Андижон аэропорти қайта таъмирланиб, ўрнида жаҳон стандарти талабларига ҳар томонлама жавоб берадиган, Ўзбекистон герби тимсолидаги экоаэропорт қурилади.
Жорий йилнинг 25 июнь куни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Хитойнинг “Zhejiang Comminications Construction Group Co. Ltd” компанияси вакили Ху Рен Кионг ва Италиянинг “Евроком” компанияси раиси Валтер Феррони қабул қилди ва улар томонидан илгари сурилаётган инвестицион лойиҳалар билан танишди.
Вилоят раҳбари меҳмонларга мамлакатимизда сўнгги йилларда инвестицион лойиҳаларни ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилаётганлиги, бундан унумли фойдаланиш ҳар бир инвесторнинг ўзига боғлиқлигини, ҳокимлик томонидан қандай ёрдам керак бўлса тайёр эканлигини билдирди.
- Андижон аэропортини маҳаллий мутахассислар билан биргаликда кўздан кечирдик, - дейди Ху Рен Кионг. – Тўғриси, қизиқишимиз янада ортди. Ушбу аэропорт ўрнида янги, замонавий жаҳон стандарти талабларига жавоб берадиган экоаэропорт барпо этилади. Лойиҳанинг эътиборли жиҳатларидан яна бири порт терминали Ўзбекистон герби тимсолида бўлади. Қурилиш ишлари жорий йилнинг август-сентябрь ойларида бошланиб, келгуси йилнинг охирига қадар якунланади.
- Компания халқаро миқёсидаги йирик лойиҳаларни молиялаштириш билан шуғулланади, - дейди Валтер Ферро. – Андижондаги бир қатор лойиҳаларга қизиқиш билдиряпмиз. Жумладан «Andijan City» лойиҳасини амалга оширишни молиялаштириш таклифини берганмиз. Мутасаддилар ушбу ташаббусимизни қўллаб-қувватлашига ишонамиз.
Учрашув якунида икки томонлама англашув м
еморандуми имзоланди.
Шунингдек, вилоят раҳбари Покистон ва Туркиядан ташриф буюрган инвесторлар билан ҳам учрашиб, музокаралар олиб борди.