Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши «Партия тизимидаги хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва уларда етакчилик сифатларини ривожлантиришнинг долзарб вазифалари» мавзусида ҳудудий ўқув семинари ташкил этди.
Семинарни Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Абдулҳамид Нурматов кириш сўзи билан очди. Партиядош хотин-қизларнинг фаоллиги ишлаб чиқаришни ривожлантириш, давлат ва жамият қурилишида иштироки муҳим аҳамият касб этишига тўхталди.
Ўқув семинарда «Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори ва «Фаол аёллар» қаноти иш фаолиятини самарали ташкил этиш ва такомиллаштириш усуллари», «ЎзХДПнинг дастурий мақсад ва вазифаларини бажаришда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори билан депутатлар ҳамкорлиги» мавзуларида маърузалар тингланди. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, партия ташкилий тизимини мустаҳкамлаш, салоҳиятли кадрлар билан тўлдириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Ютуқлар, камчиликлар муҳокама этилди. Фаолиятни янада яхшилаш юзасидан таклифлар билдирилди.
Тадбирда якка тартибдаги тадбиркорлик, касаначилик, уй меҳнати билан банд бўлган партия сафидаги аёлларнинг амалий ишлари кўргазмалари ташкил этилди. Фаол хотин-қизлар партия сафига қабул қилиниб, ташаккуронмалар топширилди.