Андижонда барча ташкилотлар, корхона ва бошқармалар тассарруфидаги муассасаларда вилоят ҳокимининг кубоги учун футбол мусобақалари бўлиб ўтади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов “Соғлом авлод” ўйингоҳини кўздан кечириш вақтида маълум қилди.
– Дастлаб футбол кейинроқ навбати билан волейбол, баскетбол ва бошқа спорт турларини кенг тарғиб қилиш мақсадида вилоят ҳокими кубогини ўтказамиз. Мақсадимиз аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишдир. Вилоятимизнинг ҳар бир фуқаросини спортнинг бирор бир тури билан мунтазам шуғулланишларига эришишимиз керак ёки ҳеч бўлмаганда тонгги бадантарбия билан шуғулланишларини кенг тушунтирмоғимиз лозим ,-дея алоҳида таъкидлади вилоят ҳокими.
Ташриф давомида вилоятнинг “Андижон” футбол клубини Суперлигага қайтиши муносабати билан ўйингоҳни янги мавсумга тайёрлаш, стадион инфратузилмасини янгилаш борасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди. Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигасининг Суперлига клублари стадионларига қўйилган талаблардан келиб чиққан ҳолда «Соғлом авлод» стадионида амалга ошириш режалаштирилган ишлар аста-секинлик билан бажарилмоқда. Майдонга Нидерландиядан чим келтириб экиш ишларини март ойида якунлаш, ёриткичлар даражасини 1200 люксга етказиш, электрон табло ва майдон четидаги реклама шитларини компьютерлаштириш, трибуналардаги 18 мингдан ортиқ ўриндиқни бутунлай янгилаш ва уларни фақат оқ ҳамда кўк рангда бўлишини таъминлаш, 1-секторда CIP ложа ташкил этиш ҳамда оммавий ахборот воситалари учун барча қулайликларга эга бўлган махсус пресс-ложа яратиш вазифаларини якунлаш “Соғлом авлод”ни республикамиздаги энг олди ўйингоҳлар қаторига қўшилишини таъминлайди.