқаро миқёсдаги ўрни" мавзусидаги маърузам билан иштирок этяпман. Алишер Навоий асарлари илоҳий ишқ тараннум этилгани билан ҳаётимда чуқур из қолдирган. Дарҳақиқат, муҳаббат ва дўстлик Яратганнинг инсониятга берилган энг гўзал неъматидир. Алишер Навоий кўрсатган йўл замон ва макон танламайди. Шу боис унинг асарларини бутун дунёга, хусусан, украин халқига мукаммал ҳолда етказиш ҳаракатидаман. 

Азизуддин ҲУСАЙН, Жамия миллий исломия марказий университети профессори (Ҳиндистон): 

– Ҳиндистон давлат архивида ишлаган кезларимда Мирзо Бобурнинг ижод намуналари билан танишиб, уларнинг аксарияти фақат архивларда қолиб кетмаслиги учун нашр эттириш ишларига бош-қош бўлдим. Дунёга маълум, Мирзо Бобур нафақат буюк сиёсат арбоби, балки етук шоир сифатида мумтоз адабиётда из қолдирган. Бугунги кунда Ҳиндистондаги “Рампур” кутубхонасида “Бобур девони” қўлёзмаси сақланмоқда. Ушбу китобнинг ноёблиги шундаки, ундаги рубойилардан бири айнан Мирзо Бобурнинг ўз ҳуснихатида битилган. 

Ўзбекистон улуғ алломалар қадамжоларига бой юрт. Конференция олдидан Зангиота, Ҳазрати Имом зиёратгоҳлари ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан танишишга муяссар бўлдик. Мирзо Бобур девонининг бир нусхасини мазкур кутубхонага совға қилдик. Ўйлайманки, бу бобуршунос олимлар ва ўзбек адабиёти ихлосмандларига муҳим манба бўлиб хизмат қилади. 

Ҳусайн Муҳаммадзода СИДИҒ, Теҳрон университети профессори: 

– Ушбу конференцияга Мир Алишер Навоийнинг таржимаи ҳоли ҳамда шоҳ асарларининг турк ва форс тилидаги таржималарининг тадқиқотлари юзасидан олиб борган изланишларимни тарғиб этиш мақсадида келдим. Эрон халқи Навоий асарларини севиб мутолаа қилади. Шу боис икки йил аввал Алишер Навоийнинг “Муҳокаматул луғатайн” ҳамда “Меъзон-ул авзон” асарларини форс тилида чоп эттиришга муваффақ бўлдим. 

Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишга бағишланган халқаро конференция ўзбек адабий меросини дунё халқларига янада кенг ёйиш ва нуфузини оширишга хизмат қилади, деб ўйлайман. 

Зуҳра Мирзабоева, Абдулазиз Рустамов, ЎзА сайтидан олинди.


Охирги ўзгариш: 19/09/2018 20:15 Кўрилганлиги: 4201
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 221
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг