Андижон ва Избоскан туманларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари таҳлил қилинди
Йиғилиш давомида вилоят раҳбари фуқароларни кўмир билан
таъминлашда сусткашликка йўл қўймаслик лозимлигига эътибор қаратди.
Маҳаллаларга ёқилғини етказиб беришда ҳам зарур тартиб ишлаб чиқилиши
лозимлигини айтиб ўтди.
Шу билан бирга кўп қаватли уйларда иссиқлик таъминотини яхшилашга урғу берилди. Зеро, бир том остида 12-18 оила истиқомат қилаётган турар жойда бу масала янада долзарб аҳамиятга эга бўлади. Вилоят ҳокими айнан уларни бу борада бирлаштириш, уюшқоқлик билан қишки кунларга тайёрлаш муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Туманда жами ҳисобда 40 та кўп қаватли турар жой мавжуд бўлиб, айни пайтда мутасаддилар томонидан улардаги ҳолатни яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Том қисмларини таъмирлаш, канализация тизимига улаш ишлари шулар жумласидандир. Вилоят ҳокими бугунги ҳарорат мўътадил бўлиб турган даврда бу борадаги ишларни имкон қадар жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Айни чоғда умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ва соғлиқни сақлаш муассасаларида катта маблағ эвазига қурилаётган қозонхоналарга мақбул ҳолатда хизмат кўрсатишга ҳам тўхталиб ўтилди. Айнан куз-қиш мавсуми давомида улардан фойдаланишда малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Шу тариқа юқори самарадорликка эришиш, хоналарнинг ҳароратини меъёрига келтириш мумкинлигига урғу берилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида бугун олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, ҳар бир кунни ғанимат билиб, амалга оширилаётган бунёдкорлик, қурилиш-монтаж ишлари пировардида юртдошларимизнинг аёзли кунлардан беталофат чиқишига бевосита кўмаклашиши шубҳасиздир.