Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг навбатдаги халқ билан мулоқоти Избоскан туманининг Дўстлик маҳалласида ташкил этилди.
Унда фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун секторлар ҳамда тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, Халқ қабулхонаси вакиллари жалб этилди. Қабул давомида аҳоли ўзларини қийнаб келаётган муаммоларини билдирдилар, жумладан тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш, коммунал соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш сингари масалалар юзасидан мурожаатлар тушди.
Вилоят ҳокими ҳар бир мурожаатни диққат билан эшитиб, ўртага ташланган масалаларни ўз ўрнида, қўшимча ўрганиш талаб этадиган муаммоларни қисқа фурсатда ҳал этиш чораларини кўрди. Хусусан, ҳудуддаги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи бўйича дарҳол шуғулланиш бошланди ҳамда шу вақтни ўзидаёқ “Сувоқова” давлат унитар корхонаси мутасахассислари томонидан обиҳаёт келтириш ишлари бошланди. Мурожаатчилар талабига кўра, “Ўзтрансгаз” АЖнинг Андижон вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали хонадонларга 200 та суюлтирилган газ баллонлари ҳам тарқатди. Шунингдек, аҳолининг мактабгача таълим муассасаси, футбол майдончаси қуриш, қишлоқ врачлик пунктини таъмирлаш ҳамда ушбу ҳудудда дорихона ташкил этиш борасидаги таклифлари инобатга олинди. Натижада маҳаллада қисқа муддатда маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда мактабгача таълим муассасаси вилоят бошқармаси тавсиялари асосида 50 ўринли уй-боғча аҳоли эҳтиёжи учун ташкил этиладиган бўлди.
Ушбу кенгайтирилган қабулда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташкил этган тиббий кўрик ҳам аҳолига манзур бўлди ва ташриф буюрганлар ўз саломатликларини яна бир бор назоратдан ўтказдилар.
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати