Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси органлари томонидан назорат тадбирлари жараёнида жойларда айрим нопок фуқаролар томонидан электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви тармоқларига қонунга хилоф равишда ўзбошимчалик билан уланиб ёки бошқа усуллар орқали давлат мулкини талон‑торож қилаётганликлари ҳолатлари аниқланмоқда.
Бюронинг Андижон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тадбирда Чинобод кўчасида жойлашган масъулияти чекланган жамиятига қарашли электр ҳисоблагич назорат тартибида ўрганилди. Текшириш давомида, ушбу асбобнинг ички хотирасига ташқи таъсир ўтказилганлиги аниқланган. Шу сабабли, электр ҳисоблагич далолатнома билан жойидан чиқарилиб, экспертизага тақдим этилди.
Маълум бўлишича, тадбиркор С.С. ўзи таъсисчи бўлган муассаса тасарруфидаги СЕ-303 русумли ҳисоблагичнинг рақамларини ўзгартириб, “ноль” ҳолатига келтирган. Ушбу ҳаракати билан у истеъмол қилинган электр миқдорини яшириш орқали, тўловдан бўйин товлаган. Бироқ, текширишлар давомида унинг 100 миллион 299 минг 124 сўмлик электр энергиясидан фойдаланганлиги ва ғайриқонуний иши туфайли, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси манфаатларига юқорида кўрсатилган миқдорда зиён етказилишига сабабчи бўлганлиги аниқланди.
Корхона раҳбари С.С.нинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1852-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлсада, давлат манфаатларига етказилган зарарни ихтиёрий бартараф этганлигини инобатга олиб, мазкур модданинг 6-қисмини қўллаб, С.С.Зияевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 8-бандига асосан жиноят ишини қўзғатиш рад этилди.
Тадбиркордан давлат манфаатларига келтирилган зарар тўлалигича ундирилиши билан бирга энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида қайта улаш учун тўлов пуллари ҳам ундирилди.