Отахон ҳаётидан мамнун
Ураим ота Собиров 1943 йили 18 ёшида фронтга кетган эди. Украина, Австрия, Венгрия ва Германияни фашистлардан озод қилишда иштирок этди, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Урушдан сўнг талофат кўрган Севастополь, Новороссийск, Керч каби шаҳарларни тиклашда фаоллик кўрсатди. 1950 йили она юрти Пахтаободга келиб сув қурилиши ташкилотида бульдозерчи бўлиб ишлади. Мамлакатимиз мустақил бўлгач, уруш қатнашчиси сифатида «Жасорат» медали билан тақдирланди. 4 ўғил, 1 қиз, 45 набира ва чевараларнинг суюкли бобоси Ураим ота мамлакатимизда фахрийларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан мамнун бўлиб яшамоқда.
- Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги фармони мени ҳам беҳад қувонтирди, - дейди Ураимжон ота Собиров. - Хоҳишимга кўра, «Дамас» русумли енгил автомашинани уйимга олиб келиб топширишди. Икки миллион сўм мукофот пулини ҳам олдим. Бир неча йиллардан буён Ҳаж сафарига боришни орзу қилардим. Менга ҳамроҳ бўлиб, қизимнинг ҳам боришига рухсат берилди…