Ташаббускорлик ва жавобгарлик ҳар биримиз учун фаолият мезонларидир.
Муҳтарам Президентимиз «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурининг ижроси борасида ҳар бир кишидан ташаббускорлик, жавобгарлик, фидойилик ва шахсий ибрат намунаси талаб этилишини алоҳида таъкидлади.
Ҳалқ депутатлари Андижон шаҳри Кенгашининг ўн тўққизинчи сессиясида юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар эртанги кунга бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлаётганлиги хусусида сўз юритилди.
Сессияда даставвал Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги «Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак» маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифаларнинг ижроси тўғрисидаги масала кўрилди.
Шаҳарда ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш. Парпиевнинг ҳамда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Т. Зокировнинг ҳисоботлари тингланди. Шаҳар ҳокимлиги ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўлимининг, шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раиси М. Аҳмадалиеванинг ахборотларида жисмоний ва маънавий етук ёшларни камол топтириш масалалари атрофлича таҳлил этиб берилди.
Ҳар бир депутат, сиёсий партиялар фаоллари, мутасадди раҳбарлар ислоҳотларнинг жонкуяр иштирокчилари сифатида бугунги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маънавий жараёнда халқ дардига дармон бўлишлари зарурлиги таъкидланди.
Айни кунларда халқ депутатлари шаҳар ва туманлар Кенгашларининг сессияларида бугунги куннинг долзарб муаммолари атрофлича муҳокама этилмоқда.