Ташрифнинг илк кунида делегация вакиллари Изобильнен туманидаги “Эко-культура” агросаноат холдинг компаниясига қарашли “Солнечный дар” МЧЖ иссиқхона комплекси фаолияти билан танишдилар.
Айнан шу ерда Россия Федерациясининг энг йирик корхоналаридан ҳисобланган «Эко-культура» агросаноат холдинги ва Андижон вилояти ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Унга кўра Андижон вилоятидаги мева-сабзавот маҳсулотларини йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш ҳудудий логистик марказини ташкил этиш бўйича инвестицион лойиҳа келишувига эришилди.
Асосий мақсади Андижон вилояти ва қўшни ҳудудлардаги фермер хўжаликларида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш, қайта ишлаб чиқариш, сақлаш ва экспорт қилиш учун замонавий, юқори технологик инфратузилмани яратиш бўлган лойиҳанинг умумий инвестиция ҳажми 52 миллион еврони, экспорт хажми 70 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа доирасида 300 дан ортиқ ишчи ўрни яратилади.