(Кунчиқардаги шаҳардан репортажлар)
Сўзимизнинг аввали
Андижон вилояти Хонобод шаҳрининг мафтункор табиати, мусаффо ҳавоси, дунёнинг турли минтақаларидан келтирилиб, маҳаллий иқлим шароитида мустаҳкам илдиз отган ноёб дов-дарахтлари, гулу чечаклари таърифи етти иқлимга ёйилган десак, муболаға бўлмас. Бу сўзларни дил-дилдан ҳис этмоқ учун шаҳар марказидан унинг энг юқори қисмига элтувчи осма йўлда бир бор сайр қилсангиз, Хонободнинг шундоққина биқинида жойлашган – салқин шабадада чайқалаётган Андижон сув омборининг майин эпкинидан баҳраманд бўлсангиз кифоя: яна бу гўзал макон сари ошиқишингиз шубҳасиз.
Ёши 45 ни ортда қолдирган шаҳарнинг ташкил топиши унинг биринчи ҳокими, жонкуяр меъморию боғбони Солижон Меҳмоновнинг номи билан чамбарчас боғлиқ. У Хонободдаги заводда 20 йил директорлик қилди. 1972 йилдан то 1993 йилгача яъни яна 20 йилдан зиёд шаҳар ижроқўмининг раиси, бугунги тил билан айтганда, ҳокими бўлди.
Таниқли шоира, маърифат тарғиботчиси Турсуной Содиқованинг бу ёрқин шахс сиймосига бағишланган китобида шундай битиклар бор: “Бутун ҳаёти давомида Ватан ишқи, юрт ишқи, она тупроғининг бағрида унаётган гулу гиёҳ ишқида ёниб яшаган инсон — Ҳақ азиз этган инсондир. Гўзал Хонобод оғушида бўй чўзаётган ҳар бир навниҳолга фарзанди каби меҳр бериб, ҳовучида сув тутган, боғ-шаҳарнинг умрига умрини тикиб, осмонида юлдуз бўлиб порлаган ана шундай бир фидойи инсон — Андижоннинг Солижони эди. Лафзи ҳалол, талабчан раҳбар, вужудининг ҳар бир ҳужайрасида масъулият жўш урган, Ватанини тишида тишлаб тилим деб, кипригининг қатларида кўзим деб асраган, Ватан, миллат мулкини — орият қадар азиз билган Солижон ака Хонобод фахрига айланди”.
Чиндан-да, таъриф берилганича бор. Қай бир хонободлик билан суҳбатлашманг, албатта, биринчи раҳбарнинг номи тилга олинади. Унинг ташаббускорлиги ва саъй-ҳаракатлари билан ажиб ҳусну тароват касб этган юрт ҳақида ғурурланиб, тўлқинланиб сўзлашади.
Дарахт ёнғоқлари, қўзиқорин, замбуруғлар, ўт-ўланлар, зараркунанда ҳашаротлар билан озиқланувчи момиқ жониворлар қўлга жуда тез ўрганишди. Уларни экология санитари деб бежиз айтишмаган. Зумда ҳаракатланиши туфайли арча, сосна шохлари орасида атмосфера айланишини таъминлаб, ўсимликларнинг турли касалликларга чалинишининг олдини олаётир.