Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғининг ёзги амфитеатрида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 65 йиллиги муносабати билан “Улуғимсан, Ватаним!” шиори остида гала-концерт бўлиб ўтди.
Унда иштирок этган Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон фарзанди, миллионлаб қалбларни ўз шеърлари билан забт этган забардаст шоир ҳақида фикрларини билдириб, у қисқа давр яшаган бўлса-да, ўзидан катта мерос қолдирганини қайд этди. Бугун нафақат Андижонда, балки бутун республика бўйлаб унинг хотирасига бағишланган тадбирларнинг ўтказилаётгани бунга яққол мисол бўлишини таъкидлади.
Сўнгра вилоят раҳбари муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус бўйича амалга оширилаётган ишларда фаол иштироки, бетакрор истеъдоди ва қобилияти ҳамда намунали хулқи учун вилоятимизнинг бир гуруҳ илғор ўқувчи-ёшларни фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.
Гала-концерт “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори Элдор Ғулом ижросидаги “Биз, сизни соғиндик, Муҳаммад Юсуф” номли қўшиғи билан бошланди. Сўнгра “Ниҳол” давлат мукофоти совриндорлари Рўзихон Нурматова, Рахшона Қўзиева, хонандалар Умида Абдурасулова, Иззатбек Хўжаев, Махфуза Маниязова, Қобилжон Темиров, Нилуфар Каримовалар Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб шеърларига басталанган куй-қўшиқларни ижро этдилар.
Гала-концерт Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон ижросидаги “Улуғимсан, Ватаним!” қўшиғи билан ўз якунига етди.