Ибратли ишларни кўпчилик ўрганиб, амалда қўллашга ҳаракат қилади. Вилоятимиздаги илғор тажрибаларга, янгиликларга қизиққанлар кўп.
Айни кунларда қатор вилоятлар туманлари ҳокимлари ҳам қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш корхоналаридаги намунали ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Андижонга келдилар. Меҳмонлар Асака, Олтинкўл, Хўжаобод туманларида олиб борилаётган кенг кўламдаги тадбирлар билан танишдилар.
Олтинкўл туманидаги кўп тармоқли «Бахт имкон ривожи» фермер хўжалиги чорвачилик комплексида бўлдилар. Фермер Фахриддин Исмоилов фермер хўжалиги фаолияти ҳақида батафсил гапириб берди.
Замонавий талаблар асосида барпо этилган чорвачилик мажмуасида жами 2102 та наслли қорамол ва бузоқ боқиляпти. Илғор технологиялар асосида парваришланаётган сигирларнинг маҳсулдорлиги юқори. Ҳар бош соғин сигирдан кунига 25-
Фермер хўжалигида боғдорчилик, балиқчилик, паррандачилик, қуёнчилик, эчкичилик йўналишидаги ҳаракатлар самараси кўпчиликнинг ҳавасини келтирмоқда.
Улуғнор туманидаги Дўстлик массивида 30 миллиард сўмлик лойиҳа рўёбга чиқариляпти. Бузоқлар парваришланадиган ферма барпо этиляпти.
Чорвачилик мажмуасидаги техникаларнинг аксарияти замонавий русумдаги, унумдорги юқорилиги эътиборга молик.
Меҳмонлар Чўнтак маҳалласидаги бир неча хонадонда бўлиб, уй шароитида парранда парваришлаб, даромад топаётган юртдошларимиз билан суҳбатлашдилар. Ферузахон Ўринова, Одилжон Воҳидовларнинг томорқасида иссиқхона ташкил қилгани оила даромадини ошириб, эл дастурхонига эртаки помидор, бодринг етказиш имконини бермоқда. Одилжон Воҳидовнинг иссиқхонасида иккинчи марта экилган бодринг кўкка бўй чўзиб, гуллади. Ферузахон Ўринова 96 бош товуқдан ҳар куни етмиштага етиб тухум оляпти.
- Маҳалламиздаги 595 хонадоннинг ҳар бирида иссиқхона бор, - дейди Чўнтак маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулшаной Мамадалиева. - Дастурхонидан помидор, бодринг, цитрус мевалар узилмайди. Эхтиёжидан ортиғини юртдошларимизга илинишади.
Меҳмонлар Хўжаобод туманида «Тошкент вино комбинати» акциядорлик жамияти, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Навигул», «Fruit industries» қўшма корхоналари ҳамкорлигида амалга оширилган лойиҳа билан ҳам танишдилар. Карам, сабзи, бақлажон сингари сабзавотларни қайта ишлаб, қуритиб замонавий кўркам идишларга қадоқлаш йўлга қўйилди. Мева-сабзавотларни сақлаш омбори дала, боғ неъматларини сақлаб, йил бўйи эҳтиёжмандларга етказишга хизмат қилади.
Ўктамжон Тўраев, Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани ҳокими:
- Андижонда ҳар бир иш тизимли амалга оширилаётгани самарада намоён. - Олтинкўлдаги «Бахт имкон ривожи» кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти тахсинга муносиб. Наслли чорва маҳсулдорлиги ҳавас қиларли. Компьютерлашган соғиш зали Ўзбекистон фермерларининг дунёдаги ҳамкасбларига бўйлашаётганидан дарак.
Андижонда қишлоқ хўжалиги бўйича ибрат мактаби яратилганига амин бўлдим.
Фурқатжон Турсунов, Бухоро вилояти, Шофрикон тумани ҳокими:
- Сафардошларим айтганидек «Бахт имкон ривожи» кўп тармоқли фермер хўжалигининг ишларига қойил. Фахриддин фермернинг қулочни кенг олгани мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватланаётгани туфайлидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир оила тадбиркор бўлиши керак, деганларига Олтинкўлдаги хонадонларда бажарилган ишлар амалий жавобдир.
Абдувоҳид Қурбонов оила аъзолари билан ўстираётган гуллар гўзаллик тимсоли бўлиб, файз -тароват таратяпти.
Фозилжон Қулматов, Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани ҳокими:
- Андижонда аввал ҳам бўлганман. Ибратли ишлар билан танишганман. Ҳар гал келганимда бир янгиликка гувоҳ бўламан. Хўжаобод туманидаги мева-сабзавотларни замонавий тарзда тайёрловчи мажмуанинг ишга тушиши, бир бирига туташ боғларда барқ уриб ўсаётган турли мева кўчатлари, сабзавотлар етиштириш айни чоғдаги намунали ҳаракатлар натижасидир.
Андижонда бошланган қурилиш, бунёдкорлик, ободлик изчил давом этаётгани ҳамманинг ҳамжиҳат ҳаракати туфайли эканини дилдан хис қилдик. Ҳар қадамда гуллар очилган. Сафаримиз давомида кўрган, билганларимизни туманимизда қўллаймиз.
Меҳмонлар билан мулоқот мезбонлар учун ҳам фойдали бўлди. Кўпчилик кўп билади, деганларидек ибратли иш кўлами янада ортади. Андижондаги ибратли ишлар элга ёйилиб фойда келтиради. Халқимиз-фаровонлигига хизмат қилади.