Андижон давлат тиббиёт институтининг салоҳияти кундан-кунга ортиб бормоқда. Жорий йил ўқув йилида Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олиш истагида бўлган ёшларнинг сони икки баробардан ортди.
Талабалар сонининг ортганлиги муносабати институт моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида ўқув бинолари, талабалар турар жойи бинолари, маиший хизмат кўрсатиш жойларида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909 сонли Қарорига асосан А.Фитрат кўчаси 2-ўқув-лаборатория биноси 2019 йил реконструкция қилиш ва янги 400 ўринли бино қурилиш ишлари белгиланган бўлиб, 2019 йил апрель ойида тендер танловлари асосида «Азимут строй» МЧЖ корхонаси билан 16 млрд. 607 млн сўмлик шартномалар тузилиб, қурилиш реконструкция ишлари олиб борилди.
Ушбу ўқув бинода 2 та 120 ўринли, 2 та 40 ўринли маъруза зали, 100 га яқин ўқув аудиториялари замонавий қаттиқ ва юмшоқ инвентарлар, замонавий компьютер, проектор, телевизорлари, лаборатор жиҳозлар билан жиҳозланган.
Ўқув биносида ёритиш ва иситиш тизимлари яхши йўлга қўйилган. Бинода профессор-ўқитувчиларни замон талаби даражасида машғулотларни олиб боришлари ҳамда талабалар пухта билим эгаллашлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Андижон давлат тиббиёт институтининг 880 ўринли 2 ўқув-лаборатория биносининг очилиш маросимида Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди. Вилоят ҳокими институтнинг янги ўқув-лаборатория биносининг қурилиши мамлакатимизда тиббиёт соҳасига қаратилган эътиборни бир кўриниши эканлиги таъкидлаб ўтди.
Андижон давлат тиббиёт институтининг янги 2 ўқув-лаборатория биносида микробиология, вирусология ва иммунология, фармакология ва клиник фармакология, ижтимоий гуманитар фанлар, тиббий биология ва гистология, умумий гигиена, ижтимоий гигиена ва соғлиқни сақлашни бошқариш, тиббий кимё, биологик кимё, тиллар, педагогик ва психология кафедралари фаолият олиб бормоқда.
Вилоят раҳбари янги бинода талабалар ва педагоглар учун яратилган шарт-шароитлар – маърузалар заллари, ўқув ва лаборатория хоналари, ошхона, маънавий-маърифий хоналар билан танишди. Талабалар, профессор-ўқитувчилар билан таълим жараёни, тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан суҳбатда бўлди. Институтнинг «Ёш волонтёрлар» жамоаси билан мулоқотда бўлиб уларнинг аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш борасида олиб бораётган тарғибот ишлари, талаб-таклифлари билан танишди.
Вилоят ҳокими Андижон давлат тиббиёт институтининг 2 ўқув-лаборатория биноси очилиш маросими давомида институт жамоасига халқ саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт соҳасига малакали мутахассислар тайёрлаш борасида ишларига муваффақиятлар тилади, талабалар учун кўркам ва қулай бинони бунёд этган қурувчиларга миннатдорчилик билдирди.
Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ