“Муҳаммад Юсуф уй-музейи учун ажратилган жой тадбиркорга бериб юборилган. Чигаллик қаердан келиб чиқди?” сарлавҳали мақола юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар қилади:
“Муҳаммад Юсуф уй-музейи учун ажратилган жой тадбиркорга бериб юборилган. Чигаллик қаердан келиб чиқди?” сарлавҳали мақола рости, бутун ижод аҳли қатори Андижон вилоят ҳокимлиги фаолларини ҳам шошириб қўйди.
Тўғри, мақолада таъкидланганидек, Муҳаммад Юсуф қолдирган адабий мерос учун ҳар қанча эътибор қилинса, шунча оз!
Вилоятда Муҳаммад Юсуф номини абадийлаштириш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар юзасидан алоҳида тўхталиб ўтилишини маълум қилган ҳолда, мақолада келтириб ўтилган саволлар юзасидан қуйидагилар баён қилинади:
Марҳамат тумани ҳокимининг 2019 йил 2 майдаги “Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг уй музейи халқ хашари йўли билан қурилиши учун Қорақўрғон ҚФЙ ҳудудидан ер участкаси танлаб ажратиш тўғрисида”ги 240-қ-сонли қарорига асосан Марҳамат тумани У.Қорабоев массиви қишлоқ хўжалиги харитасининг 227-қисм контуридан туман захирасидаги ерлардан 1540 кв.метр ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан танлаб ажратилган.
Мазкур қарорнинг тасдиғи вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) комиссиясидан сўралиши белгиланган.
Бироқ, мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган текширувда, Марҳамат тумани ҳокимининг мазкур қарори вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги комиссияга белгиланган тартибга асосан тақдим қилинмаган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасининг 10-бандида белгиланган тартибга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида ерга бўлган ҳуқуқ бекор қилиниши белгилаб берилган.
Kun.uz сайтида эълон қилинган мақолада фуқаро М.Юлдашевга ҳам айнан шу ер майдони ажратиб берилганлиги ҳақида хабар берилганди.
Марҳамат тумани ҳокимининг 2019 йил 14 февралдаги “фуқаро Юлдашев Миркомилжонга танловга асосан Марҳамат тумани, Ўқчи МФЙ ҳудудида “Ҳунармандчилик устахонаси” қурилиши учун ажратилган ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинаётганлиги сабабли Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарорига асосан зарарларни қоплаш тўғрисида”ги 406-қ-сонли қарорига асосан 330,0 кв.метр ер майдони Марҳамат тумани У.Қорабоев массиви қишлоқ хўжалиги харитасининг 227-қисм контуридан туман захирасидаги ерлардан ажратиб берилган.
Юқорида кўрсатилган ер майдонида қонунчиликда кўрсатилган муддатларда қурилиш ва бошқа ишлар олиб борилмаганлиги, Марҳамат тумани ҳокимияти мутасаддилари томонидан юқорида кўрсатилган ер майдонини ўлчаб кўрсатиб беришда хатоликка йўл қўйилганлиги сабабли томонлар ўртасида тушунмовчиликлар келиб чиқарган.
Юқоридаги масала вилоят ҳокими томонидан шахсан назоратга олиниб, ўрганиш гуруҳи томонидан ижобий ечим топилди. “Асака-Марҳамат” чорраҳасидан Қорақўрғонгача 850 метр йўл трассаси тўғриланаётганлиги сабабли “Шоир Муҳаммад Юсуф” уй-музейи қурилишига ажратилган ер участкасини саҳни 180,0 квадрат метрга камайтирилиб, 1360,0 квадрат метр миқдорида чорраҳадан 60 метр қочиқлик билан шарқ томонга силжитиб, 36х38 метр ўлчамда жойлаштирилди.
М.Юсуф номидаги фонд раҳбари Назира ас-Салом ва унинг оила аъзолари билан маслаҳатлашув натижасида, уларнинг фикр ва мулоҳазаларини устиворлигини таъминлаган ҳолда қўшимча таклифлар яқин кунларда кўриб чиқилади.
Андижон вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотираси, оиласи ва муҳлисларига чексиз ҳурматини билдирган ҳолда, шоирнинг уй-музейи учун ажратилган майдон ва қурилиш юзасидан ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини, ушбу мавзуга қайтилмаслигини маълум қилади.
Муҳаммад Юсуф Андижоннинг, Ўзбекистоннинг фахри ва абадий мана шундай бўлиб қолади.
Андижон вилоят ҳокимлиги
Матбуот хизмати.
------------