12 июль, жума куни Андижон шаҳридаги 31-умумтаълим мактабида электр энергия ва табиий газ нарҳининг ўзгаришининг сабабларини аҳолига тушунтириш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ фаолиятига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди. Бу ҳақда auz.uz мухбирлари хабар бермоқда.
Жорий йилнинг 8 июль куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда электр энергия ва табиий газ нархининг ўзгаришини кенг жамоатчилик билан биргаликда ҳар бир маҳаллага борган ҳолда аҳолига тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича шаҳарлар ва туманларнинг 4 та секторлари раҳбарлари бошчилигида ишчи гуруҳ ташкил этилган эди.
Топшириққа асосан, ушбу ишчи гуруҳлар ҳар бир хонадонга кириб, аҳоли билан учрашиб, электр энергия ва табиий газ миллий бойлигимиз, уни асраб авайлашимиз, ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун қанча маблағ сарфланиши, аҳолига сотиши ҳамда бугунги қўшни давлатларда уларнинг нархлари қанчалигини асосанлантирилган таҳлиллар билан тушунтириб бердилар.
Маълумот учун табиий газ бўйича:
Бугунги кунда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларига асосан Муборак ва Шўртан газ конлари орқали 2-3 минг км узунликдаги магистрал газ қувурлари 17 та компрессор станциялари орқали ҳар бир 1 куб.м табиий газни қазиб олиш харажатлари 845 сўмга тўғри келади.
Ҳозирда аҳолига 1 куб.м табиий газ истеъмоли учун 320 сўмдан пул ундирилмоқда, яъни ҳар 1 куб. метрдан 525 сўм давлатга кам пул тўланмоқда.
Таққослаш учун ҳозирги кунда қўшни давлатларда 1 куб.м табиий газ тарифлари Россия Федарациясида 6,3 рубль ёки 854 сўм, Қирғизистон Республикасида 14,4 сом ёки 1 минг 775 сўм, Қозоғистон Республикасида 31,2 танге ёки 693 сўм, Тожикистон Республикасида 1,3 сомони ёки 1 минг 210 сўм бўлиб, Европа давлатларида 42,4 рубль ёки 5 минг 704 сўмни ташкил этади.
Электр энергияси бўйича:
Бугунги кунда, республикамиздаги электр энергияси ишлаб чиқарувчи станцияларда 1 киловатт соат электр энергиясининг таннархи 202 сўмни ташкил этиб, вилоятимизда сотилётган электр энергиясининг ҳозирги кундаги тарифи аҳоли учун 250 сўмни ташкил қилади.
Шундан, тўланадиган қўшилган қиймат солиғи 50 сўмни ташкил қилиб, ҳар бир аҳолига етказиб берилаётган 1 киловатт соат электр энергиясидан 2 сўмдан зарар кўрмоқда.
Бугунги кунда электр энергиясини истеъмолчиларга етказиб бериш нархи, яъни 1 киловатт соат электр энергия нархи Ўзбекистонда 2,9 цент (250 сўм)ни ташкил этса, Германияда 33 цент (2 минг 838 сўм)ни, Японияда 22 цент (1 минг 892 сўм)ни, Латвияда 20 цент (1 минг 720 сўм)ни ва Туркияда 21 цент (1 минг 806 сўм)ни ташкил этмоқда.