Бош саҳифа / Янгиликлар / Халқимизнинг розилиги – барча ютуқ ва марраларимизнинг асосий манбаидир
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Халқимизнинг розилиги – барча ютуқ ва марраларимизнинг асосий манбаидир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 28 март куни Навоий вилоятида бўлди. 

Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз раҳнамолигида Навоий вилоятида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Навоий вилояти ҳақида гап кетганда, аввало, унинг меҳнаткаш халқи, ер ости ва ер усти бойликлари, улкан иқтисодий салоҳияти кўз олдимизда намоён бўлади. Мамлакатимизнинг йирик саноат ҳудуди ҳисобланган ушбу вилоятда кончилик, металлургия, кимё, энергетика, қурилиш материаллари, пахта тозалаш, озиқ-овқат саноати изчил ривожланмоқда. 

Ҳозирги кунда вилоятда 17 йирик саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент”, “Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятлари ва “Электркимёзаводи” қўшма корхонаси шулар жумласидандир. “Навоий” эркин иқтисодий зонасидаги 18 корхона томонидан 100 дан ортиқ турдаги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 

2016 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган изчил ишлар самарасида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10 триллион 5 миллиард сўмни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2015 йилга нисбатан 5,9 фоиз, халқ истеъмоли моллари 12, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7,1, қурилиш ишлари 9,3, умумий хизматлар 15,5 фоиз ошди. 

Вилоятда ўтган йили 866 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 611,9 миллиард сўм кредит ажратилди. 2,8 триллион сўм капитал қўйилмалар ўзлаштирилди. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 229 миллиард сўмликдан ортиқ лойиҳалар амалга оширилиб, 9 минг 500 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. 

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида Навоий вилоятини ривожлантириш бўйича улкан режаларни баён этган эди. Президентимиз Навоий вилоятига ташрифи давомида ана шу режалар ижроси билан яқиндан танишди. Мазкур лойиҳаларнинг амалиётга самарали жорий этилишида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар муҳим аҳамият касб этади. 

Президентимиз дастлаб Қизилтепа туманидаги Тошработ маҳалласига ташриф буюриб, вилоятда енгил саноатни ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларни кўздан кечирди. 

Навоий вилоятида пахта толасини чуқур қайта ишлаш ва жаҳон бозори талабларига мос экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Миллий банк кредити ҳисобидан Навоий шаҳрида “Бахт текстиль”, “Бахт Навоий”, Қизилтепа туманида “Тошработ текстиль” ва Навбаҳор туманида “Навбаҳор текстиль” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан замонавий ва энерготежамкор технологик ускуналар асосида сифатли ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. 

Умумий қиймати қарийб 70 миллион долларни ташкил этувчи ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвесторлар ҳам жалб этилмоқда. Корхоналарга Швейцариянинг “Ритер” ва Бельгиянинг “Пиканол” компанияларида ишлаб чиқарилган замонавий дастгоҳлар ўрнатилади. 

Лойиҳа амалиётга татбиқ этилгач, вилоятдаги пахта толаси тўлиқ қайта ишланади, ип-калавадан тайёр мато ишлаб чиқариш 70 фоизга, турли матолардан трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқариш 50 фоизга етади. Йилига 7,6 минг тонна сифатли ип калава ишлаб чиқариш қувватига эга “Бахт текстиль” корхонаси маҳсулотларининг 80 фоизини экспортга йўналтириш мўлжалланмоқда. 

Президентимиз мазкур лойиҳалар билан танишар экан, ҳудудларда етиштирилаётган пахта толасини ўша ернинг ўзида қайта ишлаш фермерлар ва тадбиркорларга кенг қулайликлар яратиб, харажатларнинг қисқариши, аҳолининг даромади ошишига хизмат қилишини таъкидлади. 

Пахта толасидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш, тармоқдаги мутахассислар салоҳиятини кучайтириш, шу билан бирга, коллеж битирувчиларини ишга жалб этиш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди. 

Президентимиз тери хомашёсини тайёрлаш ва қайта ишлаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан ҳам танишди. 

Айни пайтда вилоятда 450 минг бош қорамол ҳамда бир миллион 950 минг қўй-эчки парваришланмоқда. Улардан йилига ўртача 930 минг дона тери олинади. 2017-2019 йилларда Кармана, Қизилтепа тумани ҳамда Навоий шаҳрида тайёр чарм ва пойабзал ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу давр мобайнида хомашё таъминотининг барқарорлигини таъминлаш учун чорва моллари қарийб 2 миллион 600 минг бошга етказилади. 

Давлатимиз раҳбари Кармана туманидаги “Камилла груп” масъулияти чекланган жамиятида Италия технологияси асосида тайёр чарм ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини кўздан кечирди. Ушбу лойиҳа ишга тушгач, йилига 20 миллион квадрат дециметр тайёр чарм ишлаб чиқариш ва 3,2 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш имкони пайдо бўлади. Корхонада 40 иш ўрни яратилади. 

Президентимиз ушбу лойиҳаларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратди. Вилоятда саноат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва уни қайта ишлашни кенгайтириш пировард натижада халқимизнинг турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. 

Шавкат Мирзиёев Қизилтепа туманидаги “Ванғози агро” фермер хўжалиги шийпонида бўлиб, вилоят қишлоқ хўжалигида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар билан танишди. 

Қизилтепа туманида минг бош қорамол ва минг бош эчки боқишга мўлжалланган чорвачилик комплекси ҳамда сутни қайта ишлаш заводи ташкил этилади. Лойиҳа қиймати 18 миллиард сўм бўлган ушбу мажмуа учун 510 гектар ер майдони ажратиш, бу ерда йилига 3 минг 650 тонна сут ва 150 тонна гўшт тайёрлаш кўзда тутилмоқда. Комплекс 2018 йилда тўлиқ ишга туширилади. 

Жорий йилда Халқ банки томонидан Навбаҳор, Қизилтепа, Нурота туманларида қорамол ва наслдор эчки парваришлашга мўлжалланган яна 5 лойиҳа амалга оширилади. Натижада вилоятда сут тайёрлаш йилига 7 минг 700 тонна, гўшт етиштириш 480 тоннага ортади. Қўшимча 173 иш ўрни ташкил этилади. 

Томорқадан самарали фойдаланиш бўйича аҳоли билан суҳбатлар ўтказиш керак, деди давлатимиз раҳбари. Хонадонларда 100 тадан парранда боқишни йўлга қўйиш, иссиқхоналарда лимон, унаби экиб, даромад олишни одамлар онгига сингдириш лозим. Аҳолининг ўз томорқасидан фойдаланиб, даромад топишга иштиёқи кучайса, уларнинг фаровонлиги ортади. Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади. 

Тўдакўл сув омбори ҳавзасида Вьетнам технологияси асосида йилига минг тоннадан зиёд балиқ етиштириш мўлжалланмоқда. Натижада вилоятда балиқ етиштириш кўрсаткичи йилига 8,5 минг тоннага етказилади. 

“Аква Тўдакўл” қўшма корхонаси томонидан балиқ чавоғи етиштирувчи инкубацион цех, 250 тонналик музлаткичли омборхона, минг тонна балиқни қайта ишлаш, 400 тонна балиқ филеси ҳамда 350 тонна ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилиши режалаштирилган. "Ипотека-банк" кредити эвазига янги ҳавзалар қазиш ва уларда сув таъминотини яхшилаш учун хориждан махсус техника ва механизмлар, насослар келтирилади. 

Лойиҳанинг умумий қиймати 18,7 миллиард сўм бўлиб, шундан 13,3 миллиард сўми банк кредитлари, 5,4 миллиард сўми корхона маблағидир. Ушбу лойиҳа халқимиз дастурхонига сифатли балиқ маҳсулотлари етказиб бериш, 90 га яқин иш ўрни яратиш имконини беради. 

Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди. Ушбу ҳавзалардан фойдаланишни тартибга солиш, ноқонуний балиқ овлашга чек қўйиш, бу ерда инкубация цехлари ташкил этиш ҳисобига етиштирилаётган балиқ ҳажмини келгуси уч йилда 20 минг тоннага етказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган. Унга кўра, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Кўл ҳавзасида балиқ етиштириш бўйича мамлакатимизнинг барча вилоятларига 14 ҳудуд ажратиб берилди. 

Президентимиз Жиззах, Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида прокуратура, ички ишлар бошқармаси ходимларидан иборат махсус отрядлар ташкил қилиш ва кўл ҳудудини броконьерлардан тозалаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Етиштирилган маҳсулотни экспорт қилиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди. 

Хатирчи, Нурота ва Қизилтепа туманларида 835 гектар майдонда янги токзорлар ва кўчатхоналар ташкил этилмоқда. 

Бугунги кунда вилоятда 6,5 минг гектар токзор мавжуд бўлиб, уларнинг 65 фоизида кишмиш, 30 фоизида хўраки, қолган қисмида саноатбоп узум етиштирилмоқда. Жорий йилда ушбу туманларда 416 гектар, 2018 йилда 419 гектар токзорлар барпо этиш кўзда тутилган. 

Вилоятда жорий йилда янги интенсив боғ ва иссиқхоналар, музлаткичли омборхоналар ташкил этиш ҳисобига мева-сабзавот етиштириш ва уни қайта ишлаш, чорвачилик йўналишида истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки кредит маблағлари ҳисобига бу борада 101 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш мўлжалланмоқда. Жами 1 минг 300 га яқин киши иш билан таъминланади. 

Давлатимиз раҳбари ҳудудда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва уни қайта ишлашни кенгайтириш пировардида халқимизнинг турмуш даражасини янада оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. 

Навоий вилояти қоракўл тери етиштириш бўйича мамлакатимизда етакчи ўринни эгаллайди. Вилоятда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мулк шаклини ўзгартириш ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш борасидаги ишлар мазкур соҳада янги имкониятлар яратмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги “Чорвачиликда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Қарорга мувофиқ вилоятдаги 23 қоракўлчилик ширкат хўжалиги фермер хўжалигига, наслчиликка ихтисослашган иқтисодий барқарор 8 ширкат хўжалиги масъулияти чекланган жамиятларга айлантирилади. Натижада 23 ширкат балансида бўлган чорва моллари, қўра-қўтонлар, сув иншоотлари ва бошқа мол-мулклар кимошди савдолари орқали сотилиб, 900 дан ортиқ фермер хўжалиги ташкил этилади. Уларга чорва молларини боқиш учун 2,7 миллион гектар яйловлар берилади. 

Мол-мулкларни сотишдан тушган маблағлар кредит қарзларни қоплашга йўналтирилади. Қолган маблағ хўжалик аъзоларининг пай улушлари бўйича тенг тақсимланади. Қоракўлчилик ширкат хўжаликларида мулк шакли ва унга бўлган муносабат тубдан ўзгариб, соҳада 2 минг 250 иш ўрни яратилади. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг коракўл терилари довруғи бутун дунёда машҳур экани, янги мулк шаклига ўтиш тармоқда самарадорликни оширишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Ширкат хўжаликларида тери етиштиришнинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш, наслчилик-селекция ишларини илмий асосда ташкил этиш, чорва моллари туёқ сонини, қоракўл тери ва жунни қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тавсиялар берди. 

“Ванғози агро” фермер хўжалигининг шийпонида Маликобод маҳалласи онахонлари сумалак тайёрлади. Давлатимиз раҳбари улар билан ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар одамлар ҳаётида қандай акс этаётгани, хотин-қизлар турмушини фаровон қилиш, фарзандлар таълим-тарбияси тўғрисида самимий суҳбат қурди. 

Маликобод маҳалласида яшовчи Жумагул Файзуллаева барча ислоҳотлардан аввало одамлар манфаат кўраётгани, мамлакатимиздаги ўзгаришлар халқимизнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаётганини фахр билан таъкидлади. 

Одамларнинг қувончи, эртасига ишончи кўп жиҳатдан оиласидаги ҳаёт тарзи, турмуш даражасига боғлиқ, деди Президентимиз. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган қараш билан яшаш вақти аллақачон ўтди. Уйида даромад топган, фарзандларини ҳам шу руҳда ўстирган оила фаровонлигига замин яратади. Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлардан асосий мақсад одамларга елкадош бўлиш, фарзандларининг бахти-камолини кўриши учун барча имкониятларни яратишдир. 

Президентимиз Кармана туманидаги Мустақиллик массивида барпо этилаётган қулай, арзон ва замонавий уй-жойлар, профилактика инспекторлари учун яшаш жойи, давлат идоралари раҳбарлари учун қурилган хизмат уйлари билан танишди. 

Қишлоқ жойларда қурилаётган намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий массивлар юртимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Жорий йилда Навоий вилоятида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 1 минг 185 уй-жой қурилиши режалаштирилган. 

Кармана тумани “Талқоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида янгиланган лойиҳалар асосида 32 хонадонга мўлжалланган икки қаватли ва 46 оила учун 2 сотихли уйлар барпо этилди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори асосида қурилаётган уйлар аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. 

Президентимизнинг 2016 йил 22 декабрдаги “Маҳаллий ҳокимликлар ва давлат органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари учун хизмат уй-жойларини қуриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Навоий вилоятида 2017-2018 йилларда 105 хизмат уйи қурилиши белгиланган бўлиб, жорий йилда 60 уй-жой учун пудратчилар танланиб, қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. 

Кармана тумани раҳбарлари учун Мустақиллик массивида 9 хизмат уйидан 4 тасида қурилиш тугалланиб, коммуникация тармоқларига уланди. Қолган 5 уй мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилади. 

Президентимиз янгиланган намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар билан давлат идоралари раҳбарлари учун хизмат уйлари ёнма-ён қурилаётгани халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. 

2017 йилда профилактика инспекторлари учун 2 сотих бўлган ер участкаларида 3 хонали 94 уй-жой қурилиши режалаштирилган бўлиб, уларни қуриш учун 12,2 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бугунги кунда намуна сифатида Кармана туманининг Мустақиллик массивида битта уй қуриб битказилди. 

Шавкат Мирзиёев Нурота туманидаги Чашма зиёратгоҳи ёнидаги музей биноси, “Ҳунармандчилик маркази” мажмуаси, 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона лойиҳалари билан ҳам танишди. 

Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳаларни вақтида сифатли амалга ошириш, Чашма зиёратгоҳи майдонини кенгайтириш ва ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди. 

Энергетика тизимининг барқарор фаолият кўрсатиши ҳудудлар инфратузилмасини тубдан яхшилаш, янги иқтисодиёт тармоқларини ташкил этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ва ижтимоий соҳаларнинг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. 

Навоий иссиқлик электр станцияси Қизилқум ер ости бойликларини ўзлаштириш, тоғ-кон саноати ва ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этишда муҳим ўрин тутди. Атиги 25 минг киловатт қувватли станция билан иш бошлаган корхона бугун батамом янги тизимга ўтмоқда. Корхонада иккинчи босқичда 450 мегаватт қувватли замонавий буғ-газ қурилмаси лойиҳаси амалга оширилаётир. Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятлари каби йирик корхоналар, иқтисодиётимизда салмоғи тобора ошиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолияти айнан шу станцияда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларига бевосита боғлиқ. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ана шу лойиҳа тақдимотида иштирок этди. 

Иккинчи буғ-газ қурилмаси Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот” акциядорлик жамияти ва ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги истеъмолчиларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш имконини беради. Лойиҳани амалга ошириш натижасида 1 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун шартли ёқилғининг сарфи камайиши ҳисобидан йилига ўртача 330 миллион куб метр табиий газ тежалади. 

Вилоятда амалга оширилаётган йирик иқтисодий лойиҳалар кўламини кенгайтиришда электр энергияси узлуксизлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади, деди давлатимиз раҳбари. 

Япониянинг “Mitsubishi Corporation and MHPS” консорциуми ва Навоий иссиқлик электр станцияси ўртасида 2016 йил октябрь ойида мазкур лойиҳани амалга оширишга доир шартнома имзоланган эди. Ҳозирги кунда “Mitsubishi Corporation and MHPS” консорциуми қурилиш майдонида мобилизация ва ер ишларини олиб бормоқда. 

Илгари инвесторларга ўзимиз таклиф билан чиққан бўлсак, бугун улар ўзлари юртимизга келиб, мамлакатимиздаги инвестицион муҳит барқарорлигини кўриб ҳамкорлик қилиш истагини билдирмоқда, деди Президентимиз. 

Давлатимиз раҳбари Навоий ИЭС иккинчи буғ-газ қурилмаси қурилиши бошланиши муносабати билан капсула қўйди. 

Шавкат Мирзиёев Навоий давлат кончилик институтига ташриф буюрди. Бу ерда Ауминзо-Амантой олтин конлари негизида Навоий кон-металлургия комбинатининг 5-гидрометаллургия заводи қурилишининг бошланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. 

Мамлакатимизнинг барча саноат тармоқларида бўлгани каби Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам модернизация ишлари олиб борилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан 2017-2026 йилларда комбинатда 27 лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. 5-гидрометаллургия заводи уларнинг энг муҳимларидан биридир. Умумий қиймати 396 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳа йилига 5 миллион тонна рудани қайта ишлаш, 5 минг 300 га яқин иш ўрни яратиш имконини беради. 

Президентимиз янги гидрометаллургия заводи улкан иқтисодий-ижтимоий аҳамият касб этишини, бу кун мамлакатимиз солномасига зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган тарихий саналардан бўлиб қолишини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбари Ауминзо-Амантой олтин конларида ўзлаштиришни бошлаш учун рамзий тугмани босди. Тадбирни видеоконференция орқали Томди туманида, 5-гидрометаллургия заводи бунёд этиладиган ҳудудда кузатиб турган комбинат мутахассислари конни портлатди. 

Шавкат Мирзиёев янги завод билан комбинат жамоасини, бутун вилоят аҳлини табриклади, ишчилар, муҳандислар ва барча мутахассисларга миннатдорлик билдирди. 

Меҳнат фахрийси Баҳодир Бўронов, Навоий давлат кончилик институти талабаси Гулчирой Жўрақулова ва бошқалар шундай йирик саноат корхонасининг ташаббускори бўлгани ҳамда унинг қурилишини бошлаб бергани учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. 

Давлатимиз раҳбари шу ерда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Навоий бўлимини ташкил этиш борасидаги лойиҳалар билан танишди. 

Президентимизнинг 2017 йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида фаолият бошлайдиган академиянинг минтақавий бўлими Навоий ҳудудини технологик ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган фундаментал, амалий ва инновация илмий-тадқиқотларини олиб боришга ихтисослашган бўлиб, унинг таркибида 5 илмий лаборатория иш олиб боради. 

Жорий йилнинг III чорагида иш бошлайдиган илмий марказ фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантиришга, Навоий давлат кончилик институтида юқори малакали кадрлар тайёрлашга улкан ҳисса қўшади. 

Саноат ривожи учун илм, инновация сув ва ҳаводек зарур, деди Президентимиз. Бу ерда Фанлар академиясининг бўлимини ташкил этишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Бундан мақсад илмга асосланиб маҳсулотларнинг таннархини камайтириш ва рақобатбардошлигини оширишдир. Шу боис тадқиқотларни замон талаблари асосида ташкил этиш, лаборатория ишларини такомиллаштириш зарур. Барча изланишлар истиқболга йўналтирилган бўлиши лозим. 

Шавкат Мирзиёев яқин йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида амалга ошириладиган лойиҳаларни ҳам кўздан кечирди. 

2017-2026 йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида 27 лойиҳа амалга оширилади. Қиймати 3 миллиард 63 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳалар натижасида комбинатнинг ишлаб чиқариш қуввати 30 фоизга ортади. 31 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. 

Пистали конини ўзлаштириш ва 6-гидрометаллургия заводини қуриш, 2-гидрометаллургия заводи қувватини кенгайтириш, Мурунтов конини ўзлаштиришнинг 5-навбати, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши ва бошқа лойиҳалар ҳам намойиш этилди. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Навоий вилоятидаги Халқ қабулхонасида ҳам бўлди. 

Кармана тумани ҳокимлигида вилоят фаоллари йиғилиши ўтказилди. Унда вилоят иқтисодиётини янги босқичга кўтариш, инфратузилмани ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

манбаа: uza.uz

Киритилган вақти: 30/03/2017 10:26 Кўрилганлиги: 4364
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 73
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг