Андижон шаҳрининг янги бозор ҳудудида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари доирасида бир қатор хонадонларда яшовчиларнинг турмушини яхшилаш борасида вилоят ҳокимлигининг сайъ-ҳаракати билан Хўжаобод туманининг Хидирша маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган эди. Қисқа муддатларда қурувчиларнинг фидокорона меҳнатлари билан барпо этилган мазкур турар-жой биноларининг ўз эгаларига топшириш маросими ҳақиқий тўйга айланиб кетди.
Эрта тонгда карнай-сурнай садолари барчани ушбу шодиёнага чорлади. Вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар уй эгалари ва яқинларини муборак этиш учун бу ерда жамул-жам бўлдилар.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов йиғилганларни бугунги байрам билан табриклар экан, халқни рози қилиш сиёсатининг меваси сифатида қад ростлаган бу уйларда ҳамиша тўйлар бўлишини тилади.
-Бу маҳалла Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллиги шарафига номланади ва Андижон шаҳрининг бир қисмига айланади, - деди вилоят ҳокими. - Келгусида унинг атрофида янги турар-жой бинолари барпо этилиб, энг гавжум ва гўзал массивлардан бири бўлади. Ёнида автомашина билан савдо қилишга ихтисослаштирилган бозор қурилади. Маҳалланинг инфратузилмасини янада ривожлантириш, бўш иш ўринларини яратиш имкониятлари ортади.
Шу кунга қадар 82 та уй тўлиқ қурилиб, шай ҳолатга келтирилди. Тез кунларда яна 30 та ана шундай уйлар эгаларига топширилади. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар учун барпо этилаётган замонавий уйларга кишини ҳаваси келади. Вилоят ҳокими калит ва эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни хонадон соҳибларига тантанали равишда топширди.
Бу ҳаяжонли дақиқаларни кузатиш таъсирли. Етарли шароитга эга бўлмаган, умумий ҳовлида бир неча оила бўлиб яшаб, келганларнинг қувончи чексиз.
Вилоятимизнинг таниқли эстрада хонандалари, фольклор-этнографик ансанбаллари, миллий маданий марказларининг вакиллари иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди. Ўйин-кулгулар кўнгилларга янада нурафшонлик, кўтаринкилик олиб кирди.
Маҳаллада мини маркет ишга туширилган. Мини футбол аренаси, воллейбол майдони, болалар ўйингоҳи ташкил этилган. Айни кунларда 216 ўринли умумий ўрта таълим мактаби биносининг қурилиши бошлаб юборилган. Барча хонадон сув, газ, электр энергияси билан таъминланган.