Ҳар йили баҳор байрами арафасида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзоди кўрсатилган зукко қизларимиз билан учрашиб, иқтидор эгаларига самимий тилакларини изҳор этади.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган ана шундай тадбирга ўрта махсус ва умумтаълим мактабларининг истеъдодли қизлари ҳам таклиф қилинди.
– Сиз Андижоннинг Нодиралари, Турсунойлари, Сиёсатхонлари бўлишингизга ишонаман, – деди вилоят ҳокими ўз сўзида.
Дарҳақиқат, ўз истеъдодлари билан юксак мукофотга муносиб кўрилаётган қизлар ҳар қандай соҳада барчага ўрнак бўлмоқдалар.
– Мен ранг-тасвир асарларим билан Миср, Болгария, Япония давлатларидаги халқаро танловларда қатнашдим, – дейди Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчиси Дилҳавас қодирова.
– Мен УШУ бўйича Осиё чемпиониман, – деди қўрғонтепа туманидаги 5-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Хонзода Расулова.
Тадбирда сўз олган номзодлар Андижон машинасозлик институти талабаси М. Ҳамдамжонова, Андижон санъат коллежи ўқувчилари – Г. Раджиева, М. Ашурова, М. Машрабовалар куй ва қўшиқлари билан иқтидорларини намойиш этдилар.
Вилоятдан Зулфия номидаги давлат мукофотига номзоди кўрсатилиб, республика босқичида иштирок этган барча қизларга вилоят ҳокимининг эсдалик совғалари топширилди.