Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Қарорлари, ички ишлар вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 майдаги “Ўзбекистон Республикаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда ушбу қарор билан тасдиқланган “2018-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш” Концепцияси ва уни 2018-2019 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижросини таъминлаш бўйича вилоятимизда ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Унга кўра вилоятда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг вазиятли харитаси тузилиб, авария ўчоқлари аниқланмоқда ва уларни бартараф этиш чоралари белгиланмоқда.
Ушбу ҳудудларга ходимларнинг хизмат олиб борадиган жойлари яқинлаштирилиб, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг куч-воситаларининг ягона жойлашув дислокациясига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари билан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида режа асосида ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида қайд этилган 323 та йўл-транспорт ҳодисасининг 228 таси, яъни етмишу ўндан 5 фоизи пиёда ва велосепед бошқарувчисини уриб юбориши натижасида юзага келган. Содир этилган йўл-транспорт ҳодисасининг 294 таси ҳайдовчилар, 29 таси пиёдалар айби билан бўлган.
Ҳаракат хавфсизлигига жиддий раҳна солувчи камчиликлар йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари тасарруфидаги автомобиль йўлларида ҳам мавжуд бўлиб, уларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан таклифлар берилган. Айни кунларда йўл белгилари алмаштирилмоқда, зарурият бўлган жойларга янгилари қўйилмоқда. Йўл чизиқлари тортилиб, пиёдалар ўтиш жойларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Аҳоли ўртасида йўл-транспорт ҳодисаларининг оғир оқибатлари ҳақида тушунтириш-тарғибот ишларини ташкил этиш, ҳайдовчиларнинг ҳушёрлигини оширишга қаратилган тадбирларни таъсирчанлигини ошириш мақсадида турли воситалардан фойдаланилмоқда. Оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда кўрсатув, лавҳалар, ижтимоий роликлар, мақолалар бериб борилмоқда. Ўтказилаётган учрашувларда қоидабузарликнинг салбий оқибатлари ҳақида маълумотлар берилмоқда. Бўлиб ўтган йўл-транспорт ҳодисалари муҳокама қилинмоқда. Тарғибот автокарвони ташкил этилиб, унда автоавариянинг аянчли кўриниши намойиш этилмоқда.
Жорий йилнинг 16 июль куни Шаҳрихон туманида истиқомат қилувчи Абубакир Маҳмудов ўзининг ”Дамас” русумли автомашинасида Хонобод йўналишида кетаётиб, Қўрғонтепа тумани Эшонқишлоқ маҳалласи ўрамида бошқарувни йўқотади. Натижада қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, Андижон нефтбазаси масъулияти чекланган жамиятининг Гурунчмозор филиали ҳайдовчиси Эркинжон Собиров бошқарувидаги ГАЗ 5204 русумли юк машинаси билан тўқнашув содир этади. ”Дамас” автомашинаси ҳайдовчиси оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқазилган.
Бундай ҳодисаларнинг олдини олишда энг аввало ҳушёрликни ошириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш, ёш болаларни доимо назоратда тутиш муҳим аҳамиятга эга.