Барча ҳудудларда бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йилнинг 22 февралида ўтказилган солиқ концепцияси ижроси ва томорқадан самарали фойдаланиш ва баҳорги экин экиш ишлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари ижроси бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бунда ички ишлар ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.
Хусусан, Андижон туманидаги 3-секторга қарашли Чўнбоғиш маҳалласида туман ички ишлар бўлими ходимлари тааллуқли идоралар, туман фермер ва деҳқон хўжаликлари уюшмаси, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари аъзолари билан хонадонларга кириб бориб, ҳукуматимиз яратиб бераётган имкониятлардан унумли фойдаланиш, янгитдан иш бошлаш, томорқа хўжалигини янада ривожлантириш борасида йўл-йўриқ маслаҳат беришаяпти, ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатишаяпти.
Жума масжиди кўчасида яшовчи 67 ёшли Исмоилжон Зулунов меҳнатни севадиган киши. Хонадонидаги 2 сотих экин майдонини кам демасдан, ерга сабзавот ва кўкатларни экиб даромад топишни биладиганлардан. Унинг айтишича, ўтган йилда олинган ҳосилдорлик натижасида озиқ-овқатга сарфланадиган пул яхшигина иқтисод қилинди ва қурилиш ишларига сарфланган.
Исмоилжон аканинг қўшниси бўлган Мамлакатхон Мажидова эса ҳар бир қаричдан унумли фойдаланадиганлардан.
- Хонадонимизнинг олд қисми мевали дарахтлар билан тўлгани сабабли уларнинг тагига мош, ловия экмоқчимиз, - дейди Мамлакатхон опа. – Асфальт олдидаги бир метрлик ерни эса турли гул кўчатлари билан тўлдириш истагимиз бор.
Ушбу маҳаллада яшовчи Майрамхон ая Ҳолиқжонова ва Фазлиддин Ғойибназаровлар хонадонида ҳам ишлар авжида. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан уларни маҳалладошларига намуна қилиб кўрсатишинатижасидаўз томорқасига эътиборсиз бўлган фуқаролар ҳам хонадонларида баҳорги ишларни бошлаб юборишди.
- Бундан ташқари сектор қошида ташкил этилган кўнгилли гуруҳлар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва имконияти чекланган фуқароларнинг хонадонларида ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларида ҳам кўмаклашмоқда, - дейди туман ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосари Жасур Худойбердиев. - Томорқаларда деҳқончилик ва паррандачилик билан шуғулланиш учун шароит яратиб бермоқда.