Андижон шаҳридаги 24-мактабда ўқувчиларнинг ота-оналаридан ёз таътилида фарзандлари назоратда бўлишини кафолатловчи тилҳат ёздириб олинаётганлиги ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Мазкур амалиётнинг нимаси зарарли?
Ахир ёшларимиз ёмон йўлдан юрмаслигини назорат қилишга чақирувчи бу ташаббусни қўллаб-қувватлаш керак. Аслида мактаб 3 ойга ўқувчи ташвишидан ҳоли қоляпти, жавобгарликдан соқит бўлмоқда. Аммо масъулиятни унутмай, боланинг тарбияси бузилмаслиги, фикр-ҳаёли чалғимасдан яна мактаб бағрига қайтишини хоҳлаётган илм даргоҳи мутасаддилари шундай эҳтиёт чорасини қўллаётгани яхши-да.
Келинг, холис гаплашайлик. Ота-она бўлиш бугун машаққатли юмуш. Тирикчилик ташвишларидан ошиниб қай биримиз фарзанд тарбиясига эътибор қаратяпмиз, ўқишини назорат қиляпмиз? Очиғини айтганда ўқув йили давомида мактаб бу борадаги нўноқлигимизни ёпиб туради.
Шундай экан, масъулиятни яна бир карра эсга солдирувчи ҳужжатнинг нимаси ёмон? Назаримда, ижтимоий тармоқдаги хабарнинг муаллифи фарзанд ташвишидан бехабар бўлса керак, йўқса мактабнинг бу чорасини қораламаган бўларди.