Андижон вилояти, Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” чегара мажмуасида Андижон вилояти ҳамда Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикасида бўлди. Ташриф доирасида қўшни ўзбек ва қирғиз халқлари манфаатларига хизмат қилувчи қатор келишувлар имзоланди.
Чегара мажмуасида Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар кенг жамоатчилик, юртимизда истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб ватандошларимиз ҳамда ёшлар вакиллари иштирокида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари, ҳукумат делегациялари учрашувидан кейиноқ ўтказилган мазкур тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов, Ўш вилояти губернатори Талаайбек Сарибашев, Ўш шаҳри мэри Айтмамат Қадирбоев икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга эканлиги, давлатларимиз раҳбарлари учарашуви нафақат ана шу дўстликни, балки икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий, маданий ва яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида янги саҳифа очганлигини таъкидладилар.
Дўстлик ришталари ҳамда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, ўзаро бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликларга барҳам берилаётгани айниқса, асрлар давомида елкадош яшаётган, тили, дили, дини бир икки халқ аҳолисини беҳад қувонтирди.
- Менинг миллатим қирғиз, Ўзбекистон фуқаросиман, - дейди Хўжаобод туманидаги 10-умумтаълим мактабининг қирғиз тили фани ўқитувчиси Хонойим Арзиева. – Шукрки, олиб борилаётган одилона сиёсат туфайли мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Қирғизистонда яқин қариндошларим жуда кўп. Фақат кейинги йилларда алоқаларимиз узоқлашиб қолган эди. Давлатларимиз раҳбарлари учрашувидан кейин борди-келди учун эшиклар очилаётганлигидан бошимиз кўкка етди.