Жаҳон иқтисодиёти тараққиётига разм солар эканмиз, бу борада автомобилсозлик соҳасининг ўрни беқиёс эканлигига амин бўламиз. Юқори сифатли технологик маҳсулотларга бўлган эҳтиёж кун сайин ортишига қарамай уни ишлаб чиқарувчи давлатлар сони саноқли.
Қувонарлиси шундаки, Ўзбекистон Республикаси ана шу саноқли давлатлар сирасидан ўрин олган. 1996 йилдан буён самарали фаолият юритиб келаётган «GM O’zbekiston» АЖда ишлаб чиқарилган автомашиналар ўнлаб давлатларда ўз мижозларига эга. Тўғри, давлатимиз раҳбари Андижон вилоятига ташрифи чоғида корхона фаолиятига танқидий баҳо берди. Бу эса, жамоани янгича ишлаш, дунё тажрибасидан фойдаланган ҳолда иқтисодий юксаклик сари чорлашга ундади. Натижада “Ривожланиш консепцияси” ишлаб чиқилди. Унга биноан 2025 йилга қадар автокорхонада кадрлар сиёсатини тубдан ўзгартириш, технологик янгиланишларга асос солиш, янги моделларни жорий этиш каби ўнлаб масалалар юзасидан аниқ режалар ишлаб чиқилди. Жумладан, республикамизнинг бир нечта олийгоҳлари билан тузилган шартномалар асосида келгусида малакали мутахассислар етишиб чиқиши режалаштирилган бўлса, завод ишчи-хизматчиларининг хорижий давлатларда малака ошириши йўлга қўйилди. Раҳбарлар таркибидаги янгиланишлар ва уларнинг ўрни ушбу корхонада узоқ йиллар давомида фаолият юритиб, бой тажрибага эга бўлган ходимлар ҳисобидан тўлдирилганлиги ҳам кадрлар сиёсатидаги дадил қадамлардан бири бўлди.
“Ривожлани консепцияси”нингкорхона фаолиятидаги зарурати илк кунларданоқ ўзининг ижобий самарасини бера бошлаганлиги қувонарли, албатта. Буни аниқ маълумотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Мисол учун, йилнинг 1-чорагида маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами 40 минг донани ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2-чоракда 42 мингтани ташкил этди. 3-чоракда 50 та маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган бўлса 4-чоракда 87 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Завод фаолияти давомида бу қадар юксак кўрсаткич биринчи марта содир этилаётганлигини ҳисобга олсак, “Ривожланиш концепсияси”нинг ишлаб чиқарилиши корхона учун ҳам, давлатимиз иқтисодиёти учун ҳам, энг муҳими, мижозлар талаб-истаклари учун ҳам муҳим аҳамият қозонаётганлигига амин бўламиз. Бу кўрсаткичнингасосий сабаби айнан буюртмачиларнинг эҳтиёжи туфайли юзага келганлиги эса қувонарли, албатта.
Автомашина ишлаб чиқариш жараёни мураккаб босқичларни ўз ичига олади ва бир дона автомобилни тайёрлаш учун 5 мингдан 10 минг донагача бўлган детал ва эҳтиёт қисмлардан фойдаланилади. Уларни етказиб бериш мақсадида 100 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорлик қилибкелинмоқда. Шундай бўлишига қарамай, деталларнинг 30-40 фоизи импорт ҳисобига олиб келинмоқда. Бу эса корхонада маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш, натижада маҳсулот таннархининг арзонлашувини ташкил этишни талаб этмоқда. Кун мавзусига айланган ушбу масала юзасидан корхонада маҳаллий тадбиркорлар билан доимий учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг истиқболли лойиҳалари ўрганилмоқда. Ҳар бир тадбир мобайнида 100 дан ортиқ ишлаб чиқарувчиларнинг 70 га яқин лойиҳалари ўрганишга қабул қилинаётганлиги бу борадаги масалаларнинг ижобий ечими сари интилишлар давом этаётганлигидан далолатдир.
-Мақсадимиз даврий автомашиналарни эмас, балки юқори технологик сифатга эга бўлган мукаммал автомобиллар ишлаб чиқаришдан иборат,-дейди корхонанинг ишлаб чиқариш бўйича бошқарувчи директори Акромжон Тўхтабоев. –Зеро, маҳсулотимизга бўлган талаб кун сайин ортиб борар экан, биз ҳам янгиланишлар устида изланишимиз, харидорларнинг талаб-истакларини инобатга олган ҳолда янги моделларга асос солишимиз керак. Ана шу мақсадда бошланган янги лойиҳалар мижозларга маъқул бўлишидан умидвормиз.
Корхона маҳсулотларини харидорларга тақдиь этишда “Андижон Автотеххизмат” МЧЖнинг ҳам муносиб хизматлари бор. Жамиятда мижозлар билан ишлаш, жаҳон талабларига хос маркетинг хизматининг ташкил этилиши боис савдо кўрсаткичлари кун сайин ортиб бормоқда. Биргина октябрь ойининг дастлабки ўн кунлигида“GM O’zbekiston” АЖда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бўлган талаблар сони 853 тани ташкил этганлигининг ўзиёқбунга мисолдир. Ушбу кўрсаткич жорий йилнинг январь ойида 596 тани, май ойида 480 тани, август ойида эса 307 тани ташкил этганлигини инобатга олсак, корхонадаянги концепсия илк самарасини бера бошлаганига амин бўламиз.
Автомобилсозлик саноатикатта кучлар бирлашуви маҳсулидир. Зеро, республикамизда ушбу соҳа фаолиятини ташкил этишда 30 минг нафардан зиёд ишчи-хизматчилар меҳнат қилмоқда. Катта куч эса катта имкониятни талаб этибгина қолмасдан, юқори натижаларни ҳам кўрсатмоғи даркор. Бу борада дадил одимларни бошлаган корхонанинг эртаси, албатта, порлоқ бўлажак.