“Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни” муносабати билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича Андижон шаҳар Идоралараро комиссияси томонидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини оширишга бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Унга ҳуқуқ-тартибот идоралари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раис ва маслаҳатчилари, умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежларининг директорлари, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари таклиф этилдилар.
Дастлаб, комиссиянинг ишчи органи масъул тузилмаси раҳбари А.Усмонов одам савдосига қарши курашиш ҳамда узоқ муддатга чиқиб кетган ва қайтиб келган фуқаролар билан олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Шундан сўнг сўзга чиққанлар аҳоли бандлигини таъминлаш, одам савдосидан жабрланганларга ижтимоий, тиббий ва руҳий кўмак бериш, бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.
Амалий семинар якунида қилинган маърузалар ҳамда қатнашчилар томонидан берилган савол ва таклифлар асосида олдинда турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.