"Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остидаги "Ёш оилалар ва қизлар" 1-Республика форуми вилоятимизда кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда.
7-11 август кунлари ёш оилалар вакилалари, 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ижтимоий ташаббускор ҳамда уюшмаган қизлар вилоят хотин-қизлар қўмитаси, сиёсий партиялар ташкилотчилигида фаол аёллар билан очиқ мулоқотда бўладилар.
Форум ҳафталиги давомида матбуот анжумани, "Мен ҳам етакчи бўламан", "Таълим ва фан", "Ким нимага қодир?", "Соғлом турмуш тарзи" каби учрашувлар, илмий-амалий конференция, маҳорат дарслари ҳамда акциялар ўтказилади.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз борди.
– Сиёсий жараёнда фаол аёлларга ҳавас қиламан, – дейди "Мен ҳам етакчи бўламан" мулоқоти иштирокчиси, Андижон политехника коллежи талабаси Муқаддам Қодирова. – Учрашув давомида қизиқтирган саволларга жавоблар олдим. Ҳуқуқий маданиятнинг юқорилиги бу борада дастлабки одим эканлигини тушундим. Албатта, олган кўникмаларимни Бўстон қишлоғимга бориб, тенгдошларим билан ўртоқлашаман.
Кун тартибидаги мавзу юзасидан Андижон Давлат университети ҳуқуқшуноси Мўътабархон Содиқова билан суҳбатлашдик.
– Мазкур форумнинг юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқарашга эга илғор қизларни қўллаб-қувватлашдаги ўрни катта, – дейди у. – Айниқса, уюшмаган ёшларни ижтимоий ҳаётга жалб этиш, бандлигини таъминлаш масаласи куннинг долзарб вазифаларидандир.
Форум доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.