Андижон шаҳридаги “Соғлом авлод” ўйингоҳида биринчи табақа жамоалари ўртасида Ўзбекистон биринчилиги ҳамда бир қатор халқаро ўртоқлик учрашувларини ўтказиш режалаштирилган. Шу муносабат билан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов футболга масъул мутасаддилар билан учрашиб, ўйингоҳни халқаро мусобақага тайёрлаш масаласида суҳбатлашди.
-23 март куни Ўзбекистон Кения ва олимпия терма жамоаларининг ўртоқлик учрашуви Андижонда ўтказилади, - дейди вилоят футбол федерациясининг вице президенти Бекзод Каримов. - Ўйинни юқори савияда ташкиллаштириш мақсадида кенг кўламли таъмирлаш ишларига киришилди.
Йиғилишда вилоят раҳбари ўйингоҳ атрофини ободонлаштириш, кириш йўлакларини тартибга келтириш, яроқсиз ўриндиқларни алмаштириш, ҳакамлар, футболчилар ва матбуот ходимларинининг хоналарини таъмирлаш ва замонавий овоз кучайтиргичлар ўрнатиш юзасидан топшириқлар берди.