Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни асраб-авайлаш, фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келади. Зеро, оилада миллий қадрият ва анъаналар ривож топиши билан бирга эртанги кунимиз эгалари — фарзандлар камолга етади.
Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи аъзолари ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда ҳам ана шу масалаларга этибор қаратилди. Тадбирда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” ҳамда “Маҳалла” жамғармаси вакиллари, вилоят имом-хатиби иштирокида ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш, алиментдан бўлган қарздорликларни камайтириш, алимент тўловларидан бўйин товлаб юрган оталарга нисбатан чоралар кўриш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олганлар оила муқаддаслиги, унинг мустаҳкамлиги учун барча бирдек масъул эканлигини таъкидлади. Бироқ, вилоятда оилавий ажримлар сони ортиб бораётгани, оилалар билан боғлиқ кўплаб муаммолар юзага келаётгани танқид қилинди.
Айни пайтда бюронинг вилоят бошқармаси ҳамда ҳудудий бўлимлари иш юритувида жами 22 023 та алимент билан боғлиқ иш ҳужжатлари мавжуд бўлиб, ушбу ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Оилавий ажримдан энг аввало, вояга етмаган гўдаклар азият чекиши, оиласи бузилган аксарият эркаклар аёлининг, фарзандларининг моддий таъминоти, руҳияти, тарбиясига, афсуски, эътибор қилмаётгани ҳақида сўз юритилди.
Тадбир доирасида ишсиз юрган алимент тўловчилар учун меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил қилинган бўлиб, уларга бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар берилди. Мутахассислиги бўйича алимент тўловчи шахслар бандлиги таъминланишга эришилди.
Тадбирдан сўнг, алимент тўламаганлик учун жавобгарлик масалаларини кенг омма олдида тушунтириш мақсадида сайёр суд бўлиб ўтди. Унда Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлими томонидан киритилган тақдимномаларга кўра Андижон шаҳар маъмурий судининг раиси алимент тўламай келаётган фуқароларнинг ишини кўриб чиқди.
Жумладан, қарздор М.Хакимовдан ундирувчи Х.Хакимова фойдасига вояга етмаган 2 нафар фарзанди таъминоти учун тўланиши лозим бўлган 14 млн. 214 минг 210 сўм;
қарздор А.Махмудовдан вояга етмаган 2 нафар фарзанди учун 23 млн. 441 минг сўм;
қарздор А.Рахмоновдан вояга етмаган 2 нафар фарзандларининг таъминоти учун 16 млн. 221 минг сўм;
қарздор У.Ахмедовдан вояга етмаган 1 нафар фарзанди учун 10 млн. 956 минг 352 сўм;
қарздор Н.Атакуловдан вояга етмаган 1 нафар фарзандининг таъминоти учун 4 млн. 481 минг сўм;
қарздор С.Мадаминовдан вояга етмаган 1 нафар фарзандининг таъминоти учун 5 млн. 590 минг сўм;
миқдоридаги алимент пулларини тўламасдан келганлиги сабабли 15 сутка қамоқ жазоси қўлланилди.