Бош саҳифа / Янгиликлар / Андижон вилояти ҳокими билан очиқ суҳбат
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Андижон вилояти ҳокими билан очиқ суҳбат

Kun.uz таҳририяти жамоаси Андижон вилоятига ижодий сафар қилди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарурки, вилоятларга бориб, аҳоли билан яқиндан суҳбатлашиш, эришилган ютуқларни эътироф этиш ва мавжуд камчиликларни имкон қадар бартараф қилишни қўллаб-қувватловчи ушбу лойиҳа ғояси давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилиниши туфайли пайдо бўлди. Бу йўлда ташланган илк қадам Андижон вилоятига уюштирилди.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов сайт вакилларини қабул қилди. У билан суҳбатда вилоятнинг табиий газ ва электр таъминоти, тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжнинг қондирилаётгани, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар билан аҳолини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ва бошқа турли мавзуларда саволлар берилди.

Ислоҳотларнинг янги даврида ҳокимлардан нима талаб этилади?

2017 йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб номланиши мен каби раҳбарлар учун янги эшикларни очди, десам муболағага йўл қўймаган бўламан. Олдин ҳам ишлаганмиз, аммо президентимиз ҳозир таъкидлаётганидек - халқ билан елкадош, ҳамнафас бўлиб ишлаш, бир ойда бир марта эмас, керак бўлса, ҳар куни одамларни қабул қилиш каби ишлар ўзига яраша жавобгарлик, ўзига яраша масъулият юклайди. Дардни эшитиш мумкин, аммо муаммонинг ечимини топиш бугунги кун раҳбаридан жуда катта изланишни, жуда катта ташаббусни талаб этади. Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, президентимиз халқ ҳаётини жуда яхши билганликлари учун қонунларни ҳам шунга монанд чиқараяптиларки, бу унинг ижросини таъминлашни осонлаштиради. 

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги камчиликлар ва амалга оширилаётган ишлар

Қишлоқ хўжалик соҳасига икки оғиз гап билан баҳо бериб бўлмайди. Бу кенг қиррали соҳадир. Шуни таъкидлаш жоизки, ғаллачилик ва пахтачилик борасида Андижон мактаби яратилган. Статистикага эътибор қаратадиган бўлсак, вилоят аҳолиси ҳар йили ўртача 52-53 минг кишига кўпаймоқда. Бу битта туман аҳолисига тенг дегани. Шу сабаб вилоятда томорқачилик, ундан фойдаланиш маданиятини йўлга қўйиш борасида ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда. Ҳаракатларимизни шу даражага етказишимиз зарурки, томорқадан бир йилда бир марта эмас, балки уч марталаб ҳосил олишни йўлга қўйиш лозим. Чунки вилоятда шундай ҳовлилар борки, улар ўзларининг 6 сотихли еридан бир йилда уч марта ҳосил олиб, ҳажга бориб келишяпти, бошқалари уй солишяпти, бировлари эса машина оляпти. Муҳтарам президентимизнинг кўрсатмаси асосида Андижонга янги тизим кириб келяптики, бу вилоят аҳолиси орасида сенсация бўлади. Яъни, ҳар бир хонадонда, 2-3 сотих майдонда лимонарияни ташкил этишни йўлга қўйиш.  


Вилоятнинг соғлиқни сақлаш тизими: шармандали ҳолатлар ойдинлашди

Андижонда соғлиқни сақлаш тизимида 25 мингдан зиёд ходим фаолият юритади. Вилоятнинг 16 та шаҳар ва туманида жойлашган шифохоналар йиллар давомида реконструкция қилинган ва капитал таъмирланган. Жорий йилнинг ўзида ҳам вилоятдаги 10дан зиёд шифохонада ҳам мазкур ишлар давом эттириляпти. Бундан ташқари, аҳоли томонидан бўлаётган мурожаатлардан шу нарса кўриниб қоляптики, одамларимиз қишлоқ врачлик пунктларининг ишидан умуман норози. Шу бугунга қадар вилоятимизда 314та ҚВП фаолият кўрсатаётган бўлса, олиб борилган текширувларда уларнинг ярмидан кўпи самарасиз ишлаётгани ва одамлар саломатлиги йўлида хизмат қилишга ярамаслиги маълум бўлиб қолди. Шу сабаб ушбу ҚВПларнинг 148тасини қисқартириш ва шу қисқартиришлар негизида 78та оилавий поликлиникалар ташкил этиш чора-тадбирлари амалга ошириляпти.

Яна бир муаммолардан бири тез тиббий ёрдам масаласидир. Биз одамлар дардидан анча йироқлашиб кетган эканмиз. Одамларнинг дарди нима, уларни нима қийнаяпти, шулар ҳақида ўйлашимиз керак экан. Муҳтарам президентимиз бу борада бизга катта ўрнак бўлдилар. Тез тиббий ёрдам тизимини ўрганганимизда машиналарда бензин йўқлиги, шифокорларида дори-дармонлар етарли эмаслигини кўриб, бундай шармандали ҳолатдан чиқиб кетиш учун зарур чораларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Масалан, вилоятдаги барча ҚВПлар яқин уч ой ичида тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланадиган бўлди. 

Табиий газ, электр таъминоти ва тоза ичимлик суви: тан олинган ҳақиқат

Қиш келиши билан одамлар орасида бир гап айланишни бошлайди: “Ана давлат чироқни ўчиряпти, ана ҳоким у қиляпти, бу қиляпти”. Бир савол ўртага чиқади: ҳокимга чироқни ўчиришдан нима фойда? Имкон бўлса, одамларнинг электр таъминотини 24 соат қилиб қўйсак, гази ва ичимлик сувини яхшиласак, ўзимизга фойда эмасми? 

Рақамларга эътибор қаратамиз. Андижон вилоятида бир йилда мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари пайдо бўляпти. Минглаб уйлар қуриляпти. Буларнинг барчаси электр энергияси истеъмолчиси ҳисобланади. Бир нарсани ҳеч қандай инкор этмасдан айтиш мумкин: бизнинг электр энергиясидаги етишмовчилигимиз бор. Нега? Мен доим айтаман, қарс икки қўлдан чиқади. “Бер-бер” дегунча, ўзим нима беряпман, деган тушунча талаб этилади. Андижон вилоятида 520 мингдан ортиқ оила бор. Мана шу оилалар ўз хонадонларидаги чўғланма лампочкалар ўрнига чироқдиодли лампочкалар ўрнатишса, вилоятда электр ўчаётган вақт тенг ярмига қисқаради. Биз буни соҳа мутахассислари билан гаплашиб, ўрганиб чиққанмиз. 

Бугунги кунда Андижон вилоятининг табиий газдан бўлган қарзи 430 миллиард сўмни, электр энергиясидан бўлган қарз 230 млрд сўмни ва тоза ичимлик сувидан бўлган қарзи эса 10 млрд сўмни ташкил этмоқда. Агар бу қарзлар ундирилмаса, бу соҳада ривожланиш, янгиланиш бўладими? Аҳолининг ўзи бизга ёрдамчи бўлса, биз уларга минг марта кўп ёрдам бермаймизми?

Kun.uz ўқувчилари томонидан вилоят ҳокимига йўлланган кўплаб мурожаатлар, мактублар ва шикоятлар вилоят ҳокимига топширилди. Ш.Абдураҳмонов вилоят мутасадди ходимларига мазкур мурожаат ва шикоятларнинг ҳар бирини ўрганиб чиқиш, зарур чора-тадбирлар олиб бориш ва бажарилган ишлар ҳақида унга ёзма ҳисобот тақдим этиш топшириғини берди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ва ҳокимият мутасаддиларига таҳририят келгуси ишларида муваффақият тилайди.

Манбаа: Kun.uz





Киритилган вақти: 23/02/2017 10:52 Кўрилганлиги: 4981
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 1
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг