«Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир»
Ш.М. Мирзиёев.
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида Андижон
давлат тиббиёт институтини бакалавр ва магистр битирувчиларига диплом топшириш
маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят раҳбари битирувчиларни диплом олишлари муносабати билан табриклаб, бўлғуси шифокорларни халқ саломатлиги йўлида оғишмай ишлашлари, мамлакатда халқнинг муносиб ҳаёт сифатини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялаш, тиббий хизмат сифатини оширишга ҳалол ва виждонан ёндошишлари ҳамда мустақил ҳаётда ўз ўринларини топишларига тилаклар билдирди.
Ўтган давр мобайнида 30 мингдан зиёд малакали шифокор ва ҳамшираларни халқ хизматига етказиб берган АДТИни жорий йилда 600 нафар талабаси бакалавр ҳамда 53 нафар талабаси магистр даражасини олишга муваффақ бўлди. Бакалавр даражаси институдаги 3 та факультет доирасидаги 7 та йўналишда, магистрлик даражаси эса 27 та мутахассислик йўналишларида таҳсил олган талабаларга берилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жорий йил битирувчилари орасида 1 та Президент стипендияти, 1 та Ибн Сино, 1 та Ислом Каримов стипендияси ҳамда 1 та Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари бор.
Маросимда талабаларга дипломлар тантанали равишда топширилди, битирувчилар ва уларнинг ота-оналарининг тилаклари изҳор этилди, институтда ўқув йили жараёнида ютуқларга эришган, ўзларининг интизоми ва билимга чанқоқлиги билан ажралиб турган талабалар ҳамда уларга таълим беришда ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшган фидоий мураббийларга олийгоҳнинг фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати