Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи чоғида соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари билан ҳам танишди.
Учрашувларда патронаж хизматини ривожлантириш, аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада тиббиёт муассасаларига махсус автомашиналар ажратилиши айтилган эди.
Бугун вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон шаҳридаги 8 та оилавий ва шаҳар-туманлардаги 17 та кўп тармоқли марказий поликлиникаларга “Дамас” русумли энг замонавий амбуланс автомобилларини Президент совғалари сифатида тантанали равишда топширди.
- Давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлигидан қалбимиз қувончга тўлди, - деди Андижон шаҳридаги 3-оилавий поликлиника мудираси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Муҳаррамхон Раҳмонова. – Бу, патронаж ҳамширалари ва шифокорлар ишини енгиллатибгина қолмай, тиббий хизмат сифатини яхшилаш имконини ҳам беради. Мазкур хайрли тадбирнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастури ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилиши барчамизнинг кўнглимизни кўтариб юборди.