Бугун, 26 февраль куни соат 10:26да вилоят марказидаги Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳудудидаги “Иссиқлик манбаи” АЖга қарашли иситиш қозонининг портлаши юз берди.
Фавқулодда ҳолат оқибатида поликлиникада тиббий кўрикдан ўтаётган шаҳардаги 4-умумтаълим мактабининг 18 нафар 9-г-синф ўқувчилари турли даражада енгил жароҳат олиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали травматология қабулхонасига олиб келинган.
Улар зудлик билан зарур текширувлардан ўтказилиб, шифокорлар томонидан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилди. 18 нафар бемор кузатув остида бўлиб турибди. Олиб келинганлардан 4 нафари ҳолати текширилиб, нейрореанимация бўлимига ётқизилди, жумладан, 2 нафар беморда зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 10 нафар қўшимча мурожаат қилганларга амбулатор-психологик ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилди.
Жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш, зарур дори-дармонларни етказиб бериш бўйича барча чоралар кўрилган.
Вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинган.Мазкур ҳолат юзасидан, содир бўлган вазиятнинг келиб чиқиш сабаблари, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича вилоят ҳокимлиги, Андижон шаҳар ҳокимияти, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими бошқармалари раҳбарлари ҳамда «Ўзтрансгаз» мутахассислари таркибидан иборат комиссия тузилган