Бош саҳифа / Маълумотнома / Давлат мукофотлари
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Давлат мукофотлари

Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари


Ўзбекистон Республикаси унвонлари

«ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ» унвони

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони олий даражадаги мукофот бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига давлат ва халқ олдидаги қаҳрамонона жасорат кўрсатиш билан боғлиқ хизматлари учун берилади. «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларга ҳам берилиши мумкин. «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган шахсга «Олтин Юлдуз» медали ва унвон берилганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжат топширилади.

Ўзбекистон Республикаси орденлари

МУСТАҚИЛЛИК ордени

“Мустақиллик” ордени билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари мустақил ҳуқуқий давлат барпо этиш ва уни мустаҳкамлашга, республикада тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қўшган улкан ҳиссалари учун мукофотланадилар. “Мустақиллик” ордени билан айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

АМИР ТЕМУР ордени

“Амир Темур” ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлатчиликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари, меъморчиликни, илм-фан, адабиёт ва санъатни, шу жумладан ҳарбий маҳоратни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссалари учун мукофотланадилар. «Амир Темур» ордени билан давлатлараро ҳамкорликни, тинчликни ҳамда халқлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш ишига алоҳида ҳисса қўшганлик учун ҳам тақдирланадилар. “Амир Темур” ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ ордени

“Жалолиддин Мангуберди” ордени билан мамлакат мустақиллигини, Ватан сарҳадларини, она юрт тупроғини ҳимоя қилишда ҳамда уни кўз қорачиғидай асрашда юксак ҳарбий маҳорат, қаҳрамонлик ва жасорат намуналарини кўрсатган, давлатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган қўмондонлик таркибига кирувчи ҳарбий хизматчилар мукофотланадилар.

БУЮК ХИЗМАТЛАРИ УЧУН ордени

“Буюк хизматлари учун” ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда хорижий давлатларнинг фуқаролари фан ва техникани, иқтисодиёт ва маданиятни ривожлантиришдаги катта хизматлари, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини оширишга қаратилган ички ва ташқи сиёсатни амалга ошириш ишига сезиларли ҳисса қўшганлиги учун тақдирланадилар.

ЭЛ-ЮРТ ҲУРМАТИ ордени

“Ел-юрт ҳурмати” ордени билан мамлакат мустақиллигини, унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга, миллий маънавиятни, маданиятни юксалтиришга катта ҳисса қўшган, ўз меҳнати, илмий, жамоат иши, меҳнацеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчиликнинг иззат-ҳурматига сазовор бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мукофотланадилар. «Ел-юрт ҳурмати» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланишлари мумкин.

ФИДОКОРОНА ХИЗМАТЛАРИ УЧУН ордени

“Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мамлакатнинг иқтисодий ва маданий юксалишига, мудофаа қудратини кучайтириш ва миллий хавфсизлигини таъминлашга, жамиятда тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, халқ фаровонлигини оширишга катта ҳисса қўшган, ўзининг истеъдоди, билим ва тажрибасини Ватанимиз равнақига бахш этиб, фидойилик намунасини кўрсатиб келаётган фуқаролар ва ҳарбий хизматчилар мукофотланади. “Фидокорона хизматлари учун» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

МЕҲНАТ ШУҲРАТИ ордени

“Меҳнат шуҳрати” ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистонда иқтисодиёт ва маданият юксалишига, халқ фаровонлиги ошишига, тинчлик ва барқарорлик сақланишига хизмат қиладиган улкан ишлари учун мукофотланадилар. Мустасно ҳолларда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

СОҒЛОМ АВЛОД УЧУН ордени (биринчи даражали)

“Соғлом авлод учун” ордени билан кишилар оналик ва болаликни муҳофаза қилишдаги, соғлом авлодни камол топтириш учун энг яхши моддий шароит ва ахлоқий муҳитни таъминлашдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланадилар. “Соғлом авлод учун” ордени билан Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган кишилар ҳам мукофотланишлари мумкин. “Соғлом авлод учун” ордени икки даражадан иборат бўлади:

СОҒЛОМ АВЛОД УЧУН ордени (иккинчи даражали)

“Соғлом авлод учун” ордени билан кишилар оналик ва болаликни муҳофаза қилишдаги, соғлом авлодни камол топтириш учун энг яхши моддий шароит ва ахлоқий муҳитни таъминлашдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланадилар. “Соғлом авлод учун” ордени билан Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган кишилар ҳам мукофотланишлари мумкин.

ШОН-ШАРАФ ордени (биринчи даражали)

«Шон-шараф» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ватанни ҳимоя қилишда кўрсатган фидойилик ва мардлик учун, Ўзбекистонда мудофаа қудратини ва миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш, қуролли кучларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ишидаги катта хизматлари учун мукофотланадилар. Мустасно ҳолларда «Шон-шараф» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин. «Шон-шараф» ордени икки даражадан иборат бўлади:

ШОН-ШАРАФ ордени (иккинчи даражали)

«Шон-шараф» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ватанни ҳимоя қилишда кўрсатган фидойилик ва мардлик учун, Ўзбекистонда мудофаа қудратини ва миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш, қуролли кучларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ишидаги катта хизматлари учун мукофотланадилар. Мустасно ҳолларда «Шон-шараф» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

ДЎСТЛИК ордени

«Дўстлик» ордени билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида эришган катта ютуқлари, Ўзбекистон халқининг бошқа мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорлигини ривожлантирганликлари учун мукофотланадилар. «Дўстлик» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси медаллари

ЖАСОРАТ медали

«Жасорат» медали билан Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хизматчилари, Миллий хавфсизлик хизматининг ва ички ишлар органларининг ходимлари республиканинг миллий хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашда, ҳарбий бурчни ёки хизмат бурчини адо этиш вақтида кўрсатган мардлик ва жасоратлари учун мукофотланадилар. «Жасорат» медали билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар табиий офат, ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатлар вақтида жамоат тартибини сақлашда, одамлар ҳаётини, давлат ва жамоат мулкини сақлаб қолишда кўрсатган жасоратлари учун мукофотланишлари мумкин.

СОДИҚ ХИЗМАТЛАРИ УЧУН медали

"Содиқ хизматлари учун" медали билан юксак касбий маҳоратини, ҳарбий ва ватанпарварлик бурчига садоқатини намоён этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мамлакатнинг мудофаа қобилияти ҳамда миллий хавфсизлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг жанговар шайлигини ошириш ва Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ишидаги катта хизматлари учун мукофотланадилар. "Содиқ хизматлари учун" медали билан айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин

ШУҲРАТ медали

“Шуҳрат” медали билан республика иқтисодиёти, фани ва маданиятини ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик ҳамда миллий истиқлол ва ижтимоий тараққиёт ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишида ўзининг ҳалол меҳнати билан катта ютуқларга эришган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар мукофотланадилар.

Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари

ЗУЛФИЯ номидаги давлат мукофоти

Ўзбекистон Республикасининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида аъло ҳулқи, ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги билан алоҳида истеъдодини намоён қилиб таълим олаётган, истиқлол ғояларини амалга ошириш йўлида астойдил меҳнат қилаётган 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган иқтидорли қизларга адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим соҳаларидаги ҳамда жамоатчилик фаолиятидаги алоҳида ютуқлари учун берилади. Зулфия номидаги Давлат мукофоти Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг биттадан вакилаларига, жами 14 та берилади.

Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонлари

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАН АРБОБИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони олимларга фан ва техника соҳасидаги ғоят қимматли асарлари, кашфиёт ва ихтиролари учун, Фан ва техникани ривожлантиришдаги, унинг ютуқларини тарғиб ва жорий этишдаги, республика халқ хўжалиги учун илмий кадрлар ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашдаги хизматлари учун берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САНЪАТ АРБОБИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвони юксак бадиий асарлар яратган, республикада адабиёт ва санъатни ривожлантиришда, ижодий кадрларни тайёрлаш ва тарбиялашда хизмат кўрсатган режиссёрларга, бастакорларга, дирижёрларга, балетмейстерларга, мусиқа, хор, рақс ва бошқа ба"диий жамоаларнинг раҳбарларига, маданият ва санъат ўқув юртларининг муаллимларига, ранг тасвир, наққошлик, ўймакорлик, гиламдўзлик ва халқ ижодиётининг бошқа турларида юксак асарлар яратган халқ усталарига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН ИФТИХОРИ фахрий унвони

«Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони жаҳон чемпионатларида, Олимпия ўйинларида ва шуларга тенг жаҳон спорт анжуманларида ғолиблик — чемпионлик унвонига эришган ҳамда ўз ютуқлари билан Ватан обрўсини, шони ва шуҳратини улуғлашга кўмаклашган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ АРТИСТИ фахрий унвони

«Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвони атоқли санъат арбобларига театр, мусиқа, кино, эстрада, сирк, телевидение ва радио эшиттиршни ривожлантиришдаги, республикада ижодий кадрларни тайёрлаш ва тарбиялашдаги алоҳида хизматлари учун берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ БАХШИСИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвони бахшичилик санъатини янада ривожлантиришдаги, миллий қадриятларимизни эъзозлаш ва ўзбек халқ оғзаки ижодиётини кенг тарғиб этишдаги, ўз ижоди ва ижрочилик фаолияти билан халқимизни, айниқса ёшларни кўп минг йиллик маданиятимиз сарчашмаларидан баҳраманд қилишдаги ҳамда Ватан истиқлоли ва шон-шарафини улуғлаш йўлидаги салмоқли ҳиссалари учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ҲОФИЗИ фахрий унвони

«Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи» - фахрий унвони қўшиқчиларга юксак ижрочилик маҳорати, Ўзбекистон мумтоз мусиқа меросини ва мусиқавий-шеърий санъатнинг анъанавий шаклларини ўзлаштирганлиги ва ривожлантирганлиги, фаол тарғиб қилганлиги учун берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ЎҚИТУВЧИСИ фахрий унвони

«Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» - фахрий унвони болалар ва ёшларга таълим ҳамда тарбия беришда, халқ таълимини ривожлантириш ишида алоҳида хизмат кўрсатган барча турдаги умумтаълим мактабларининг ўқитувчиларига, олий ўрта махсус ўқув юртлари, ҳунар-техника билим юртларининг муаллимларига, халқ таълими тизимидаги ўқув-тарбия, услубият ва бошқа муассасаларининг ходимларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ РАССОМИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми” фахрий унвони атоқли тасвирий санъат арбобларига ранг тасвир, графика, ҳайкалтарошлик, амалий-декоратив, театр ва кино санъатини ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ШОИРИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикаси халқ шоири” фахрий унвони адабиётни ривожлантиришда алоҳида хизмат кўрсатган, республикада ва унинг сарҳадларидан ташқарида машҳур бўлган юксак шеърий асарлар яратган шоирларга берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ УСТАСИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвони халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатни ривожлантиришда алоҳида хизмат кўрсатган халқ усталарига уларнинг миллий маданиятни янада ривожлантириш ва истеъдодли ёшларни тайёрлашга қўшган ҳиссалари учун берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ЁЗУВЧИСИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси” фахрий унвони адабиётни ривожлантиришда алоҳида хизмат кўрсатган, халқ томонидан кенг эътироф этилган юксак бадиий асарлар яратган ёзувчиларга, драматурглар, танқидчилар ва адабиёцҳунос олимларга берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН АЛОҚА ХОДИМИ фахрий унвони

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган алоқа ходими» фахрий унвони алоқа воситаларини ривожлантириш ва такомиллаштиришда, республика халқ хўжалигига ва аҳолисига алоқанинг барча турлари билан намунали хизмат кўрсатиш ишини ташкил этишда алоҳида хизмат кўрсатган алоқа ходимларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН АРТИСТИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони республикада санъатни ривожлантиришда, республикада ижодий кадрларни тайёрлаш ва тарбиялашда хизмат кўрсатган театр, кино, эстрада, цирк, телевидение ва радио эшиттириш артистлари ва режиссёрларига, мусиқа ижрочилари ва ашулачиларга, балетмейстерларга, оркестр ва хор дирижёрларига, мусиқа ва бошқа бадиий жамоаларнинг раҳбарларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН АВИАЦИЯ ХОДИМИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган авиацияси ходими” фахрий унвони ҳаво транспортини ривожлантиришда, замонавий авиация техникасини ўзлаштиришда, аҳолига ва республика халқ хўжалигига намунали хизмат кўрсатишни ташкил этишда алоҳида хизмат кўрсатган фуқаро авиацияси ходимлари ва мутахассисларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ЧОРВАДОР фахрий унвони

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор» фахрий унвони жамоа, акциядорлик, деҳқон, ижара, шахсий ва бошқа турдаги хўжаликларнинг, шунингдек ўқув юртлари, илмий-тадқиқот ва зооветеринария муассасаларининг, лойиҳа ташкилотларининг чорвачиликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган ходимларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ИҚТИСОДЧИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи” фахрий унвони халқ хўжалиги барча тармоқларининг иқтисодиётни юксалтиришда алоҳида хизмат кўрсатган юқори малакали иқтисодчиларига ва бухгалтерия ҳисоби ходимларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ИРРИГАТОР фахрий унвони

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор» фахрий унвони сув хўжалиги, қурилиш, лойиҳа, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларнинг сув хўжалиги объектларини қуриш ҳамда улардан фойдаланиш билан шуғулланадиган ва сув хўжалигини ҳамда суғориладиган деҳқончиликни ривожлантиришда, шунингдек республика табиатини муҳофаза этишда алоҳида хизмат кўрсатган ходимларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ИХТОРОЧИ ВА РАЦИОНАЛИЗАТОР фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор” фахрий унвони халқ хўжалигига жорий этилган ва катта иқтисодий самара берган ихтиролар ва рационализаторлик таклифларининг муаллифларига, шунингдек ихтирочилик ва рационализаторликни ривожлантиришда, ихтиролар ва рационализаторлик таклифларини ишлаб чиқаришга жорий этишда хизмат кўрсатган шахсларга берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ЖУРНАЛИСТ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони газета ва журналлар таҳририятларининг, телевидение ва радио эшиттириш, ахборот агентликларининг матбуотни ривожлантиришда катта хизмат, ижодда ва ташкилотчилик фаолиятида алоҳида ўрнак кўрсатган журналистларга, нашриётлар, бошқа ташкилотларнинг ана шундай ходимларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОММУНАЛ, МАИШИЙ ВА САВДО СОҲАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ХОДИМ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида коммунал, маиший ва савдо соҳасида хизмат кўрсатган ходим” фахрий унвони уй-жой коммунал хўжалиги, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари, бирлашма, ташкилот ва муассасаларининг аҳолига хизмат кўрсатиш ишини яхшилашда алоҳида хизмат кўрсатган ходимларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН МАДАНИЯТ ХОДИМИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони маданий-маърифий муассасалар, телевидение, радио, матбуот, нашриётлар, тарих ва маданият ёдгорликларини сақлаш ходимларига, шунингдек маданиятни ривожлантиришда алоҳида хизмат кўрсатган шахсларга берилади.

“ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН МЕЪМОР фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган меъмор” фахрий унвони миллий меъморчиликни, шаҳарсозликни ривожлантиришда, замонавий фуқаролик, саноат ва қишлоқ меъморчилик мажмуалари, бинолари ва иншоотлари яратишда, шунингдек республикада меъморчилик ёдгорликларини таъмирлаш соҳасида хизмат кўрсатган юқори малакали меъморларга берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ПАХТАКОР фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор” фахрий унвони жамоа, акциядорлик, деҳқон, ижара, шахсий ва бошқа турдаги хўжаликларнинг, корхоналарнинг, ўқув юртлари, илмий-тадқиқот ва тажриба муассасаларининг пиллачиликни ривожлантиришда алоҳида хизмат кўрсатган ходимларига, шунингдек бошқа шахсларга берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ПИЛЛАЧИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пиллачи” фахрий унвони жамоа, акциядорлик, деҳқон, ижара, шахсий ва бошқа турдаги хўжаликларнинг, корхоналарнинг, ўқув юртлари, илмий-тадқиқот ва тажриба муассасаларининг пиллачиликни ривожлантиришда алоҳида хизмат кўрсатган ходимларига, шунингдек бошқа шахсларга берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИК ХОДИМИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими” фахрий унвони қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши соҳасининг, қишлоқ хўжалик илмий-тадқиқот муассасалари ва ўқув юртларининг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда алоҳида хизмат кўрсатган ходимларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ҚУРУВЧИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи” фахрий унвони қурилиш, монтаж ва лойиҳа ташкилотларининг, илмий-тадқиқот ва бошқа муассасаларнинг республикада қурилишни ва қурилиш индустриясини ривожлантиришда алоҳида хизмат кўрсатган ходимларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН САНОАТ ХОДИМИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони саноат бирлашмалари ва корхоналарининг, илмий-тадқиқот ва лойиҳа-конструкторлик муассасаларининг республика саноатини ривожлантиришда алоҳида хизмат кўрсатган ходимларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ХОДИМИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони илмий-тадқиқот, даволаш-профилактика, санитария-епидемиология ва фармацевтика муассасаларининг соғлиқни сақлашни ривожлантиришда ва тиббий хизматни ташкил этиш ҳамда республика аҳолиси соғлиғини муҳофаза қилишда алоҳида хизмат кўрсатган ходимларига, шу жумладан ўрта ва кичик табақа тиббий ходимларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН СПОРТ УСТОЗИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони Олимпиада ва Осиё ўйинларининг, жаҳон, Осиё чемпионатларининг, биринчиликларининг, А гуруҳидаги бошқа халқаро мусобақаларнинг, Олимпиада олди ўйинлари ёки ногиронлар умумжаҳон чемпионатларининг чемпионлари ва совриндорларини тайёрлаган, шунингдек жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришда алоҳида хизмат кўрсатган спорт устозларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН СПОРТЧИ фахрий унвони

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони жаҳон чемпионлари ҳамда рекордчиларига, Олимпиада ва Осиё ўйинлари совриндорларига, шунингдек спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган бошқа спортчиларга берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ТРАНСПОРТ ХОДИМИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган транспорт ходими” фахрий унвони автомобил, темир йўл, ҳаво, дарё, шаҳар транспорти, йўллар қурилиши ва улардан фойдаланиш, ўқув юртлари, илмий-тадқиқот муассасалари, лойиҳа ташкилотларининг, шунингдек бошқа транспорт корхоналарининг республика транспортини ривожлантиришда, транспорт воситаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишда, йўллар қуриш ва улардан фойдаланишда алоҳида хизмат кўрсатган ходимларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ХОДИМИ фахрий унвони

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими» фахрий унвони барча турдаги умумтаълим мактабларининг, олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг, ҳунар-техника билим юртларининг, мактабгача тарбия болалар муассасалари ва мактабдан ташқари муассасаларнинг, ўқитувчилар малакасини ошириш билан шуғулланувчи услубият кабинетлари, курслар ва институтларнинг республика халқ таълимини ривожлантиришда алоҳида хизмат кўрсатган ходимларига, шунингдек халқ таълими бошқа муассасаларининг ана шундай ходимларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ЁШЛАР МУРАББИЙСИ фахрий унвони

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони ёшларга касб маҳоратини ўргатишда, меҳнатга ҳалол ва виждонан муносабатни, юксак ватанпарварлик ва ахлоқий фазилатларни тарбиялашда алоҳида хизмат кўрсатган халқ хўжалиги ходимлари ва мутахассисларига берилади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН ЮРИСТ фахрий унвони

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» фахрий унвони қонунчиликни ривожлантиришда, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашда, халқ хўжалигида ҳуқуқий ишни яхшилашда, ҳуқуқ фанларини ривожлантириш ва юридик кадрларни тайёрлашда алоҳида хизмат кўрсатган юқори малакали юристларга берилади.

Ўзбекистон Республикаси эсдалик нишонлари

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИГА 20 ЙИЛ эсдалик нишони

“Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил” эсдалик нишонининг айланаси бўйлаб «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИГА 20 ЙИЛ» сўзлари ёзилган, икки чеккасидан саккиз қиррали юлдуз билан чегараланган. Эсдалик нишонининг олд томонидаги «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИГА 20 ЙИЛ» сўзларининг фони қизил эмал билан, таралаётган қуёш нурлари, турналар ва ер шари акс этган қисмидаги фон мовий ранг эмал билан қопланган. Эсдалик нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган, пастки қисмининг марказида «2011» ёзуви қайд этилган. Тасвирлар ва ёзув қабариқдир. Эсдалик нишонининг қирралари гардиш билан ҳошияланган. Эсдалик нишони ҳалқача ва илгакча ёрдамида устки қисмига эни 20 миллиметрли мовий-зангори рангдаги ипак лента ўралган тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағич (колодка) билан туташтирилади.


Охирги ўзгариш: 17/03/2017 16:53 Кўрилганлиги: 23777
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтдаги интерактив хизматларга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 207
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг